Ўзбекистон болалар, эрта ва мажбурий никоҳ муаммосига эга давлатлар қаторига кирди
Мамлакатда болалар никоҳи энг паст кўрсаткич – 3,4 фоиз бўлиб, сўнгги ўн йил ичида сезиларли даражада камайган. Бироқ, баъзи муаммолар сақланиб қолгани қайд этилган.
Болалар, эрта ва мажбурий никоҳ (БЭМН) Евросиёда кенг тарқалган ва етарлича ҳал этилмаган муаммо бўлиб қолмоқда. Бунда кам таъминланган оилалар, қишлоқ жойлари ва можаролардан азият чеккан ҳудудлардаги қизлар ва ёш аёллар ўртасида сезиларли даражада юқори кўрсаткичлар сақланиб қолган. Бу ҳақда Equality Now халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида айтилади.
Қайд қилинишича, Гуржистон ва Қирғизистон Евросиёда болалар никоҳининг энг катта кўрсаткичига, Ўзбекистон эса энг кичик кўрсаткичига эга.
Тадқиқотда Евросиёнинг еттита давлати: Арманистон, Озарбойжон, Гуржистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондаги болалар никоҳи, эрта никоҳ ва мажбурий никоҳ (БЭМН) муаммоси ҳар томонлама таҳлил қилинган. У инсон ҳуқуқларининг бузилишига қарши курашиш учун асосий сабаблар, оқибатлар, ҳуқуқий ва сиёсий асослар ва эҳтимолий аралашув стратегияларини ўрганади.
Ҳисоботда айтилишича, етти давлатнинг барчаси болалар ва мажбурий никоҳга оид қонунларни ислоҳ қилиш бўйича чоралар кўрган, бироқ фақат Гуржистон ва Озарбойжон никоҳ учун минимал ёшни истисносиз 18 ёш деб белгилаган.
Қолганлари ота-она розилиги ва/ёки маҳаллий ҳокимият рухсати билан 18 ёшга тўлгунга қадар никоҳ қуришга рухсат берувчи қонуний қоидаларни сақлаб қолмоқда. Россиянинг бир қанча минтақаларида 14 ёшдан бошлаб никоҳга рухсат берилган.
Вояга етмаганлар иштирокида расмий рўйхатга олинган никоҳлар даражаси мамлакатлар ўртасида ва мамлакат ичида сезиларли даражада фарқ қилади. Гуржистон энг юқори тарқалиш даражасига эга, 20 ёшдан 24 ёшгача бўлган аёлларнинг 14 фоизи 18 ёшдан олдин турмушга чиқди ва Квемо Картли каби қишлоқ жойларида бу кўрсаткич 25 фоизга этади. Қирғизистонда ҳам юқори кўрсаткич бор, худди шу ёшдаги аёлларнинг тахминан 13 фоизи 18 ёшдан олдин турмушга чиқади.
Ўзбекистонда болалар никоҳи энг паст кўрсаткич – 3,4 фоиз бўлиб, сўнгги ўн йил ичида сезиларли даражада камайган. Бироқ, Шарқий минтақада тарқалиш даражаси 11 фоиз миқдорида қолмоқда.
Арманистонда эрта турмуш қуриш даражаси 5 фоизни ташкил этади ва бу амалиёт камайиб бораётган дунёдаги етакчи ўнта мамлакат қаторига киради. Тараққиётга қарамай, қизлар 13 ёки 14 ёшида турмушга бериладиган язидийлар жамоасида ёш никоҳлар ҳамон кенг тарқалган.
Equality Now ташкилоти ҳукуматларни никоҳ учун минимал ёшни истисносиз 18 ёш этиб белгилашга чақирмоқда. Ҳукуматлар, шунингдек, қизларни ёш турмушга узатмаслик ва мактабда ушлаб туриш учун оилаларни моддий рағбатлантириш чораларини кўриши керак, деб ҳисобламоқда.