Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мянмада сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди
БМТ юз минглаб акр дала майдонлари ювилиб кетгани, мамлакатда ярим миллиондан зиёд инсон озиқ-овқат, ичимлик сув, турар жой ва кийим-кечакка муҳтож экани ҳақида огоҳлантирди.
Мянмага ёпирилган «Яги» тайфуни оқибатида ҳалок бўлганлар сони 200 кишидан ошди, шунингдек, 80 га яқин одам бедарак йўқолганлар сафида, деб хабар беради BBC.
Расмий маълумотларга кўра, сентябр бошларида тўфон Ветнам, Лаос, Таиланд ва Мянмага ёпирилиб, умумий ҳисобда 500 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган.
«Яги» оқибатида Мянмада сув тошқинлари ва кўчкилар юз берган, бутун бошли қишлоқлар вайрон бўлган. БМТ юз минглаб акр дала майдонлари ювилиб кетгани, мамлакатда ярим миллиондан зиёд инсон озиқ-овқат, ичимлик сув, турар жой ва кийим-кечакка муҳтож экани ҳақида огоҳлантирди.
Қайд этилишича, бундай кўламдаги сув тошқинлари Мянманинг яқин тарихида кузатилмаган. Мамлакат табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш агентлигининг маълум қилишича, 630 мингга яқин одам сув тошқинларидан жабр кўрган, транспорт йўллари ёпилиб қолган, кўприклар ва алоқа тармоқларига шикаст етган.
«Ҳозирга қадар 100 кишининг жасадини тўпладик, улар орасида болалар ва кексалар ҳам бор. Барчамиз яна 200 дан ортиқ одамни қидирмоқдамиз», — дейди Мянма жанубидаги штатлардан бирида қутқарувчиларга ёрдам бераётган кўнгилли.
Аввалроқ Ветнамнинг шимолий қисмига ёпирилган «Яги» супертайфуни натижасида юзага келган сув тошқини оқибатида камида 324 киши ҳалок бўлди ва бедарак йўқолгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, «Яги» тайфуни Таиланд ва Мянмага етиб келиши натижасида ҳар икки давлатнинг шимолий штатларида сўнгги 80 йил ичидаги энг кучли сув тошқинлари кузатилган.
Мавзуга оид
10:45 / 12.06.2026
Ўзгидромет аҳолини сел ва сув тошқинларидан огоҳлантирди
22:04 / 31.05.2026
Мянмада бинода юз берган портлаш оқибатида 46 киши ҳалок бўлди
10:39 / 24.04.2026
Дунёдаги опий ва героин энг кўп тайёрланадиган жой — гиёҳванд моддалар макони бўлган Олтин учбурчак
15:04 / 06.04.2026