Германия президенти сиёсий зўравонликка қарши курашишга чақирди
Германия сиёсий сабабларга кўра содир этилган зўравонликка қарши чораларни кучайтириши керак, деди Франк-Валтер Штайнмайер қурбонлар билан учрашувда. Унга кўра, ҳаракатсиз бўлган жамият демократик бўлишни тўхтатади.
Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер мамлакатда сиёсий сабабларга кўра содир этилган зўравонлик жиноятлари кўпайишига қатъийроқ жавоб беришга чақирди. У 23 сентябр, душанба куни Берлиндаги Белвю саройида бундай жиноят қурбонларини қабул қилар экан, сиёсий сабабларга кўра зўравонлик тарқалиб, буни жимгина кузатадиган жамият тез орада демократик бўлишни тўхтатишини айтиб ўтди.
«Шунинг учун биз эътиборни бошқа жойга қарата олмаймиз», деб таъкидлади сиёсатчи ва сиёсий зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини таъқиб қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бундай жиноятлар «одатий» ҳолга айланиб, жамиятда уларни қабул қилиш даражаси ошиб бормоқда, бу «даҳшатли» тенденциядир.
Шу билан бирга, Штайнмайер таъкидлашича, ҳозирги вазият бир кечада эмас, балки тилнинг қўполлашуви, чегараларнинг қисқариши, муҳокамаларда муросасизликнинг кучайиши, жамиятнинг айрим гуруҳлари қадрсизланиши ва демократик тамойилларни менсимаслик натижасида аста-секин юзага келган. Бундай вазиятда «демократиянинг емирилиши» бошланади, дея қўшимча қилди у.
Штайнмайер сиёсий зўравонлик қурбонларини қабул қилди
Штайнмайер билан учрашувда сиёсий сабабларга кўра зўравонликдан жабрланган тўққиз киши, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг яқинлари иштирок этди. Унда беш йил аввал Касселда ўлдирилган консерватив сиёсатчи Валтер Любкенинг беваси, Берлинда курсдошлари томонидан калтакланган яҳудий талаба Лаҳав Шапира ва 2024 йилги Европа парламентига сайловлар учун сайлов кампанияси пайтида ҳужумга учраган социал-демократ Маттиас Экке иштирок этди. 2016 йил декабр ойида Берлиндаги рождество бозорида содир этилган теракт қурбонлари вакили Астрид Пасин ҳам Белвю саройига келди.
Федерал жиноий полиция бошқармасининг статистик маълумотларига кўра, 2023 йилда Германияда сиёсий сабабларга кўра содир этилган жиноятлар сони янги юқори даражага етди ва 60 мингдан ошди. 4 мингдан ортиқ иш зўравонлик билан боғлиқ. Бу жиноятларнинг аксарияти ўнг экстремистлар томонидан содир этилган, деб таъкидлайди epd ахборот агентлиги.
Германияда сиёсий сабабларга кўра ҳужумлар
Кассел маъмурий округи раҳбари Валтер Любкенинг ўлдирилиши Германияда сўнгги йиллардаги энг шов-шувли сиёсий жиноятлардан бирига айланди. Қочқинларни фаол қўллаб-қувватлаган 65 ёшли сиёсатчи 2019 йил июн ойида Волфҳагендаги уйининг террасасида ўлдирилган ҳолда топилган. Экспертиза шуни кўрсатдики, у яқин масофадан ўққа тутилган. Жиноятда ирқчилик, ксенофобия ва миллатчилик асосида ҳаракат қилган ўнг радикал Штефан Эрнст айбдор деб топилди.
2024 йилда немис сиёсатчиларига ҳужумлар сони кўпайди. 3 май куни Дрезденда ГСДП аъзоси Маттиас Эккега ва 7 май куни Берлинда пойтахт иқтисодий сенатори ва собиқ бургомастер Франциск Гиффайга қилинган ҳужумлар энг резонансли ҳолатлар қаторига кирди.
Берлин марказидаги рождество бозорида теракт 2016 йилнинг 19 декабрида 24 ёшли Тунис фуқароси Анис Амри томонидан амалга оширилган. У ўзи ўғирлаган юк машинасини катта тезликда оломонга ҳайдаб борди, натижада 12 киши ҳалок бўлди, 50 га яқин киши жароҳатланди. Унинг биринчи қурбони полшалик ҳайдовчи Лукаш Урбан бўлиб, Амри юк машинасини тортиб олаётганда уни отиб ташлаган. Террорчи қочишга муваффақ бўлган, бироқ кейинроқ Милан чеккасида полиция билан отишмада ўлдирилган.
Мавзуга оид
22:02 / 25.11.2024
НАТО раҳбарияти ғарбдаги йирик компанияларни урушга тайёргарлик кўришга чақирди
15:13 / 23.11.2024
ГФР Нетаняҳуни ҳибсга олишга берилган ордер оқибатларини ўрганмоқда
11:10 / 22.11.2024
Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди
13:43 / 21.11.2024