Киевга ҳужум вақтида Россия дрони Эстония элчиси яшайдиган уйга келиб урилди
Россия 7 ноябр куни 106 та учувчисиз учиш аппаратларини учирган бўлиб, украиналик ҳарбийлар 74 та дронни уриб туширишга муваффақ бўлган.
Россия томонидан 7 ноябр куни Киевга уюштирилган ҳужум давомида учувчисиз учиш аппарати Эстониянинг Украинадаги элчиси Аннели Колк яшайдиган уйга келиб урилди. Бу ҳақда Эстония Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Маргус Цахкна маълум қилди.
Early yesterday, the building where #Estonian amb @AnnelyKolk lives in #Kyiv was hit by a Russian drone.
— Margus Tsahkna (@Tsahkna) November 8, 2024
She was lucky not to be harmed.
No one is safe in #Ukraine until Russia stops its aggression. 🇺🇦needs more air defense to protect its residents.
We must not get used to this. pic.twitter.com/bUTz3c5AT6
«Яхшиямки, унга ҳеч қандай зарар етмади. Россия ўз босқинини тўхтатмас экан, Украинадаги ҳеч ким хавфсизликда эмас. Украинага ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари керак. Биз бунга кўникиб қолмаслигимиз лозим», — дейди вазир.
Колкнинг сўзларига кўра, дрон ўзи яшайдиган кўп квартирали уйга келиб урилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган.
Россия 7 ноябр куни Украина томон 106 та учувчисиз учиш аппаратларини учирган бўлиб, украиналик ҳарбийлар 74 та дронни уриб туширишга муваффақ бўлган, яна 25 та қурилма мамлакатнинг турли ҳудудларида «кўздан ғойиб бўлган». Киев шаҳри ҳукуматининг маълум қилишича, уриб туширилган дронларнинг қолдиқлари тўртта туманга қулаши оқибатида ёнғин юз берган.
Июн охирларида Полша, Литва, Латвия ва Эстония Европа Иттифоқини Россия ва Беларус билан чегарада мудофаа чизиқлари қуришга чақирганди. Бундай линия қурилиши 2,5 миллиард еврога тушиши мумкинлиги айтилган эди.