Эрон ракеталари Исроил устида. ЦАҲАЛ маълумотига кўра, эронликлар 180 га яқин ракета учирган. Фото: Anadolu

Ижтимоий тармоқларда Эрон томонидан учирилган, Иордания устидан ўтган, уриб туширилган ёки Исроил ҳудудига қулаган ракеталар акс этган кўплаб видеолар тарқалди.

Маҳаллий вақт билан соат 21:30 дан ўтганида Исроил армияси хавф ариганини ва бомбапанагоҳлардан чиқиш мумкинлигини маълум қилди.

Исроиллик ҳарбийларнинг дастлабки маълумотларига кўра, эронликлар 180 та ракета учирган.

Кўп ўтмай Исроил мудофаа армияси пресс-атташеси, контр-адмирал Даниэл Ҳагари брифингда ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирган. Ҳагарининг сўзларига кўра, ҳужум вақтида ракеталар Исроил маркази ва жанубига тушиши билан боғлиқ бир неча ҳолатлар қайд этилган. Агентликлар тарқатган хабарларга кўра, у оқибатлар ҳақида маълумот бермаган.

Исроил армияси пресс-атташеси бу ҳужум «оқибатларга эга бўлиши»ни айтган, аммо Исроил айнан қачон ва қандай шаклда жавоб қайтаришига аниқлик киритмаган.

Jerusalem Post газетаси Magen David Adom қутқарув ташкилоти раҳбарига таяниб, Тел-Авив шимолидаги бинога ва Исроилнинг бошқа бир қанча жойларига ракета келиб урилгани ҳақида хабар берган.

Исроилдаги «Гааретц» газетаси Қуддус ва Тел-Авивда кучли портлашлар рўй бергани, шунингдек Исроил марказига ҳамда жанубдаги Негев саҳросига ракеталар тушгани ҳақида хабар тарқатган, аммо тафсилотлар маълум эмас.

АҚШ президенти маъмурияти маълум қилишича, президент Жо Байден америкалик ҳарбийларга Исроилга зарбани қайтаришда ёрдам кўрсатиш бўйича буйруқ берган. АҚШ ва бошқа иттифоқчилар жорий йил 13 апрелида ҳам Эроннинг ёпирилма зарбаларини қайтаришда Исроилга ёрдам берганди.

Эроннинг баёноти

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бу ракета зарбаси ўтган ҳафта охирида Байрутга йўлланган зарба оқибатида «Ҳизбуллоҳ» раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлиши, шунингдек, июл ойи охирида Теҳрондаги портлаш оқибатида Ҳамас сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания ўлдирилганига (бунда ҳам Эрон Исроилни айблаган) жавоб эканини билдирди.

«Исмоил Ҳания, Ҳасан Насруллоҳ ва Аббос Нилфорушон шаҳид бўлишига жавобан биз сионистлар босиб олган ҳудудлар марказига зарба бердик», дейилади корпуснинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирилган баёнотида.