Жамият | 19:28 / 03.10.2024
8930
4 дақиқада ўқилади

“Мен болалардан ўргангани келганман” — Андижондан Қашқадарёнинг чекка ҳудудига бориб ишлаётган ўқитувчи

Ўзбекистондаги турли олийгоҳларни битирган 13 нафар ёш педагог жорий ўқув йилидан Қашқадарё вилоятининг чекка ҳудудларига бориб, мактабларда дарс бермоқда. Ўқитувчилар орасида Андижон, Бухородан келганлар ҳам бор. “Келган вақтимизда аввалига жуда қийин бўлди”, — дейди улардан бири Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Ўзбекистонда 2024 мартида “Teach for Uzbekistan” нотижорат таълим лойиҳаси туширилди. Унинг асосий вазифаси мактаб таълимини ривожлантириш, ўқувчиларнинг академик кўрсаткичларини яхшилашдан иборат. Лойиҳа доирасида катта педагогик тажрибага эга бўлмаса-да, ўқитувчиликка хоҳиш ва лаёқати бор, олий ўқув юртларини юқори натижалар билан тамомлаган битирувчилар ижтимоий шароити оғир мактабларга ишга жалб этилади.

Илк дастурда иштирок этиш учун 750 нафар ёшлар ариза топширган. Номзодлар март-июн ойларида 4 босқичли саралаш – анкета тўлдириш, суҳбат, Билим ва кўникмаларни баҳолаш марказидаги тестлар, фан бўйича билимни аниқлаш мақсадида методист билан суҳбатдан ўтказилган. Уларнинг орасидан 13 нафари танлаб олиниб, 4 ҳафта давомида педагогик қайта тайёрлов ёзги институтида ёшлар билан ишлаш, амалий психология, илғор педагогик технологиялар бўйича ўқитилган.

Сараланган мутахассислар Қашқадарёнинг Кўкдала туманидаги 3-4-мактаб, Чироқчи туманидаги 2-3-мактабларга инновацион ва интерактив усулда дарс беришни йўлга қўйиш учун юборилган. Ҳозирда улар мазкур муассасаларда STEAM фанлар, яъни табиий фанлар, технология, муҳандислик, санъат ва математика бўйича ўқувчиларга билим улашмоқда.

Афсуски, мактабдаги ҳолат ўйлаганимдек эмас экан, болаларнинг таълимга қизиқиши жуда паст. Ҳозирда ноодатий ўқитиш усуллари орқали ўқувчиларнинг танқидий фикрлашини оширишга ҳаракат қилмоқдамиз. Шунингдек, интерактив ўйинлар ўтказиб, синфхонадан ташқарида ҳам ўқув машғулотлари олиб бориб, уларнинг ўқиш жараёнига қизиқишини яна орттиришни мақсад қилганмиз”, – дейди бухоролик ёш педагог Бобуржон Идрисов.

Қашқадарё вилоятидаги мактабларда дарс бераётганлар орасида Андижондан келган инглиз тили ўқитувчиси Моҳира Абдураҳмонова ҳам бор.

Воҳанинг шароити ва иқлимига мослашиш учун бу ерга август ойида келдик. Дастлаб, адаптация бироз қийин кечди, сув билан боғлиқ бир қатор масалалар бор экан. 3 ёшли фарзандимга ўзимизга яқин ҳудуддан боғча топиш ҳам муаммо бўлди”, – дейди у.

Лойиҳага қабул қилинган педагоглар икки йил давомида ўзларига бириктирилган мактабларда ишлаб бериши керак. Уларга маош билан бирга яшаш харажатлари учун стипендия ҳам берилади.

Стипендиантларимизга турар жойлар масаласида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги амалий ёрдам кўрсатмоқда. Мазкур лойиҳа нотижорий бўлиб, у, асосан, таълим соҳасига бефарқ бўлмаган кўнгилли шахслар ва тадбиркорлар томонидан молиявий қўллаб-қувватланади”, – дейди лойиҳа директори Умида Йўлдошева.

Маълумот ўрнида, Teach for Uzbekistan лойиҳаси дунёнинг 63 мамлакатида айни шу йўналишдаги ташаббусларни қўллаб-қувватловчи – Teach for All глобал тармоғининг ҳамкори ҳисобланади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид