Жамият | 20:50 / 20.11.2024
2993
2 дақиқада ўқилади

Самарқандлик фуқаро диний экстремистик материалларни тарқатгани учун 3 йилга қамалди

19 ёшли йигит судда диний мазмундаги қўшиқларни маъносини тушунмай, оҳанги ёқиб қолгани учун эшитиб юрганини айтган.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи йигит диний экстремистик мазмундаги материалларни тарқатгани учун судланган. Бу ҳақда “Zamon” информацион дастурида хабар берилди.

Маълум бўлишича, йигит Telegramʼда гуруҳ очиб, интернетдан юклаб олинган диний мазмундаги мусиқаларни жойлаб борган.

Судланувчи томонидан юритиб келинган гуруҳ кўздан кечирилганда, унда 5 та диний мазмундаги тақиқланган нашидалар борлиги ва уларнинг барчаси йигитга тегишли телефондан юборилгани аниқланган.

Йигит суддан енгиллик сўраб, қилмишидан пушаймон эканини таъкидлаган. У Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди (оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.

Судя унга 57-моддани (енгилроқ жазо тайинлаш) татбиқ этган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Судланувчи суд мажлисида араб тилини умуман билмаслигини, диний қўшиқларни турли каналларда эшитиб қолгани ва ёққани учун маъносини тушунмасдан гуруҳга жойлаганини таъкидлаган.

Мавзуга оид