Ҳаммага маълумки, олий таълим мажбурий эмас, унга эришаман деганлар – вояга етган ёшлар. Улар онгли равишда ўқув даргоҳини танлайди. Яъни улар учун танлов имкониятини яратиш муҳим. Мамлакатимизда охирги йилларда бу йўналишда ёшлар учун танлов анча ортди, имкониятлар кенгайди.

Очиқ маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳозир 210 та ОТМ фаолият кўрсатмоқда. Шундан 115 таси давлат, 66 таси нодавлат ва 29 та хорижий ОТМ экан. Давлат ОТМлари учун қабул квоталари оширилгани, ҳатто нодавлат, хорижий ОТМларга ҳам давлат гранти ажратилаётгани жуда яхши бўлди. Ёшларимизнинг чет эл мамлакатларидаги университетларга ўқиш учун бориши ҳам кўпайди, бу ҳам яхши тенденция, албатта.

Нодавлат ОТМларимизнинг давлат ОТМларига босими (рақобат маъносида) сезилиш арафасида. Лекин бу жараёнга яна давлатнинг ўринсиз аралашуви халақит қилиши мумкин. Лицензиялаш тартибининг ўзгариши, ҳаммага тенг шароитлар эмас, яна қандайдир тушунарсиз тўсиқлар пайдо қилиниши, “маънавий ишларни” ташкиллаш каби ўринсиз аралашувларнинг пайдо бўлиши тизимга фақат негатив таъсир кўрсатади. Давлат университетлари ичидаги вазирлик тизими орқали марказлашган аралашув ҳақида алоҳида тўхталиш керак, лекин бунга бир мақола доирасида эришиб бўлмайди.

Ҳозир эса давлат ОТМларининг ўз ташаббуси билан юзага келаётган муаммолар ҳақида гаплашамиз. Аниқроғи, бу муаммоларнинг илдизи бўлган академик эркинлик (ОТМ профессор-ўқитувчиларнинг эркинлиги)ни чеклашнинг оқибатлари ҳақида фикрлашамиз.

Хабарингиз бор, кўплаб давлат ОТМларига академик ва молиявий эркинлик берилди. Бу ҳам ҳукумат томонидан қўйилган оқилона қадамдир. Бу имкониятдан айрим давлат ОТМлари самарали фойдаланяпти. Масалан, Урганч давлат университетида амалга оширилаётган ишлар мақтовга лойиқ (ҳар ҳолда мендаги маълумотларга кўра). Ўзим таниган, билган мутахассислар ўз билим, тажрибасини тўғри татбиқ этишга эришмоқда.

Бироқ кузатишларим бўйича бир қанча ОТМлар бу имкониятни кўкка совуряпти. Қандай қилиб? Ўз соҳасининг мутахассиси бўлган кадрлардан унумли фойдаланмаслик, ОТМ раҳбариятининг янги таклиф, ғояларга нисбатан очиқ бўлмаслик, жамоавий қарор қабул қилиш механизмининг йўқлиги билан. Бошқа субъектив жиҳатлар ҳам бор.

ОТМларга академик эркинлик берилиши бу – академик дастурлар борасидаги эркинлик.

Профессор-ўқитувчиларнинг эркинлиги деганда уларнинг аввало эркин фикрлаши чекланмаслиги, икки томонлама шартномада кўрсатилмаган вазифаларга мажбуран жалб этиб, уларнинг қимматбаҳо вақтини олмаслик, асосий вазифаси талабага мутахассислиги бўйича чуқур билим бериш ва илмий соҳаси бўйича илмий тадқиқотларнинг эркин тарзда амалга оширилиши назарда тутилган.