Дилфуза Аллаёрова уч фарзанднинг онаси, бир неваранинг бувиси. 33 йилдан бери Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида рус тилдан дарс бериб келади. У асосий касбидан ташқари мунтазам югуришни одат қилган. Жорий йилда 50-54 ёш тоифасида Сидней марафонида ғолиб чиққан. Kun.uz билан суҳбатда у шу ёшда қандай қилиб узоқ масофаларга югуришнинг уддасидан чиқаётгани, бунинг машаққатлари ҳақида гапириб берди.

Онамнинг истаги билан ўқитувчи бўлганман

33 йилдан бери мактабда педагог сифатида ишлайман. Ўзбек синфларга рус тилидан, рус синфларга эса ўзбек тилидан дарс бераман. Аслида ўқувчилик давримдан спортга иштиёқим баланд эди. Баскетболга қизиқардим, шу спорт тури бўйича мусобақаларда қатнашардим. Мактабни тамомлагандан сўнг жисмоний тарбия ва спорт университетида ўқишни давом эттириш ниятим бўлган. Салоҳиятимни билган университетдаги мураббийлар “олийгоҳимиз номидан баскетбол бўйича мусобақаларда иштирок этсанг, сени ўқишга имтиҳонсиз қабул қиламиз”, деган таклифларни ҳам билдирган. Аммо онам спорт соҳасида таълим олишимни хоҳламаган. “Педагогика бўйича ўқийвер, бўш вақтингда баскетбол билан мустақил шуғулланиб юраверасан”, деган маслаҳатларни бериб, ўқитувчилик касбини эгаллашимни истаган. Шу сабаб олий таълимни Нижний Новгород давлат педагогика олийгоҳида олганман. Университетда ҳам баскетбол терма жамоасига қабул қилиниб, турли мусобақаларда қатнашганман. Ўша пайтда онамнинг спорт соҳасида ўқишимга қаршилик қилганидан ранжиган бўлсам-да, ҳозирда улардан миннатдорман. Сабаби, айни вақтда севимли касбим ҳам бор, севимли машғулотим – спорт ҳам бор.

Маҳаллада югуриш бошида ноқулайлик туғдирган

Тонги соат 05:00 да кўчага чиқиб, спорт машғулотларини бошлайман. Кунлик режамга кўра, бир соатдан бир ярим соатгача жисмоний машқларни бажараман. Ҳар куни ўртача ўн километрдан ортиқ югураман. Мактабдаги дарсларим соат саккизда бошлангани учун шу вақтга қадар машғулотларни тугатиб, дарсга кетаман.

Уйимиз Тошкент вилоятининг чекка ҳудудларидан бири – Янгибозор қўрғонида жойлашган. Югуришни бошлаган илк вақтларимда маҳалладан ўтиш жуда ноқулай бўларди. Ёши катта аёлнинг кўча бўйлаб югуриб юриши менталитетимизга ётроқ жараён бўлгани учун қўшнилар ғайриоддий кўз билан қарашарди. Кўрганлар “қиладиган бошқа ишинг йўқми, эрталабдан нима зарил сенга?” деган турли кесатиқлар қиларди. Қолаверса, ёш келинлар саҳарда ҳовли-уйларни супуриб турганда уларнинг олдидан онаси тенги бўлиб югуриб ўтиш ўзимга ҳам бошида янглиш туюлган. Машғулотларни муттасил давом эттирганимдан кейин маҳалламиздагилар буни одатий ҳолдек қабул қиладиган бўлишди. Кейинчалик магистрал бўйлаб югуришни бошладим. Йўлда ҳам қизиқ воқеалар юз берарди: кимдир баланд овозда сигнал чалиб, одамни ноқулай ҳолга солиб ўтса, кимдир “олға”, “мы верим в тебя”, “югуришни тўхтатманг”, деган сўзлар билан мотивация бериб кетарди.