Англия: Лондонда ҳимоясиз ўйин

«Тоттенҳэм» — «Ливерпул» 3:6
Голлар: Мэддисон (41), Кулусевски (72), Соланке (83) — Диас (23, 85), Мак Аллистер (36), Собослаи (45+1), Салоҳ (54, 61).
«Тоттенҳэм» – Форстер, Спенс, Грэй, Дрэгушин, Порро, Биссума, Сарр (Бергвалл, 58), Сон (Вернер, 82), Мэддисон (Жонсон, 58), Кулусевски, Соланке.
«Ливерпул» – Алиссон, Робертсон, ван Дейк, Гомес, Александер-Арнолд, Мак Аллистер (Жонс, 68), Гравенберҳ, Гакпо (Жота, 68), Собослаи, Салоҳ (Эллиот, 87), Диас (Нунес, 87).
Огоҳлантиришлар: Гакпо (31), Собослаи (52), Бергвалл (79).

«Ливерпул» ўтган мавсумнинг биринчи даврасидаги можароли ўйиндаги мағлубиятни (Диого Жота баҳсли вазиятда четлатилиши, Луис Диаснинг тоза голи инобатга олинмаслиги, тўққиз киши бўлиб ўйнаган мерсисайдликлар қўшимча дақиқаларда Матипнинг автоголи туфайли ютқазиши) ҳали анча вақтгача унутмайди. Қизиллар жавоб ўйинида қасос олишганди (4:2), аммо жорий мавсумнинг 17-тури марказий учрашувида «Ливерпул» меҳмон эмас, мезбондек ҳаракат қилди. Мерсисайдликлар ёввойи прессинги билан «Тоттенҳэм»ни 3-дақиқаданоқ қўрқувга сола бошлади, Форстер тўпни Салоҳнинг оёғига ташлаб берганида, мисрлик ҳужумчи дарвозага тўғри зарба бера олмади. Бир дақиқа ўтиб Диаснинг зарбасидан кейин тўп устун ёнидан ўтиб кетди, 10-дақиқада қизил футболкадаги футболчилар учинчи хавфли вазиятга эга бўлишди — Салоҳнинг зарбасини дарвозабон қайтарди.

Вақт ўтган сайин қанот ҳимоячиси бўлган 18 ёшли Грейни мудофаа марказига қўйишга мажбур бўлган «Тоттенҳэм» бундай босимга дош бера олмаслиги ойдинлашиб борди. Салоҳ айнан ёш ҳимоячини жарима майдонида алдаб ўтиб, кучли зарбаси билан тўсинни титратди. 23-дақиқада эса Трент ўз услубидаги узатмаси билан тўпни Диаснинг бошига қўндириб берди. Колумбиялик ҳужумчининг бу сафарги голини ҳеч ким бекор қила олмасди.

Умуман олганда, «Ливерпул» бу мавсумдаги энг кучли бўлимини ўтказди. Слот жамоаси том маънода «Тоттенҳэм»ни жарима майдонига қамаб қўйди ва тўпни қанотдан қанотга ошириш орқали ҳимоячиларни чарчатиб, Форстер дарвозаси қаршисида таҳликали вазият юзага келтирди. Узатмалардан бири Собослаининг бошига келди, у аниқ зарба бера олмади, аммо Мак Аллистер тўпни дарвозага киритиб юборди.

«Шпорлар» эса узун паслар эвазига рақиб ҳудудига етиб боришга уринди. Бу кўпам иш бермади, аммо мезбонлар барибир жавоб голини уришди. Бу Мак Аллистернинг хатоси туфайли рўй берди — Мэддисон тўпни олиб қўйди ва Алиссоннинг яқин бурчагини нишонга олди. «Ливерпул» фанатларида ҳакамга эътироз бўлгани табиий — Алексисга қўполлик ишлатилган бўлиши ҳам мумкин эди.