Ўзбекистон миллий регулятор органи ICH'га кузатувчи мақомида расман қабул қилинди
Жорий йилнинг 5-7 ноябр кунлари Канаданинг Монреал шаҳрида бўлиб ўтган фармацевтика маҳсулотларига қўйиладиган техник талабларни уйғунлаштириш бўйича халқаро кенгаш (ICH) ассамблеясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистондан “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси директори Алишер Темиров иштирок этди. Бу Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли ташкилот йиғилишидаги илк қатнашуви ҳисобланади.
Маълумот учун, ICH (International Council for Harmonisation of Technical Requirements for Pharmaceuticals for Human Use) 1990 йилда ташкил этилган бўлиб, дори воситалари сифатини, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш учун фармацевтика маҳсулотлари учун халқаро илмий ва техник талабларни мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳисобланади. Бугунги кунда ICH таркибида 19 та тўлақонли аъзо ва 36 та кузатувчи мақомидаги иштирокчи мавжуд бўлиб, улардан асосийлари АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, шунингдек, бир нечта халқаро ташкилотларнинг тартибга солувчи органларидир.
Кенгашда ўз тақдимоти билан нутқ сўзлаган Алишер Темиров, Ўзбекистон миллий регулятор органи ва унинг вазифалари ҳамда аҳолини сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашда муассаса томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Бу эса ICH аъзолари томонидан юқори эътироф этилиб, йиғилиш якунида “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасини ICH’га расмий равишда кузатувчи мақоми сифатида қабул қилиниши бир овозда маъқулланди.
ICH’га қўшилиш Ўзбекистоннинг халқаро фармацевтика майдонидаги ўрнини мустаҳкамлаш, аҳолига тақдим этилаётган дори воситалари сифатини яхшилаш, шунингдек, фармацевтика соҳасида жаҳон мамлакатлари миллий регулятор органлари билан халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради.
«Айтиш жоиз, ICH’да кузатувчи мақомини олиш мамлакатимизнинг жаҳон фармацевтика ҳамжамиятига интеграциялашуви жараёнидаги муҳим қадам бўлиб, маҳаллий тартибга солиш стандартларини халқаро талаблар билан уйғунлаштириш имконини яратади», дейилади хабарда.
Мавзуга оид
23:22 / 18.12.2024
Маҳаллий фармацевтика корхоналарига берилган божхона имтиёзлари 2028 йилгача узайтирилади
21:24 / 23.11.2024
Олимлар бактериялардан янги антибиотик яратди
11:40 / 16.10.2024
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорига ўринбосар тайинланди
20:04 / 14.10.2024