Ўзбекистон | 16:00
405
2 дақиқада ўқилади

Сув хўжалигида рақамли технологияларни жорий этиш орқали 530 млн куб метр сув иқтисод қилинди

Қозоғистоннинг "Инфозакон" электрон нашрида "Рақамлаштириш Ўзбекистонда сув танқислиги муаммоларини оқилона ҳал қилиш имконини беради" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Фото: Дунё

 "Иқлим ўзгариши, музликларнинг эриши билан боғлиқ охирги 20-30 йилда кузатилаётган тенденция давом этадиган бўлса, минтақанинг асосий сув таъминоти ҳисобланган икки йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими яқин йилларда ҳозиргидан 10-15 фоизга қисқариши мумкин", – дейилган мақолада.

Шу боис Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳани бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ва "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида бу борада вазифалар белгилаб берилган, деб таъкидланган нашрда.

Қайд этилишича, ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда республикадаги сув хўжалиги объектларида 11 446 та "Ақлли сув" қурилмаси ўрнатилди. Бу қурилма орқали сувнинг ҳисоби онлайн режимда мониторинг қилиниб, аниқ ҳисоб юритиш, фойдаланиш ва оператив бошқариш имконияти кенгайиб бормоқда.

Манбада, шунингдек, Австралиянинг Rubicon Water компанияси технологиялари асосида Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги "Миришкор-Қамаши" каналларида 26 та замонавий сув затворлари ўрнатилгани, гидротехник иншоотларнинг бошқарув жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилгани маълум қилинган.

"Таҳлиллар шуни кўрсатдики, сув хўжалиги объектларида рақамли технологияларни жорий этиш орқали сув назорати ва ҳисоб-китоби онлайн юритилиб, сувни тезкор бошқариш орқали 2021 йилда 350 миллион куб метр, 2022 йилда 410 миллион куб метр ва 2023 йилда 530 миллион куб метр миқдорида сув ресурслари иқтисод қилинди", – деб хабар қилган "Инфозакон" электрон нашри. 

Мавзуга оид