Олимлар бактериялардан янги антибиотик яратди
Бактерияларнинг антибиотикларга чидамлилиги ортиб бормоқда ва бу – замонавий тиббиётнинг энг жиддий муаммоларидан. Муаммо ечимларидан бири эса бактерияларни бир-бирига қарши қўллаш бўлиши мумкин: олимлар бактериялар ўз рақобатчиларига қарши курашиш учун ишлаб чиқарадиган даробактин моддаси асосида экспериментал антибиотик яратиш устида ишламоқда.
Кўпчилик дорилар инфекцияларга қарши курашда ўз самарадорлигини йўқотмоқда, янги антибиотиклар эса жуда секин ишлаб чиқилади. Бироқ олимлар бу муаммони ҳал қилиш йўлида муҳим қадам қўйди. Улар модификацияланган даробактин асосида яратилган экспериментал дори воситасини тақдим этди. Даробактин — бактериялар ўз рақобатчиларига қарши курашиш учун ишлаб чиқарадиган модда.
2024 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) антибиотикларга чидамлиликни ривожлантиришга қодир бактериал патогенлар рўйхатини янгилади. Улар орасида, Acinetobacter baumannii, Pseudomonas aeruginosa ва E. coli бор. Ушбу бактериялар кўпинча перитонит, сийдик йўллари инфекцияси ва пневмония каби мураккаб ва даволаш қийин бўлган инфекцияларни келтириб чиқаради.
Мазкур патогенлар билан курашиш қобилиятига эга янги антибиотиклар жуда керак, бироқ уларни излаб топиш мураккаб вазифа ҳисобланади. Потенциал номзодлардан бири даробактин бўлиб, у табиий антибиотик саналади. Даробактин бактериал ҳужайра оқсилларига боғланиб, унинг ҳаётий фаолиятини бузади ва бактерияни нобуд қилади.
Ролф Мюллер ва Женнифер Ҳеррманн раҳбарлигидаги мутахассислар гуруҳи бир қатор тадқиқотлар ўтказди. Бу тадқиқотлар натижасида генетик модификацияланган даробактин (D22 деб номланади) лаборатория шароитида ва ҳайвонлар устида олиб борилган тажрибаларда чидамли микроорганизмлар ўсишини тўхтатиш қобилиятига эга экани исботланди.
Биринчи босқичда олимлар Acinetobacter baumannii билан зарарланган зебра балиқларининг эмбрионларида D22 препаратининг самарадорлигини лаборатория шароитида текширди. Натижалар кўрсатишича, дори инфекцияни муваффақиятли йўқ қилади ва мураккаб бактериал инфекцияларни даволашда кенг қўлланадиган сипрофлоксацин каби самарали таъсир кўрсатади.
Кейинги босқич препаратни Pseudomonas aeruginosa ва E. coli билан зарарланган сичқонларда синаб кўриш бўлди. Тажрибалар D22 ни юборишнинг энг самарали усули инъекция экани тасдиқлади, оғиз орқали қабул қилиш сезиларли даражада камроқ натижа берган.
Pseudomonas aeruginosa келтириб чиқарган инфекцияда D22 ни кўп марта юбориш, тўқималардаги бактериялар сонини сезиларли даражада камайтирди, бироқ инфекцияни тўлиқ бартараф эта олмади. E. coli қўзғатган қорин бўшлиғидаги оғир инфекция ҳолатида эса D22 ни 25 соат давомида тўрт марта юбориш бактерияларни бутунлай йўқ қилди.
Худди шу қўзғатувчи туфайли юзага келадиган сийдик йўлларининг мураккаб инфекциясини даволашда, уч кун давомида кунига икки марта қилинган инъекциялар бактериялар сонини сезиларли даражада камайтирди.
Натижалар модификацияланган даробактиннинг чидамли патогенларга қарши юқори самарадорлигини тасдиқлайди. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, D22 янги антибиотиклар яратиш учун асос бўлиши мумкин бўлган инновацион ечимдир. Бироқ уни якуний баҳолаш учун одамларда клиник синовлар ўтказиш зарур.
Бундай препаратларнинг кашф этилиши бактерияларнинг чидамлилиги билан боғлиқ глобал муаммони бартараф этиш ва антибиотикларнинг самарадорлигини қайта тиклашга умид беради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, хавфли инфекцияларни самарали даволаш учун доимий саъй-ҳаракатлар ва сармоя талаб этилади.