АҚШ тарихидаги энг йирик теракт — 11 сентябр воқеаларини акс эттирган суратлар
Роппа-роса 23 йил аввал, 2001 йил 11 сентябр куни Усома бин Лодин бошчилигидаги “Ал-Қоида” гуруҳи террорчилари тўртта йўловчи самолётини эгаллаб олганди. Улар учоқлардан бомба сифатида фойдаланиб, Ню-Йорк ва Вашингтонга ҳужум қилди. Мисли кўрилмаган кенг кўламли ҳужумлар оқибатида қарийб уч минг киши ҳалок бўлди.
Ўша мудҳиш кунда асосий зарба Жаҳон савдо марказининг эгизак минораларига берилди. Воқеаларнинг реал вақтдаги тасвири бутун дунё бўйлаб жонли эфирда намойиш этилди. Қуйида улардан баъзиларини ҳавола этамиз.
Жаҳон савдо марказининг ўт ичида қолган Шимолий минорасидаги одамлар ёрдамга чақирмоқда. Миноранинг юқори қаватларида жами 1366 киши ҳалок бўлган: кўпчилик самолёт минора билан тўқнашган пайтда, қолганлари ёнғин ва бино босиб қолиши оқибатида.
Эгизак минораларнинг юқори қаватларида қамалиб қолган камида 200 киши оловда жизғанак бўлишдан кўра, пастга сакраб ўлишни афзал кўрган.
Жанубий миноранинг юқори қаватларида камида 600 киши ҳалок бўлди. Бинонинг ўзи 56 дақиқа давом этган ёнғиндан кейин қулаб тушди. Шимолий минора эса 30 дақиқадан сўнг йиқилди. Уларнинг қулашини минглаб гувоҳлар кузатди.
Яқин атрофдаги одамлар миноралар остида қолмаслик учун қочишга уринмоқда.
Сониялар ичида ёнғиннинг қуюқ тутуни ва кули кўчаларни қоплаб олди.
Жанубий минора қулашидан тирик қолганлардан бири Марси Бордерс офис биносида паноҳ топди.
Террорчилар томонидан қўлга олинган самолётлардан бири Пентагон биносига йўналтирилганди, оқибатда у портлаш ва ёнғиндан шикастланди, бинонинг бир қисми қулаб тушди. Бино ичида бўлган 125 киши, American Airlines 77 рейси бортидаги 59 йўловчи ҳамда экипаж аъзолари ҳалок бўлди.
Қутқарувчилар омон қолганларни 23 сентябргача излади. 1600 дан ортиқ жасад аниқланди, қолган тахминан 1100 кишининг мурдаси таниб бўлмас даражада эди. Ню-Йорк шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ҳалокат жойига 200 нафар қутқарувчини юборди, яна кўплаб ўт ўчирувчилар ўз ихтиёри билан воқеа жойига етиб келишди. Вайроналардаги ёнғин ва туташ 99 кун давом этиб, шундан кейингина олов бутунлай ўчирилди. Ҳудудни тозалаш ишлари 2002 йилнинг мартига келиб якунланди.
Теракт оқибатида 341 нафар ўт ўчирувчи, Ню-Йорк ўт ўчириш хизматининг икки нафар парамедиги, 60 нафар полициячи ва саккиз нафар тез тиббий ёрдам ходими ҳалок бўлди. Ҳужумлардан кейинги бир неча кун мобайнида кўплаб хотира тадбирлари ва мотам маросимлари ўтказилди. Улар орасида 2001 йил 28 октябрдаги хотира маросими ҳам бор.
Ўша пайтдаги АҚШ президенти Жорж Буш Усома бин Лодинни Ню-Йорк ва Вашингтонга қилинган ҳужумларда асосий гумонланувчи деб атади. Ҳужумдан бир неча кун ўтиб, 2001 йил 16 сентябр куни Al Jazeera телеканали эфирида бин Лодин терактларга алоқадор эмаслигини айтди.
Бироқ 2001 йил 27 декабрда бин Лодин яна бир видеоёзувни эълон қилди, унда у террорчилик ҳужумларига жавобгар эканини тан олган. АҚШда 2004 йилги президентлик сайловларидан сал олдин Усома бин Лодин “Ал-Қоида”нинг ушбу террорчилик ҳужумларини ташкил этишдаги иштирокини ошкора тасдиқлади.
2002 йилдан бошлаб АҚШ Конгресси қарорига кўра, 11 сентябр Ватанпарварлар куни сифатида нишонлаб келинади. 2009 йилдан бери бу сана Умумхалқ хизмат ва хотира куни деб ҳам аталади. Ҳар йили 11 сентябрда Ню-Йорк осмонида эгизак минораларни рамзий ифодаловчи “хотира нурлари” акс эттирилади.
Мавзуга оид
16:50 / 10.10.2024
АҚШда ўсмир “Тетрис” ўйинида янги рекорд ўрнатди. У 255-даражагача етиб борди, шундан сўнг ўйин янгидан бошланди
11:28 / 10.10.2024
Флоридага “Милтон” тўфони етиб келди – сўнгги тафсилотлар
20:43 / 09.10.2024
Қозоғистон ўз фуқароларини АҚШ Флорида ва Жоржия штатларини тарк этишга чақирди
18:30 / 09.10.2024