Фожиага Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими сабаб бўлган. Алиев Россияга қўйган талаблар бу каби ҳодисалар такрорланмаслиги учун тизим яратишга ёрдам беради. Бу эса нафақат Озарбойжон, балки Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланаётган Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳим.

25 декабр куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга учган самолёти Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида қулаб тушди. 38 киши ҳалок бўлган. Euronews ва Reuters Озарбойжон ҳукуматидаги манбаларга таяниб берган маълумотларга кўра, самолёт ҳалокатига Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбаси сабаб бўлган. Грозний устида «Украина дронлари фаоллиги кузатилаётган» вақтда самолётга ракета отилган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.

28 декабр куни Россия президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга телефон қилиб, «Россия осмонида рўй берган фожиали ҳодиса» учун узр сўради, қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Илҳом Алиев эса ушбу ҳолатда Россиядан айбдорликни расман тан олишни, қурбонларнинг оилалари ҳамда Озарбойжон давлатига товон тўлашни талаб қилмоқда. Kun.uz ушбу халқаро вазият юзасидан маҳаллий ва хорижий экспертлар билан боғланиб, улардан изоҳ олди.

Шуҳрат Расул, сиёсий таҳлилчи:

«Матбуотда Россия томони «Ковёр» тизимига апелляция қилмоқда. Бу қанақа тизим? У жорий қилинган ҳудудда, яъни ҳарбий театрда, учаётган ҳар қандай объект ўзини идентификация қилмаса, протокол бўйича уриб туширилиши керак бўлади. Энди бу маънода улар ўзларини ҳарбий протоколни бажаргандек кўрсатмоқда. Лекин жуда катта эҳтимол билан бу ерда иккита вариант бор.

Биринчиси, «Панцир-С1» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини эксплуатация қилаётганларнинг тажрибасизлиги оқибатида бўлиши мумкин. Иккинчиси эса ушбу қуролда автоматик бошқарув, нишонга олиш тизимлари мавжуд. Мана шу автоматик бошқарув тизимлари ишга тушиб кетган бўлиши мумкин.