Путин Гуржистон фуқаролари учун визасиз режимни кенгайтирди
Путин Гуржистон фуқароларига Россияда 90 кундан ортиқ визасиз қолишга, шунингдек, Россия Федерациясига ишлаш учун визасиз киришга рухсат берди. Европарламент Гуржистондаги Россия таъсирининг кучайиши ва мамлакатнинг евроинтеграция истиқболларидан хавотирда.
Россия президенти Владимир Путин Гуржистон фуқаролари учун визасиз режимни кенгайтириш ҳақидаги фармонни имзолади. Мазкур фармон 10 октябр, пайшанба куни ҳуқуқий ахборот расмий интернет порталида эълон қилинди ва дарҳол кучга кирди.
Ҳужжатга кўра, эндиликда РФга кириш учун визасиз режим Россия Федерациясига меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида ёки вақтинча бўлиш учун 90 кундан ортиқ муддатга келган Гуржистон фуқароларига нисбатан қўлланади. Илгари ушбу тоифадаги Гуржистон фуқаролари визасиз Россияга кириш ёки Россия Федерациясидан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга эмас эди.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Гуржистон фуқаролари учун визасиз режим кенгайтирилишини икки давлат муносабатлари динамикаси билан боғламасликка чақирди.
Россиянинг Гуржистондаги таъсири кучаймоқда
9 октябр куни Европарламент «Россиянинг Гуржистондаги таъсири кучайиши»дан хавотир билдирувчи резолюцияни эълон қилди. Европарламент депутатлари таъкидлаганидек, бу, жумладан, Тбилиси ва Москва ўртасидаги савдо алоқаларининг мустаҳкамлангани, шунингдек, Тбилисидаги ҳукуматнинг «Россия Гуржистон суверен ҳудудининг бешдан бир қисмини босиб олгани ва Кремл томонидан Украинага қарши уруш бошланганига қарамай, Россия Федерацияси билан ярашишга тайёрлигидан далолат беради».
«Биз ўз резолюциямиз билан Бидзина Иванишвили ва унинг «Гуржистон орзуси»даги ҳамкорларига аниқ хабар юбормоқчимиз: Европа Иттифоқига аъзолик бу сиёсатга тўғри келмайди, бир вақтнинг ўзида европапараст ва кремлпараст бўлиш мумкин эмас, Европа турмуш тарзини қўллаб-қувватлаб, шу билан бирга, Сталинни улуғлашнинг имкони йўқ», — деди Европа халқ партиясининг литвалик вакили Раса Юкнявичене овоз бериш арафасида бўлиб ўтган мунозарада. Сиёсатчининг ишонтиришича, ЕП Гуржистондаги парламент сайловларининг боришини диққат билан кузатиб боради ва агар мамлакат ҳукумати «Лукашенкодан ўрнак олишга қарор қилса, ЕИ Гуржистон билан муносабатларни, жумладан, виза режимини либераллаштиришни қайта кўриб чиқишга мажбур бўлади».
Европарламентдаги кўплаб маърузачилар Гуржистон жамиятининг Европа ғояларига содиқлигини ва шу тариқа мамлакат ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари «фуқароларнинг умидларига мутлақо зид эканини» қайд этди.
Гуржистон ЕИ ёрдамидан маҳрум бўлиш хавфи остида
Шунингдек, Европарламентнинг янги резолюциясида Европа Иттифоқини Тбилиси «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни бекор қилмагунча, Гуржистон ҳукуматига ажратилган барча маблағларни музлатиб қўйишга чақирилади. Депутатлар, шунингдек, Еврокомиссиядан 26 октябр куни Гуржистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари жараёни ва янги қонунлар «Тбилисининг Европа Иттифоқига номзод давлатлар учун белгиланган мезонларга давом этишига қандай таъсир қилишини» баҳолашни сўради.
Ҳужжатда қайд этилишича, Гуржистонда яқинда қабул қилинган қонун Тбилисининг Европа Иттифоқига интеграциялашувини ҳақиқатда тўхтатиб қўйган. Шу муносабат билан Европарламент Европа Иттифоқи давлатларини «Гуржистонда демократияга путур етказишда айбдор бўлганларга, мухолифат ва тинч намойишчиларни таъқиб қилишда иштирок этганларга, шунингдек, «Ғарбга қарши дезинформация» тарқатганларга қарши шахсий санкциялар қўллашга чақиради».
Мавзуга оид
17:53 / 23.11.2024
АҚШ разведкаси Путиннинг хориждаги мухолифлари ўлдирилишига оид махфий ҳужжатларни қисман очиқлади
16:33 / 23.11.2024
Меркел: Менда ҳеч қачон Путин бўйича иллюзиялар бўлмаган
12:21 / 23.11.2024
Путин: Россия жангда «Орешник» ракетасини синовдан ўтказишда давом этади
23:44 / 22.11.2024