Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил армияси ҳаводан ва ердан ҳужумлар орқали Ғазо секторининг шимолий қисмида ўнлаб биноларни кучли портловчи моддалар билан портлатди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портловчи моддалар «Ал-Ауда» ва «Камол Адван» касалхоналари яқинидаги биноларга жойлаштирилган. Қўшимча портловчилар роботлар ёрдамида ташилган.

Channel 13 телеканали хабар беришича, Ғазо секторининг шимолидаги портлашлар овози ҳатто Тел-Авив ва унинг атрофида ҳам эшитилган.

Исроил зулми ва қамали туфайли очарчилик ва қаҳатчилик исканжасида қолган Ғазода совуқ ҳам болаларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда.

Қиш фаслида Ғазо секторида тунги ҳарорат нол даражадан пастга тушмоқда. Овқат, сув ва иссиқликсиз қолган аҳоли совуқдан қутулиш йўлларини изламоқда. Бироқ ҳамма ҳам бунинг уддасидан чиқаётгани йўқ.

Доктор Аҳмад ал-Фарранинг хабар беришича, Хон Юнусдаги Носир клиникасига сўнгги 48 соат ичида совуқ сабаб уч чақалоқнинг ҳалок бўлгани ҳақида маълумот келиб тушган.

Исроилнинг доимий ҳужумлари туфайли уйларини тарк этган минглаб аҳоли вақтинчалик чодирларда яшамоқда. «Инсонпарварлик зонаси» деб эълон қилинган Ал-Мавасий ҳам бир неча бор ҳужумларга дуч келган.

Сектордаги тиббиёт тизими деярли вайрон бўлган: неонатал бўлимларнинг фақат 20 фоизи амал-тақал қилиб ишлаб турибди. Уларнинг аксариятига етиб бориш амалда мумкин эмас, чунки асосий йўллар ва тез ёрдам машиналари Исроил артиллерияси остида қолмоқда.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бошланган Исроил ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 45 минг 436 кишига, яраланганлар эса 108 минг 38 кишига етди.

Сўнгги бир суткада Исроил армиясининг «учта оммавий қатлиом» амалга ошириши натижасида 37 киши ҳалок бўлган ва 98 киши яраланган.

Исроил Сувайшга рақобатчи канал қурмоқчи

Исроил жаҳон денгиз ташувларининг 12 фоизини назорат қилиш мақсадида Бен-Гурион каналини қуришни режалаштирмоқда. Канал Ҳиндистон-Яқин Шарқ-Европа иқтисодий коридори (IMEC)нинг бир қисми бўлиб, Сувайш каналига муқобил сифатида яратилади.