Жаҳон | 19:00 / 06.10.2024
3001
3 дақиқада ўқилади

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Халқаро Суд ёки Гутерришга берилиши мумкин

Ёки Норвегия Нобел қўмитаси 11 октябр куни мукофотни ҳеч кимга топширмаслиги эҳтимоли ҳам бор.

Фото: China News Service

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочқинлар агентлиги (UNRWA), Халқаро Суд ва БМТ раҳбари Антониу Гутерриш бу йилги тинчлик бўйича Нобел мукофоти номзодлари қаторида. Бу ҳақда Reuters эксперт хулосаларига таяниб ёзди.

Агентликнинг тан олишича, Норвегия Нобел қўмитаси 11 октябр куни сюрприз қилиб, бу йилги мукофотни ҳеч кимга топширмаслиги ҳам мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, глобал можаролар билан ўтаётган 2024 йилда қўмита тинч аҳоли ҳаётини осонлаштиришга ёрдам берадиган гуманитар ташкилотларга эътибор қаратган.

«UNRWA ушбу номзодлардан бири бўлиши мумкин. Улар Ғазодаги урушдан азият чекаётган фаластинлик тинч аҳоли учун жуда муҳим ишларни амалга оширмоқда», деди Осло тинчлик тадқиқот институти директори Ҳенрик Урдал.

Унинг сўзларига кўра, Исроил 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС номидан ҳужумда ташкилотнинг баъзи ходимлари қатнашган, деган айбловлар ҳисобга олинса, мукофотни UNRWA ташкилотига топширилиши мунозарали бўлади.

Норвегия парламенти томонидан тайинланган мукофотнинг махфий қўмитаси, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги халқаро тартиб ва ​​унинг маҳсули - Бирлашган Миллатлар Ташкилотини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратмоқчи бўлиши мумкин. Тинчлик бўйича Нобел мукофоти тарихчиси Асле Свеен сўзларига кўра, шу сабабли, мукофотни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ёки Халқаро Судга топширилиши эҳтимоли бор.

«Гутерриш БМТнинг асосий рамзидир. Халқаро суднинг энг муҳим масъулияти эса халқаро гуманитар ҳуқуқнинг глобал қўлланилишини таъминлашдир», деди Свеен.

Аммо қўмита мукофотни ҳеч ким олмайди, деб қарор қилиши ҳам мумкин, бу 19 бор содир бўлган, охирги марта 1972 йилда.

Нобел мукофотига номзодлар одатда сир сақланади, аммо номзодларни илгари сурганлар ўз танловини ошкор қилиши мумкин. Бу йил мукофотга жами 286 нафар номзод кўрсатилган, улар орасида БМТ Қочқинлар агентлиги, Рим папаси Франциск ва британиялик табиатшунос Дэвид Аттенборо бор.

Ўтган йили мукофот эронлик аёллар ҳуқуқлари фаоли, қамоқдаги Наргис Муҳаммадийга топширилган эди.

Мавзуга оид