Ўзбекистон | 09:30 / 24.09.2024
3028
1 дақиқада ўқилади

Литва билан Ўзбекистоннинг 200 нафар фуқаросини ишга жойлаштириш тўғрисида келишувга эришилди

Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги  ва Литванинг WorldHalal trust ҳамда FA Solutions компаниялари раҳбарияти ўртасида музокаралар ташкил этилди.

Фото: РИА Новости / Алексей Витвицкий

Учрашувда Литва компанияларига Ўзбекистон фуқароларини қонуний тарзда ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.  

Музокаралар натижасида 200 нафар ватандошни Литва корхоналарига ишга қабул қилиш тўғрисида келишувга эришилди.

Томонлар ўртасида тузилган келишувга кўра, Ўзбекистон фуқаролари гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қадоқлаш ва қайта ишлаш корхоналарида иш билан таъминланадилар.

Литвада иш билан таъминланадиган Ўзбекистон фуқароларининг 50 кишидан иборат биринчи гуруҳи шу  йил ноябр ойида Вилнюс шаҳрига жўнатилиши режалаштирилмоқда.

WorldHalal trust – Литва, Греция, Британия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Мўғулистон, Беларус, Россия, Туркия ва Хитойда жойлашган ҳалол сертификатлаш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга компания ҳисобланади. Компаниянинг асосий фаолияти гўшт, сут, гигиена ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни сертификатлашдан иборат. Корхона йирик фермер хўжаликлари, қорамол ва парранда гўштини қайта ишлаш қувватларига эга.

Мавзуга оид