Ўқитувчилик — шарафли касб. Ушбу касбга меҳр қўйиб, узоқ йиллардан буён битта даргоҳда сабот билан ишлаб келаётган устозларимиз ҳам кўп.
Ана шундай кекса ўқитувчилардан бири — Людмила Николаевна Шулга Пайариқ туманидаги 6-мактабда меҳнат фаолиятини бошлаганига 60 йил тўлди. Шу заминда туғилиб ўсган Людмила Николаевна ўзи ўқиган мактабда 1964 йилда тарих фани ўқитувчиси бўлиб ишга киради ва 60 йилдан буён болаларга билим бериб келмоқда.
Людмила Николаевна 2 октябрда туғилган. У бугун 78 ёшни тўлдирди. «Ўқитувчилик асли менинг тақдиримда бўлган», дейди у.
«Ота-онам Пайариқ туманига (ўша вақтларда Фёдоровка деб аталган) 1928 йилда кўчиб келишган ва шу ерда яшаб қолишган. Оиламизда 5 та фарзанд бўлган, барчамиз шу ерда туғилганмиз. Мен ҳам. 1946 йилнинг 2 октябрида. Туғилганимданоқ менинг ўқитувчи бўлишим тақдиримда ёзилган деб ўйлайман.
Мен шу 6-мактабни тугатганман, шу ерда ўқиганман. Мактабни тугатганимдан сўнг техникумга ўқишга кирдим. Ўқий туриб, ишлай бошладим. 18 ёшимда шу мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида иш бошлаганман.
1973 йилда Самарқанд давлат университетининг тарих факултетига ўқишга кирдим. Учинчи курсга ўтган пайтимда менга шу мактабда тарихдан дарс соатлари беришди. Тарих ўқитувчиси бўлдим», — деди биз билан суҳбатда Людмила Шулга.
У дарс бериш билан бирга қатор йиллар шу мактабда директорлик қилган. Мактабни ободонлаштиришда, кенгайтиришда ҳисса қўшган.
«1986 йилгача тарих ўқитувчиси бўлиб ишладим. 1986 йилда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари этиб тайинландим. Уч йилдан сўнг, 1989 йилда мен мактабга директор бўлдим ва 2012 йилгача директор бўлиб ишладим. Сўнгра пенсияга чиқдим.
Лекин уйда ўтира олмадим. Мактабга қайтиб, ўз фанимдан дас бера бошладим. Мен ўз фанимни жуда яхши кўраман, бу касбни ўзим қалбдан хоҳлаб танлаганман. Шу сабаблимикан, бу менга куч-қувват бағишлайди. Мен болаларнинг юрагига ўз ватани тарихига муҳаббат туйғусини жойлашга, уларни ватанпарвар қилиб тарбиялашга ҳаракат қиламан. Чунки мамлакатимиз келажаги кўп жиҳатдан шунга боғлиқ», — дейди кекса педагог.
Унинг раҳбарлиги остида мактаб жуда кўп марта вилоятда, ҳатто республикада энг илғор мактаблар сафида бўлади.















