“Росатом” корпорациясининг Қирғизистондаги ваколатхонаси бош директори Дмитрий Константинов ушбу мамлакатда кам қувватли атом электр станцияси қуриш масаласи қайси босқичда экани ҳақидаги саволга жавоб берди.
“Атом станцияси лойиҳасига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Қирғиз ҳамкорларимиз масаланинг максимал даражада барча жиҳатларига “шўнғиб”, нюансларни ўрганиб чиқмоқда. Бу ерда ахборот кампанияси муҳим аҳамиятга эга. Масалан, 10 октябр куни энергетика соҳаси фахрийлари учун атом энергетикасининг хавфсизлиги ҳақида семинар ўтказиш режалаштирилмоқда. Ҳамкорларимиз қанча кўпроқ маълумотга эга бўлишса, шунча яхши”, – дея “Росатом” расмийсининг Бишкекда ўтган брифингдаги сўзларини келтирмоқда “Спутник Қирғизистон”.
Константиновнинг қўшимча қилишича, ўтган йили Қирғизистон делегацияси Воронеж АЭСда бўлиб қайтган.
“Делегация аъзолари бундай энергетика объекти амалиётда қандай ишлаётганини ўз кўзи билан кўришди. Станция ҳудуди бўйлаб хотиржам юриш мумкинлигидан кўпчилик ҳайратланди. У ердаги радиация даражаси бошқа ҳудудлардаги табиий радиация даражасидан пастроқ”, – таъкидлади “Росатом Қирғизистон” раҳбари.
Дмитрий Константинов атом энергетикасини мамлакат тараққиётининг асоси деб атади.
“Қирғизистонда энергетик мувозанат учун атом станцияси, албатта, керак. Барча ривожланган давлатлар бугун энергетик балансда АЭСнинг ҳиссасини оширмоқда. Россияда, масалан, бу ҳисса 2030 йилга бориб 20 фоиздан 24 фоизга етади”, – деди у.
“Қирғизистонда атом станциясини қуриш ҳақидаги қарорни халқ ҳукумат билан биргаликда қабул қилади. Биз бу қарорнинг объектив бўлишини таъминлаш учун ўз томонимиздан зарурий барча ахборотлар ва технологияларни тақдим этамиз”, – дея қўшимча қилди Константинов.
Аввалроқ Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Сабирбек Султанбеков Россия томонидан қуриладиган АЭС Чуй вилоятида жойлашиши мумкинлигини айтган.












