Испания: Мбаппе офсайд қопқонида, Фликнинг режаси идеал даражада иш берди

«Реал» – «Барселона» 0:4
Голлар: 0:1 – 54 Левандовски, 0:2 – 56 Левандовски, 0:3 – 77 Ямал, 0:4 – 84 Рафиня.
«Реал» – Лунин, Менди, Рюдигер, Милитао, Васкес, Камавинга (Браим Диас, 77), Тчуамени (Модрич, 63), Валверде, Беллингҳем, Винисиус Жуниор, Мбаппе.
«Барселона» – Пеня, Балде, Мартинес, Кубарси, Кунде, Педри, Касадо (Олмо, 65), Лопес (де Йонг, 46), Рафиня, Ямал, Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Касадо (44), Кунде (69), Мартинес (75), Винисиус Жуниор (80), Пеня (82).

Ҳафта ўртасида «Реал» ва «Барса» Чемпионлар лигасида ёрқин ўйинлар ўтказганди. Жамоалар том маънода «класико» арафасида бир-бирини қўрқитиб қўйишга ҳаракат қилганди. Мадриддаги ўйинда каталонияликлар «Бавария»га қарши ўйиндаги таркибда тушиб келишди. «Реал» футболчилари эса бир кун кўпроқ дам олганидан ташқари, майдон марказида Камавинга ва Тчуамени қайтиши мумкин эди.

Меҳмонларда мудофаа чизиғи юқори жойлаштирилиши – ўйин қандай кечишини белгилаб берди. «Реал» мунтазам равишда «Барса» ҳимоячилари ортида очилишга ҳаракат қилди. Тезкор Мбаппе мунтазам равишда узатмалар билан таъминланди. Француз ҳужумчиси тезкор гол уришига бир бахя қолди, кейин Белингҳемга ассист муаллифи бўлиши мумкин эди, кейин Винисиус билан шундай вазият юзага келди. Лекин у ҳар сафар офсайдда бўлди.

22-дақиқада Винисиус офсайд тузоғидан қочиб қолди ва у гол уриши лозим эди, аммо унинг яқин бурчакка зарбаси ўхшамади. Лекин тўп дарвоза тўрига борганида ҳам гол ҳисобланмаслиги мумкин эди. Ҳужум Тчуамени Педрига қўполлик қилиши орқали бошланганди. Бундай эпизод карточкага тортарди (сариқ ёки қизил), аммо арбитр бу вазиятни ўтказиб юборди, VAR ҳакамлари ҳам буни қизил эмас деб топишди ва унга ишора беришмади.

30-дақиқада «Барселона» ҳимоячилари олдинга чиқиб кетганида гол ўтказиб юборди. Мбаппе буни ҳиссиётга берилиб нишонлади. Кейин эса у яна офсайдда қолгани маълум бўлди.

«Реал» футболчилари биринчи бўлим давомида саккиз марта (олти марта Мбаппе) офсайдга тушишди (бутун ўйин давомида 12 марта). Ҳолбуки, олдинги 10 турда жами офсайд ҳолатлари сони – атиги 12 та бўлганди. Шу билан бирга, бу рақамлар мезбонлар фаолроқ ҳаракатланганини кўрсатади. Биринчи бўлимда Кубарси «Барселона»нинг энг заиф нуқтаси эди. 17 ёшли марказий ҳимоячи ҳаяжонланаётгани яққол кўриниб турарди, шу туфайли бўлим давомида бир неча хатога йўл қўйди. «Барселона»да ҳам вазиятлар бўлди. Ямал амалда дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борди, аммо Лунинни доғда қолдира олмади, қолаверса, бу вазиятда Менди унинг яхши зарба беришига халақит қилди.