Жаҳон | 22:40 / 25.10.2024
17518
6 дақиқада ўқилади

Қозон саммитига нега бунча кўп меҳмон келди?

BRICS+ форматини ҳам ўз ичига олган саммитга 30 дан ортиқ давлат раҳбарлари, қатор халқаро ташкилотлар намояндалари келди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида ҳафтанинг бош геосиёсий воқеаси ҳақидаги мулоҳазаларини баён қилади.

Татаристон пойтахтида ўтган BRICS саммити атрофида “Кимлар келади?”, “Нималар гапирилади?”, “Бошқа давлат раҳбарлари Россия-Украина уруши бўйича, Исроил-Фаластин можароси бўйича, коллектив ғарб ҳокимияти бўйича нималар дейди?” деган саволлар кўпчиликни қизиқтирди, интригаларга сабаб бўлди.

Қисқача бўлса-да, BRICS тарихига тўхталиб ўтсак. BRICS 2006 йилда тузилди, бошида бу уюшмага бор-йўғи тўртта давлат аъзо эди: Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой. 2011 йилга келиб ташкилотга Жанубий Африка Республикаси қўшилиши оқибатида BRICS абривиатураси пайдо бўлган эди. 2000-йилларнинг ўрталарида бу давлатларнинг иқтисодиёти ҳозиргига қараганда анча заиф эди, қолаверса, бу давлатлар коллектив ғарбга қарши тирашув ҳолатида эмас эди. Шунинг учун BRICSнинг энг бошланғич мақсади – ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, муштарак манфаатлар учун бирга лойиҳалар ишлаб чиқиш эди.

BRICS 2024 йилнинг январ ойида тўртта янги аъзо давлат ҳисобига янада кенгайди, булар: Эрон Ислом Республикаси, Эфиопия, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари. Саудия Арабистони ҳам шу санадан ташкилот аъзоси бўлиши кутилган бўлса-да, бу ҳали расман содир бўлгани йўқ. Шунингдек, BRICSга аъзо бўлишга қизиқаётган, ариза берган ва аъзоликни кутаётган давлатлар сони ҳам кўпайиб бормоқда, булар: Малайзия, Индонезия, Озарбайжон, Сурия Араб Республикаси. Қозоғистон BRICSда кузатувчи мақомига эга, лекин бир неча кун олдин аъзо бўлишга шошилмаслигини билдирди. Туркия ҳам BRICSга қизиқишини билдириб, Ғарб давлатлари билан “савдолашмоқда”: “Агар менга Европа Иттифоқи эшикларини тезроқ оқмасангиз, BRICSга кетиб қоламан...”

BRICS – бу тўлақонли халқаро ташкилот эмас. Унинг штаб квартираси йўқ, ташкилий тузилмаси жуда содда, секретариати йўқ. Аслида, BRICSни клуб дейиш мумкин. Иқтисодий ва геоиқтисодий клуб. Худди “Еттилик гуруҳи” (G7) каби. BRICSнинг ягона доимий ишлаб турувчи ташкилоти – бу BRICS банки (Янги тараққиёт банки) ҳисобланади. Аъзо давлатлар банкка тенг улушда пул киритади. Ва бу пул аъзо давлатлардаги лойиҳалар учун ишлатилади. Лекин, қизиғи шундаки, BRICS банки кейинги икки йилда Россияга нисбатан жорий қилинган барча санкцияларга риоя этиб келмоқда. Яъни, Россия BRICS банкига пул беради, лекин ололмайди, ишлата олмайди.

BRICSга аъзо давлатлар ўзаро уюшишдан икки йўналишдаги мақсадларни кўзлайди. Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Эрон Ислом Республикаси ва каби давлатлар бу ташкилотни Ғарбнинг иқтисодий ва геосиёсий гегемониясига қарши уюшма сифатида кўради, шунинг учун бу ташкилот Ғарбга, АҚШга қарши лойиҳаларни жадаллаштириши керак деб ҳисоблайди.

Иккинчи тоифа давлатлар – бу шунчаки иқтисодий ва геоиқтисодий лойиҳалар қилиб, ички иқтисодий ўсиш учун имкон ва замин излаётган давлатлардир. Уларнинг АҚШ ва коллектив ғарб билан муносабатлари нормал ёки ижобий, шунинг учун BRICSнинг ҳаддан ташқари сиёсийлаштирилишига шубҳа билан қарашади. Бундай давлатлар қаторида Ҳиндистон, Араб Амирлиги, Миср ва Саудия Арабистонини санаш мумкин.

BRICSдаги энг вазнли давлатлардан иккитаси бу ташкилотни АҚШ ва Ғарбнинг иқтисодий қудратига қаршилик кўрсатиш таянчи сифатида кўришни истайди. Булар – Россия Федерацияси ва ХХР. Уларнинг фикрлаши қуйидагича: АҚШ ва Ғарб қудратининг иккита устуни бор, булар иқтисодий қудрат ва ҳарбий салоҳият. BRICS эса Ғарбнинг иқтисодий қудрати ва монополияси билан курашиши керак. Шунинг учун, BRICS доллар монополиясини йўқотиш йўлидаги энг асосий платформа бўлиши керак. Қозондаги интригалардан бири ҳам шу бўлди: BRICS доирасида ўзаро савдоларни долларда эмас, миллий валюталарда амалга ошириш кераклиги таъкидланди, Америка бошқарадиган SWIFT тизимидан воз кечиб, BRICSнинг ўз тизимини яратиш кўп марта тилга олинди. Яъни кичик қадамлар билан, BRICS Ғарб иқтисодий тизимидан чиқиш учун йўл изламоқда.

BRICS саммити Путин учун “изоляциядан чиқиш йўли” сифатида кўрилди. Россия-Украина уруши бошланганидан бери, ҳали Россияга бу қадар кўп лидерлар келмаганди. Бу лидерларнинг катта қисми – вазни оғир давлатлардан. Қолаверса, бу саммитга БМТ бош котиби Антониу Гуттерриш ҳам келди. Бу ҳолат Ғарбни, Украинани жуда ғазаблантирди.

Нега Қозон саммити Путин учун муваффақиятли бўлди? Сабаби, кейинги бир йилдан ошиқ вақт ичида давом этаётган Ғазо қатлиоми Ғарбга бўлган ўртамиёна ишончни йўқотди, Ғарбнинг икки стандартли экани жуда очиқ кўриниб қолди. Агар Украина уруши фонида, Ғазода бу қадар катта қатлиом бўлмаганида, ёки Ғарб Исроилни тўхтата олганида эди, дунё ҳозиргидек ташналик билан Ғарбга муқобил изламаган бўлар эди.

Қозон саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам нутқ сўзлади. Ўзбекистон президенти BRICS борасида геосиёсий оҳангдаги чиқиш қилмади, яъни BRICSга на ижобий, на салбий баҳо бермади. Балки, дунёдаги вазият қалтислашиб бораётгани айтилди. Лекин, энг асосийси – Ўзбекистон президенти Исроилнинг жиноятларига муносабат билдириб, “ҳеч қандай сиёсий баҳоналар тинч аҳолининг, болалар ва аёлларнинг оммавий ўлимини оқлай олмайди” деган мазмунда чиқиш қилди.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид