"16 ёшли" аёлнинг 1 яшар эгизак фарзанди. Эрта никоҳни тарғиб қилганлар огоҳлантирилди
Instagram'да ўзларини 19 ёш ва 16 ёш деб таништирган ота-она 1 яшар эгизак фарзандлари борлиги билан мақтанди. Бу эрта никоҳ тарғиботи ҳисобланади, аммо алоҳида нормалар йўқлиги уларни жазодан қутқариб қолди.
Интернетда 2005 йилда туғилган йигит ва 2008 йилда туғилган қизнинг 1 ёшли эгизак фарзандлари борлиги ҳақидаги видеоролик тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолатни ўрганди.
Видео жорий йилнинг 21 ноябр куни Тошкентда инста-блогер томонидан тасвирга олинган ва унинг 1 миллиондан ортиқ обуначилари бор саҳифасига жойланган. Видеода инста-блогер ёшларни 15 ёшда фарзанд кўрган ота-она деб талқин қилган ва “ҳали ҳам ўтирибсизларми, уйланинглар тезроқ" деб кузатувчиларни эрта турмуш қуришга чақирган.
Болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан суриштиров олиб борди. “Маълум бўлишича, роликда ўзини 2005 йилда туғилганини айтган йигит аслида 2003 йилда, 2008 йилда туғилганини айтган қиз эса 2005 йилда туғилган бўлиб чиқди. Ҳолат тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олинди ва айни пайтда ролик тармоқлардан ўчирилди. Ёшлари ҳақида кузатувчиларга нотўғри маълумот берган эр-хотин эса огоҳлантирилди”, - дейди Kun.uz сайтига изоҳ берган Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова.
Нега фақат огоҳлантириш?
Ўзбекистонда никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланган. Бу ўринда ёш эр-хотинлар ўзларини 18 ёшга етмаганликлари ҳақидаги нотўғри маълумот бериш билан бу ноқонуний ҳаракатни тарғиб қилишган. Аммо Ўзбекистон қонунчилигида эрта никоҳни тарғиб қилганлик учун алоҳида нормалар йўқ. Шу боис эр-хотинларга нисбатан фақат огоҳлантириш чораси қўлланган.
Эрта никоҳни тарғиб қилиш мавзусида ролик олиб, миллионлаб аудиторияга тақдим этган инста-блогер ҳам айни вақтда жазосиз қолади.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Kun.uz мухбири билан суҳбатда эрта никоҳ тарғиботи учун ҳам жавобгарликни жорий қилиш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда бир йилда 22та эрта никоҳ ҳолатлари аниқланиб, 41 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 55 та эрта никоҳ ҳолатларининг эса олди олинган.
Мавзуга оид
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
09:31 / 20.11.2024
Жиззахда икки бола машина уриб кетиши оқибатида вафот этди
16:55 / 15.11.2024
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун имзоланди
13:49 / 14.11.2024