Жаҳон | 12:59 / 08.10.2024
3688
9 дақиқада ўқилади

Ливанда давом этаётган бомбалашлар, Исроил ҳужумига тайёр Эрон ва дунёдаги қурғоқчилик оқибатлари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроилнинг Ливанга ҳужумлари

Исроил Ливанга ҳужум қилишда давом этмоқда. Бир пайтлар гавжум бўлган пойтахт Байрутнинг жанубий мавзелари бир неча кунлик тўхтовсиз бомбалашлардан сўнг кимсасиз далага айланиб қолди. Турар жойлар, дўконлар ва ишхоналардан тутун чиқиб ётибди.

Минглаб аҳоли шаҳарни тарк этган. Қолганларни эса Ғазодагидек ўта мураккаб шароит кутмоқда. Чунки ичимлик сув ва озиқ-овқат етишмайди. Ҳаёт учун биринчи навбатда зарур бўлган нарсаларни топиб бўлмайди.

«Бу ерда ортиқ ҳаёт йўқ», — деган France Press агентлигига қайтиб келганлардан бири. Унинг уйи вайронага айланиб, тупроқ ва девор бўлаклари остида қолиб кетган. Яна бир маҳаллий турғун Байрутни «арвоҳ-шаҳар» деб атаган.

Исроил эса нафақат Байрутга зарбалар бермоқда, Ливаннинг ўзи билан чегарадаги жанубий ҳудудларини ҳам вайрон қилиш билан банд.

Ливан-Исроил чегарасидан икки километр олисда жойлашган Ярун қишлоғидаги Имом Али марказий масжиди вайрон қилинди.

Ҳаводан кенг кўламли ҳужумлар фонида Исроил аскарлари Ливанга бостириб киргач, мамлакат вайронгарчиликлар тўлқини ва тинч аҳоли ўртасида оммавий ўлимларга дуч келмоқда.

ҲАМАС жангчиларининг баёноти

2023 йилнинг 7 октябрида Исроилга қилинган ҳужум билан «Ал-Ақсо тошқини» операцияси бошлаганини даъво қилувчи ҲАМАСнинг жанговар қаноти бўлмиш «Ал-Қассам бригадаси» расмий вакили Абу Убайда бир йиллик уруш натижаларини изоҳлади.

У бу урушни тарихдаги энг профессионал операция деб атаган.

«Биз ўзимизнинг уруш тактикамизни душман сира кутмагандек, душманга қарши туришнинг барча сценарийларини ҳисобга олиб ишлаб чиқдик», — деган Абу Убайда.

«Душман кўп йиллардан бери бизга қарши жиноят қилиб келади. Бир йил ўтгач, Америка ва ғарбнинг ёрдами билан кучайтирилганига қарамасдан, биз Фаластин халқининг афсонавий қарама-қаршилигини кўрмоқдамиз. Бизнинг жангчиларимиз Ғазонинг ҳар бир қарич ерида қаҳрамонона қаршилик қилишмоқда», — деган у.

«Безбет душман тарихдан бирор сабоқ чиқармаган ва миллатимизнинг қатъиятини англай олмаяпти. Етакчиларимизга қилинган суиқасд қачон бизнинг курашимизга таъсир ўтказа олган? Агар бу кураш етакчиларнинг ўлими билан тугаганида у 100 йил аввал Иззадин ал-Қассамнинг шаҳид бўлиши билан тугаган бўлар эди.

Агар суиқасдлар ғалабага етаклаганида 20 йил аввал шайх Аҳмад Ёсиннинг ўлдирилишидан сўнг «Ал-Ақсо тошқини» ва ғарбий соҳилда интифода рўй бермаган бўларди», деган Убайда.

«Сионистик ҳосила Америка маъмуриятининг оддий ипларига боғланган ва вақт ўтиши билан улар узилиши муқаррар», — деган Абу Убайда.

«Бу ерлар зайтун дарахти мисоли қаршилик жангчиларини етиштириб бераверади ва бу руҳ авлоддан авлодга қолаверади. Душман фақат куч тилини тушунади ва уни фақат қурол кучли билан енгиш мумкин», — деган «Ал-Қассам бригадаси» расмий вакили Абу Убайда.

АҚШ Исроилга таъсир ўтказмаяпти

Оқ уй оккупация остидаги Фаластинда уруш қайта бошланганининг бир йиллиги муносабати билан президент Жо Байденнинг баёнотини эълон қилди.

«Можаронинг ўтган бир йили ичида жуда кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлди, ўн минглаб одамлар ўлдирилди. Исроилликлар ҳам, фаластинликлар ҳам хавфсиз, муносиб ва тинч шароитда яшашга бирдек ҳақли», — деган Байден.

Байден гаровга олинганларни қайтариш, инсонпарварлик ёрдамини кўпайтириш ва жойлардаги азобларни енгиллаштиришга хизмат қилувчи Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришиш борасидаги ишларни давом эттиришни ваъда қилди.

Журналистлар ва ҳуқуқбонлар Байденнинг мурожаатини танқид остига олишди. Чунки АҚШ президенти можаро учун жавобгарликни ҲАМАС зиммасига юклаган ва Исроилнинг кўп йиллик ноқонуний оккупацияси, ҳарбий жиноятлари ва Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилидаги апартеид режимини тилга олмаган.

Байден маъмурияти Исроилга энг йирик қурол-яроғ етказиб берувчи ва БМТдаги дипломатик қалқон сифатидаги АҚШ ричагидан сулҳ битими тузиш учун Исроил бош вазирига таъсир ўтказишда фойдаланишни истамаётганликда айбланмоқда.

Эрон жавоб беришга тайёр

Агар Исроил Эронга жавоб ҳужуми қиладиган бўлса Эрон Қуролли кучлари қўмондонлиги камида ўнта сценарийни ишлаб чиққан. Tasnim агентлиги хабарига кўра, қўмондонлик ҳар қандай ҳаракат сценарийсини амалга оширишга тайёр, бироқ унга ўзгартириш киритиши мумкин.

«Эрон ўз жавобини исроилликлар қандай даражада амалга оширадиган бўлса, шунга яраша амалга ошириши шарт эмас, бу жавоб бошқа мақсадларга қаратилган бўлиши мумкин. Вариантлардан бирининг танланиши Эроннинг реакцияси самарадорлигини оширади», деди Эрон қуролли кучларидаги манба.

Манбанинг таъкидлашича, Исроил Эронга қараганда анча кичикроқ ва Исроил «инфратузилмаси янада заифроқ ва камроқ», шунинг учун Эроннинг жавоб ҳаракати Исроил расмийлари учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

6 октябр куни Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони контр-адмирал Алиризо Тангсирий Эрон қўмондонлиги Теҳрон Исроил билан тўқнаш келган тақдирда бир қанча ҳаракатлар режасини ишлаб чиққанини айтган эди.

Эрон қуролли кучларидаги манба Эроннинг жавоб формати ва унинг қарши ҳужумлари Исроил томони нима қилишига боғлиқлигини айтган.

АҚШ давлат департаментининг олий мартабали вакили CNN медиасига берган интервюсида Исроил ҳозирча Байден маъмуриятига Эроннинг ядровий объектларига зарба беришдан ўзини тийиш тўғрисида кафолат тақдим этмаганини билдирган.

Тунисда президент сайлови

Туниснинг амалдаги президенти Қайс Сайид мамлакатда ўтган президентлик сайловларида 90,69 овоз билан қайта сайланди.

Сайловнинг дастлабки натижаларини Туниснинг олий сайлов кенгаши раҳбари Фаррух Буасқар эълон қилган ва амалдаги президент катта устунлик билан ғалаба қозонганини таъкидлаган.

Қолган номзодлар ичида энг кўп овозни 2020 йилда «Яшасин Тунис» партиясидан депутат сифатида ўз сиёсий ҳаётини бошлаган бизнесмен Аяши Замал тўплаган — 7,35 фоиз. Учинчи номзод «Халқ ҳаракати» партияси етакчиси Зуҳайр ал-Мағзавий 1,97 фоиз овоз тўплаган.

Қозоғистонда АЭС қурилиши

Америка Қўшма Штатлари Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича адолатли тендер ўтказилишини кутмоқда ва унда иштирок этмоқчи. Бу ҳақда Олмаотага иш сафари билан борган АҚШ Савдо-саноат палатаси катта вице-президенти Ҳуш Чокси билдирган.

«АҚШ атом электр станциялари борасида энг яхши технологияларга эга. Умид қиламизки, очиқ тендер бўлиб ўтади, бу эса унда Америка компанияларига ҳам иштирок этиш имконини беради», деган Чокси.

Бир кун аввал Қозоғистонда АЭС қуриш бўйича референдум бўлиб ўтди, иштирокчиларнинг 71 фоиздан ортиғи бу ғояни қўллаб-қувватлади. Икки миллионга яқин киши бунга қарши чиқди — бу умумий сайловчиларнинг 28,88 фоизини ташкил қилади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев агар мамлакат фуқаролари АЭС қуриш ғоясини қўллаб-қувватласа, у ҳолда бу ишни халқаро компаниялар консорциуми амалга ошириши кераклигини айтган эди.

Аввалроқ, АЭС Олмаота вилоятининг Жамбил туманидаги Улкен қишлоғида қурилиши мумкинлиги хабар берилган эди. Илгари Қозоғистон ҳукумати номзодларнинг «қисқа рўйхатини» тузди, унга тўрт компания: Хитойнинг CNNC, Кореянинг KHNP, Россиянинг «Росатом» ва Франциянинг EDF компаниялари кирди.

Қурғоқчилик оқибатлари

2023 йилги қурғоқчилик дунё дарёларининг 50 фоизини саёзлаштирган. Шунингдек, юқори ҳарорат сўнгги 50 йилда музликларнинг энг кўп эришини ҳам келтириб чиқарган.

Америка қитъасидаги Миссисипи ва Амазонка дарёлари 2023 йилда рекорд даражада саёзлашди. Бу ҳақда БМТ Жаҳон метеорология ташкилоти экспертлари маълум қилди.

Ўтган йилги кучли қурғоқчилик оқибатида Шимолий, Марказий ва Жанубий Американинг кўплаб минтақаларида дарёлар оқими камайган. Маълум қилинишича, 2023 йилги об-ҳаво шароити 33 йиллик кузатувлар давомида дунё дарёлари ҳолатига энг кучли таъсир кўрсатган.

Шундай қилиб, узоқ давом этган иссиқлик Осиёдаги Ганга, Браҳмапутра ва Меконг дарёлари ҳавзаларида сув сатҳига таъсир қилди — у ўртача даражадан пастга тушди. Умуман олганда, иссиқлик барча сув ҳавзаларининг 50 фоизига таъсир қилди, уларнинг аксариятида сув танқислиги кузатилди, бу эса қишлоқ хўжалиги ва саноатга салбий таъсир кўрсатди.

2023 йилдаги юқори ҳарорат ҳам музликларнинг сўнгги 50 йилдаги энг кўп эришини келтириб чиқарди. Оқибатда 600 гигатонна сув йўқотилди, бир қатор Европа ва Скандинавия дарёларидаги сув ҳажми ортди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кейинчалик уларнинг оқими сезиларли даражада камаяди.

Мавзуга оид