Жаҳон | 00:26 / 27.10.2024
6253
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ mpox билан касалланиш 22 ой ичида рекорд даражага чиққанини маълум қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сентябр ойида mpox билан касалланишга оид 2 763 та ҳолатни қайд этган.

Фото: Report.az

Бутун дунёда 2024 йилнинг сентябрь ойида 2,7 мингдан ортиқ инсонда mpox вируси (маймунчечак) аниқланди, деб хабар беради Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти.

«Сентябр ойида mpox билан касалланишга оид 2 763 та ҳолат тўғрисида хабар келиб тушди. Бу 2022 йилнинг ноябридан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткич бўлиб, дунёда касалланиш ҳолати ортаётганидан далолат беради», — дейилади ЖССТ хабарида.

Статистикага кўра, август ойи билан таққослаганда касалланиш ҳолати 8 фоизга ошган. Энг кўп ўсиш ҳолати Африка ҳисобига тўғри келмоқда (35 фоиз) — қитъада сентябр ойида mpox вируси 1 756 кишида аниқланган. Шу билан бирга, Европада касалланиш ҳолати сентябр ойида 26 фоизга (211 та ҳолат), Америкада эса 32 фоизга (426 та ҳолат) камайган.

Таъкидланишича, 2022 йилнинг 1 январидан жорий йилнинг 30 сентябрида қадар дунёнинг 123 та давлатида қарийб 110 минг кишида mpox аниқланган, беморларнинг 236 нафари вафот этган.

Маълумот учун, mpox (маймунчечаги) вируси август ойи ўрталарида Африка минтақасида фавқулодда ҳолат деб эълон қилинган эди. Энг кўп юқиш ҳолатлари Конго, Бурунди ва Нигерияда аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, сентябр ойида ЖССТ mpox’га қарши илк вакцинани тасдиқлаган эди.

Мавзуга оид