Жаҳон | 21:13 / 11.10.2024
3634
3 дақиқада ўқилади

НАТОнинг янги бош котиби иттифоқчиларни Путиннинг ядровий таҳдидларига эътибор қаратмасликка чақирди

Шимолий Атлантика алянсининг бош котиби Марк Рюттенинг маълум қилишича, НАТО аъзолари Кремл ғарб давлатларининг Украинага кўрсатаётган ҳарбий қўллаб-қувватловини кучсизлантириш мақсадида билдираётган ядровий таҳдидлардан қўрқмаслиги керак.

Фото: Flickr

НАТО аъзолари Кремл ғарб давлатларининг Украинага кўрсатаётган ҳарбий қўллаб-қувватловини кучсизлантириш мақсадида билдираётган ядровий таҳдидларидан қўрқмаслиги керак. Бу ҳақда НАТО бош котиб Марк Рютте маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, кейинги ҳафта бошланадиган ядровий ўқув машғулотлари алянснинг бундай таҳдидларга жавоб қайтаришга тайёр эканини кўрсатиб беради.

Шимолий Атлантика алянсини октябр ойидан бошлаб бошқараётган Нидерландия собиқ бош вазири Sky News’га берган интервюсида «НАТО аъзолари Россия қуролларига эътибор қаратиши керакми?» деган саволга жавоб қайтарди: «Йўқ, шарт эмас, улар шундоқ ҳам эътибор қаратмаяпти».

10 октябр куни Рютте Лондонда Британия бош вазири Кир Стармер билан учрашди, кейин эса унинг Володимир Зеленский билан музокарасида иштирок этди. Украина президенти Европанинг йирик давлатлари бўйлаб сафарлар уюштириб, ўзининг «ғалаба режаси»ни муҳокама қилмоқда. Шунингдек, у Россия ҳудуди ичкарисига узоқ масофага зарба беришга мўлжалланган қуроллар етказиб берилишини оширишни сўрамоқда. Ғарб ракеталари ёрдамида бундай зарбаларнинг берилишига қўйилган тақиқнинг олиб ташланиш эҳтимоли Владимир Путинни бу борада баёнот беришга мажбур қилди: «Москва буни НАТО давлатларининг Россия—Украина қарама-қаршилигидаги тўғридан тўғри иштироки деб қабул қилади, бу эса можаронинг моҳиятини бутунлай ўзгартириб юборади».

Шу сабабдан Путин 25 сентябр куни Россия Хавфсизлик кенгашининг ядровий масала бўйича йиғилишида нутқ сўзлади ва Россиянинг ядровий доктринасини қайта кўриб чиқишга чақирди. У таклиф қилган энг муҳим ўзгариш ядровий кучга эга бўлмаган ҳар қандай давлат томонидан тажовуз содир бўлган тақдирда ядровий қуролдан фойдаланиш имконияти эди.

«НАТО — кучли. Биз ҳар қандай душманга қарши тура оламиз. НАТОнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳар қандай таҳдидга қарши туришга имкониятимиз етарли. Ва НАТО таркибига кирмайдиган давлатларнинг таҳдидлари бизни ҳеч қачон қўрқита олмайди. Бу фойдасиз, у [Путин] яхшиси бу ишни қилишни тўхтатсин», — дейди Рютте.

НАТОнинг ўз ҳудудини ядровий ҳужумдан ҳимоя қилиш бўйича Steadfast Noon номли йиллик машғулотлари 14 октябрда бошланади. Унинг таъкидлашича, бу йилги машғулотларга 60 дан ортиқ самолёт жалб этилади. Машқлар Шимолий денгиз узра – Буюк Британия, Белгия ва Нидерландия ҳаво кенгликларида ўтказилади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид