Амазонка қирғоғидаги бу қабила 16 мингга яқин аҳолига эга. Улар овчилик, термачилик, балиқ овлаш ва истеъмолга яроқли экинлар етиштириш билан кун кечиради.

Мартинa — Амазонка тропик ўрмонларида изоляцияда яшайдиган Симан халқи вакиласи.
Фото: BBC

84 ёшли Мартина Канчи Нейт Боливия ўрмонларининг қалин чакалакзорлари орасидан эпчиллик билан ўтиб борарди. Тадқиқотчилар ва журналистлар унга етолмай, аёлдан тўхтаб туришни илтимос қилди.

10 дақиқа ичида Мартина чаққонлик билан уч туп маниока ковлаб олди, пичоғини икки марта силтаб, зубтурум меваларини узди. Сўнгра оғир ҳосилни орқалаб уйи томон йўл олди.

Мартина — Амазонка дарёси қирғоғида изоляцияда яшайдиган симан туб аҳолисига мансуб аёл. Қабила Боливия пойтахти Ла-Пасдан 600 километр узоқликда жойлашган.

Аёлдаги тетиклик симан қабиласининг кекса аъзолари учун одатий ҳол. Олимларнинг хулосасига кўра, бу қабила дунёдаги энг соғлом юрак-қон томир тизимига эга, уларнинг мияси эса Шимолий Америка ёки Европа аҳолисиникига қараганда секинроқ қарийди.

Қабила 16 мингга яқин кишини ташкил қилади. Улар ота-боболарига ўхшаб овчилик, термачилик, балиқ овлаш ва истеъмолга яроқли экинлар етиштириш билан кун кечиради.

Олимлар бу халқнинг саломатлигини анчадан бери ўрганиб, кўплаб кутилмаган кашфиётлар қилган.

Хуан одатда бир ёки икки кун давом этадиган чангалзордаги овга тайёргарлик кўряпти.
Фото: BBC

Симанлар фаол ҳаёт кечиради — овчилик, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади, уйлари учун том тўқийди. Улар куннинг атиги 10 фоиздан камроғини ўтирган ҳолатда ўтказади, бу ривожланган шаҳарлардаги 54 фоизлик кўрсаткичдан анча кам.

Симанларда ов саккиз соатдан кўпроқ давом этади, улар ўртача 18 километр масофани босиб ўтади.

Қабила Маники дарёси бўйида истиқомат қилади. У ердан энг яқин шаҳаргача қайиқда тахминан 100 километр масофани босиб ўтиш керак. Уларнинг қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятлари жуда чекланган.