«Барча эришганларимиз китоб ортидан» – китоб ўқиб Spark ютган ёш оила
2021 йилда ўтказилган «Ёш китобхон оила» танловида Ўзбекистон тумани Нурсуҳ қишлоғидан бўлган Ниёзматовлар оиласи ғолиб бўлган. Улар президент совғаси — Spark автомобили билан тақдирланган. Айни пайтда ўқитувчилик қилаётган Абдуллажон Ниёзматов китобхонликни тарғиб қилиш борасида ўз мулоҳазаларини билдирди. «Китоб ўқиб машинали бўлдик, ғолиблик ортидан қишлоғимизга тоза ичимлик сув келди», дейди у.
«Китобхонлик энг аввало оиладан бошланади, оилада китобхонликка эътибор бўлса миллат тараққий этади. Китобга бўлган муҳаббат болаликдан шаклланади.
Моддий бойликларинг тортиб олиниши мумкин, лекин илмни ҳеч ким олиб қўёлмайди, дерди ота-онам. Шу қоидага амал қилиб, муваффақиятларга эришяпмиз. Бакалавр ва магистратурани грант асосида ўқиб, ҳозир PhD ёқлаш ҳаракатидаман, барчаси албатта китоб ортидан. Гаджетлардан воз кечишни ўрганиш керак маълум даражада. Китобга ошно бўлган ёшлар миллат эртаси бўла олади.
Ота-она телефон ўйнаса, бола ҳам шундай бўлади. Бугунги кунда фарзанди билан алоҳида шуғулланаётган ота-оналар жуда кам. Кўпчилик боласини кечгача банд қилиб турувчи хусусий мактабларга беряпти, чунки ўзи шуғулланишни истамайди. Аслида, хусусий мактаблар давлат мактаблардан фарқ қилмайди билим бериши, фақат қўшимча дарсларда ушлаб туришибди.
Асосий камчилигимиз ота-оналарнинг ўзи китоб ўқимай қўйгани. Ўрнак бўлмай туриб ёшлар ҳақида гапирамиз. Лекин давлатни қайси бир ёш ўғил ёки қиз орқага тортяпти? Қайси бир ёш порахўрлик қиляпти? Қайси ёш амалдор давлатга зиён қиляпти? Аслида барча айб катталарда, ёшларда эмас. Катта авлод ўрнак бўла олса, бола ҳам шунга қараб кетади. Ота-онаси 50 дан зиёд китоб ўқиган бола китоб ўқимаслиги мумкин эмас. Ёшлар доим ўрнак кутади. Китобхонликни шакллантиришда ҳам шу муҳим.
Аёлим билан китобхон оила танловида ғолиб бўлганимизнинг асл сабаби китобга вақт, маблағ ажратганимиздан. Маошимиз кам бўлган пайтда ҳам китобга пул ажратганмиз, каттагина оилавий кутубхонамиз бор бугун, эртага фарзандларимизга ҳам хизмат қилади бу.
Китобхонлик кўп нарса берди. Бунинг ортидан эл назарига тушдик, ўқитувчи бўлиб ҳам машинали бўлиш мумкин экан. Ҳокимимиз қишлоғимизга сув чиқариб берди, танловдан ютганимиз шарофати билан 200 дан ортиқ хонадон тоза ичимлик сув билан таъминланди.
Танловда ғолиб бўлгач, қишлоқдошларимиз орасида қизиқиш ортди, танлов ҳақида ҳалигача сўровчилар кўп.
Фарзандимизга тарбияни она қорнидаёқ бошлаганмиз. Турли китоблар ўқирдик, танлов учун эмас, шу фарзандимиз келажаги учун қилганмиз. Ҳозир 2,5 ёш фарзандим ҳарфларни танийди, онаси ўргатади. Китоблар ўқиб бераман, инглизча, русча сўзларни ҳам билади, рангларни ажрата олади.
Шогирдим Муҳаммадфозил Исмоилов ҳам 2021 йилда ўтказилган «Ёш китобхон» танловида ғолиб бўлган.
Оилавий ютуғимизга кўпчилик хавас қилади
«2021 йилда турмуш ўртоғим билан «Ёш китобхон оила» танловида қатнашиб, биринчи ўринни қўлга киритиб, Spark автомобили соҳиби бўлганмиз. Бу бизнинг илк оилавий ютуғимиз бўлди. «Зукко китобхон» танловида ҳам Республикада биринчи ўринни олдик. Ўрганган билимларимиздан фарзанд тарбиясида, иш фаолиятимизда фойдаланмоқдамиз.
Маҳалламиздаги ёшларнинг ҳаваси ортиб, улар ҳам китоб ўқишга киришди. Иш фаолиятимда ҳам китобхонликни тарғиб қилиб бораман, китобхонлар клуби ташкил этганман.
Ҳали 3 ёшга тўлмаган фарзандимиз ҳам бизнинг китоб ўқиётганимизни кузатиб китобларга қизиқиб, варақлаб кўради.
Глобаллашув жараёнида ёшлар гаджетлардан воз кечиб китобга эътиборини қаратиши қийин бўлиб бормоқда. Лекин юрт келажаги бўлган ёшларни китобхонликка қайтариш керак. Биринчи навбатда ота-она китоб ўқиши лозим: қуш уясида кўрганини қилади. Бутун бир оила китоб ўқиса, ёшлар ҳам ўқийди», дейди «Ёш китобхон оила» танлови ғолибаси Умидахон Ниёзматова.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров