Жаҳон | 17:30 / 29.09.2024
13841
3 дақиқада ўқилади

“Икки стандартлилик бўлмаслиги керак” – Ўзбекистон ташқи ишлар вазири БМТда нутқ сўзлади

Шу кунларда БМТнинг Бош ассамблеяси 79-сессияси давом этмоқда. Бу йили Ўзбекистон номидан Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов унда иштирок этди. Вазир 25 сентябр куни нутқ сўзлади. Саидов Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари, муаммолари, транспорт-логистика масаласи, Афғонистон ҳақида гапирди.

Вазир сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ЯИМ икки баравардан ортиққа ошган, камбағаллик даражаси эса охирги 10 йилдан камроқ муддатда 4 мартага қисқарган. Ишсизлик даражаси 11 фоиздан 7 фоизга туширилди, дейди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири БМТ минбаридан туриб. Саидов кўтарган муаммолардан бири – иқлим ўзгариши. Марказий Осиё иқлим ўзгариши фонида энг ҳимоясиз минтақалардан. Бу озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини сўроқ остида қолдиради. Шундай шароитда Орол денгизи ҳалокати атмосферага ўта салбий таъсир қилмоқда, деди Бахтиёр Саидов. У янгиликлар билан тўлдирилган конституцияни, аёллар ва қизлар ҳуқуқларини, гендер тенглигини, ёшларни зўравонликдан ҳимоя қилишни гапирди.

Ўзбекистон раҳбарияти олий минбарлардан туриб гапирганда ҳеч қачон нутқдан тушмайдиган мавзулардан бири – Афғонистон. Чунки минтақанинг қўшниси Афғонистондаги сиёсий вазият 5 давлат иқтисоди, барқарорлиги, халқаро миқёсдаги имижи учун муҳим. Ташқи ишлар вазири Афғонистон ҳақида гапираркан, халқаро ҳамжамият бу давлатда ўзгариш қилолмаганидан нолиди.

“Афсуски, халқаро ҳамжамият ушбу давлатдаги мураккаб вазиятни ўзгартиришга қодир чораларни кўролмади. Биз Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига ёрдам берамиз. Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқаролари учун таълим марказини глобал ўқув марказига айлантиришга тайёрмиз. Бунда БМТ роли муҳим”, - деди Саидов.

Вазир шунингдек, Ню-Йоркда С5+1, АҚШ Маркаизй Осиё саммитида ҳам қатнашди. Минтақанинг 5 республикасидан ташқи ишлар вазирлари, АҚШдан давлат котиби – Энтони Блинкен мулоқотда иштирок этди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири тарқатган пресс-релизга кўра, асосий мавзулар Саидовнинг бош ассамблеядаги кўтарган мавзулари билан бир хил. Блинкен эса бизнес ҳамкорликни қўллаш, ногиронлар ҳуқуқлари бўйича ўтказилаётган икки тадбирни ижобий баҳолаган.

2025 йилда С5+1 тузилганига 10 йил тўлар экан, 5 давлат АҚШ билан янада яқинроқ бўлиш истагини билдирган.

Вазир Саидов АҚШда қатор давлатлардан келган ҳамкасблари билан ҳам кўришган. Того Республикаси, Либерия, Сейшел ороллари, Багама ороллари, Ботсвана, Бурунди, Кабо-Верде давлатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатиш бўйича ҳужжатлар имзоланган. Вазирга кўра , Ўзбекистон бутун дунё бўйлаб ҳамкорлари сонини ошириш ниятида. Бундан ташқари, Ҳиндистон, Индонезия, БАА, Озарбойжон, Хорватия, Бразилия, Чехия, Никарагуа, Финландия, Кипр, Беларус, Кувайт, Австрия, Венгрия, Корея Республикаси, Венесуэла, Словакия, Малайзия, Тожикистон, Ўмон, Сербия, Португалия, Малта, Куба, Ветнам, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Латвия, Албания, Эрон, Миср ва бошқа давлатлар ташқи сиёсат органларига раҳбарлик қилувчи шахслар билан учрашиб, мулоқот ўтказган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид