Ўзбекистон | 14:54
783
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёнинг 4 туманига кўз тўр парда касалликларини аниқлайдиган камералар тақдим этилди

ЖССТ ва Бутунжаҳон қандли диабет жамғармаси Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига бешта фундус-камера тақдим этди. Камералардан 2-тоифа қандли диабетнинг оғир асоратларидан бири – диабетик ретинопатияни эрта ташхислашда фойдаланилади.

Фото: ЖССТ

Сирдарёнинг Гулистон, Сардоба, Оқолтин ва Боёвут туманларига диабетик ретинопатияни эрта ташхислайдиган фундус камералар тадқим этилди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилди.

Фундус-камералардан кўз тўр парда касалликлари, жумладан, 2-тоифа қандли диабетнинг оғир асоратларидан бири – диабетик ретинопатияни эрта ташхислашда фойдаланилади. Диабетик ретинопатия аксарият ҳолларда кўриш қобилиятининг пасайиши ва эҳтимолий кўрликка олиб келади. Ўзбекистонда 2-тур қандли диабет туфайли юзага келадиган тўр парда шикастланишини аниқлаш учун режали текширувлар кенг тарқалмаган.

Лойиҳа доирасида Сирдарё вилоятининг тўртта пилот туманида 2-тоифа қандли диабет билан касалланган барча беморлар диабетик ретинопатия бўйича кўрикдан ўтказилади. Ретинопатия ташхиси қўйилган беморлар Гулистондаги ёки Тошкентдаги кўз микрохирургияси марказига лазерли коррекция учун юборилади. Лойиҳа ЖССТ, Бутунжаҳон қандли диабет жамғармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги иштирокида ташкил қилинган.

Кўзи ожизликнинг олдини олиш халқаро агентлигига тегишли Vision Atlas маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 3,3 миллион киши кўриш қобилиятининг пасайишига дуч келган. Улардан 94 000 нафари турли сабабларга кўра, жумладан, диабетик ретинопатия туфайли бутунлай кўр бўлиб қолган.

Мавзуга оид