Нима учун ҳозиргина ўйлаган нарсамизни унутиб қўямиз?
Буни тушуниш учун, аввало, хотира қандай ишлашини ўрганиш ва у ҳақидаги баъзи мифларни рад этиш зарур.
Ҳар бир инсон шундай вазиятни бошдан кечирган бўлса керак: хонага кирганда нима учун киргани эсидан чиқиб қолади ёки бирор нарсани айтмоқчи бўлганда, нима демоқчилигини унутиб қўяди. Инсон мияси, одатда, сон-саноқсиз фикр ва ҳаракатларни мувозанатда ушлаб туради, лекин баъзан у “қотиб қолгандек” туюлади, деб ёзмоқда Live Science.
Бостондаги Шимоли-шарқий университетнинг психология профессори Сюзанна Женнининг таъкидлашича, хотира турли хил когнитив жараёнлар билан боғлиқ бўлган компонентлар мажмуасидан иборат. Шуни ёдда тутиш керакки, хотиранинг икки хил тури мавжуд — узоқ муддатли ва ишчи хотира:
- узоқ муддатли хотиралар — узоқ вақт давомида (бир неча соатдан то бутун ҳаётгача) сақланадиган билим, тажриба ва кўникмаларни ўз ичига олган кенг категория;
- ишчи хотира эса онгимизда бир неча сония ёки дақиқагина сақланиб қоладиган маълумотлар.
Аслида, ишчи хотира “онгли фикрлаш дафтарчаси”га ўхшайди. Массачусетс технология институти нейробиология профессори Эрл Миллернинг таъкидлашича, ҳар қандай янги маълумот бўлаги, ички мулоқот ёки сезги органлари орқали қабул қилинган маълумотлар ишчи хотира орқали ўтади. Олимларнинг фикрича, ишчи хотиранинг айрим хусусиятлари баъзи нарсаларни нима учун унутиб қўйишимизни тушунтириши мумкин.
Миллернинг сўзларига кўра, бу икки омилга боғлиқ:
- биринчидан, ишчи хотиранинг сиғими чекланган;
- иккинчидан, мия янги маълумотларга жой очиш учун муҳим бўлмаган нарсаларни ишчи хотирадан тезда ўчириб ташлайди.
Инсон мияси кўп вазифани бир вақтда бажаришга мослашмагани сабабли, у амалда турли фикрларни ҳар хил томонга ёйиб юборишга мажбур бўлади, чунки ишчи хотирамиз турли ғоялар орасида сакраб юради. Бу эса диққат ва эътиборни талаб этади ва префронтал мия пўстлоғи томонидан назорат қилинади. Префронтал мия пўстлоғи мураккаб ўрганиш, қарор қабул қилиш ва фикр юритиш билан боғлиқ бўлган соҳадир.
Оддий тилда айтганда, агар диққатимиз шу фикрлардан бирига қаратилса ёки янги бир нарсага чалғисак, миямиз олдинги фикрларнинг изини йўқотиб қўяди. Айнан шу сабабли бир неча дақиқа аввал ўйлаган нарсаларимизни унутиб қўямиз.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, миямиз уйқусираган пайтда ёки алкогол ва гиёҳванд моддалар таъсирида, айниқса “ишчи хотирадан чиқиб кетишга” мойил бўлади. Миллернинг таъкидлашича, бунинг сабабларидан бири инсоннинг ёши бўлиши мумкин, чунки ишчи хотира функцияси 20 ёшда энг юқори нуқтага етади ва ўрта ёшларда пасайишни бошлайди.
Хонага нима учун кирганимизни ёки нимани айтмоқчи бўлганимизни қандай эслаб қолиш мумкин?
Олимлар бир вақтнинг ўзида кўп иш қилмасликни маслаҳат беради, бу унутиш хавфини оширади.
Шу билан бирга, агар фикр ёдингиздан кўтарилган бўлса, хаёлан орқага қайтиб вазиятни қайта тасаввур қилишга уриниб кўринг — бу сизга унутган нарсаларингизни эслатишда ёрдам бериши мумкин.
Мавзуга оид
17:34 / 18.11.2024
Хитой Ой тупроғидан ясалган ғиштлар ёрдамида у ерда база қурмоқчи
15:52 / 16.11.2024
Америкалик олимлар биоорганизмларнинг “учинчи ҳолати”ни аниқлади
15:12 / 16.11.2024
Уйқу тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради — тадқиқот
15:46 / 14.11.2024