Жаҳон | 23:30 / 26.11.2024
4985
4 дақиқада ўқилади

Кремл туғилиш кам бўлган ҳудудларнинг губернаторларини истеъфога чиқаришни бошлайди

Россияда туғилиш камайиб бормоқда. Мамлакат президентининг администрацияси 2025 йилдан бошлаб губернаторлар фаолияти самарадорлигини минтақадаги туғилиш даражасига қараб баҳолайди.

Фото: Nikolay Vinokurov

Россия президентининг администрацияси 2025 йилдан бошлаб губернаторлар фаолияти самарадорлигини минтақадаги туғилиш даражасига қараб баҳолайди. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбага таяниб, «Вёрстка» хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, айни вақтда ҳукуматда Кремл учун умумий туғилиш коэффициентини ҳисоблаш (KPI) қўлланмаси тайёрланмоқда (репродуктив ёшдаги бир нафар аёлга тўғри келадиган болалар сони) ва у минтақа раҳбарлари фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари қаторига киритилади.

«Туғилиш [кейинги йилдан] баҳоланади, бироқ менга бундай баҳолаш аллақачон йўлга қўйилгандек туюлмоқда», — дейди манба. У Кремл туғилиш кўрсаткичларини оширишни талаб қилиш мумкинлигидан хавотирда эканини, аммо жиддий маблағларни йўналтирмасдан буни амалга ошириб бўлмаслигини билдирган.

KPI’ни бажармаган губернаторлар истеъфога чиқарилиши ва кейинги карераси учун «тамға» қўйилиши мумкин. Минтақадаги бошқа ҳокимият вакиллари ҳам бундан бебаҳра қолмайди: федерал марказ туғилишни оширишни губернаторлардан талаб қилади, у бўлса ўз қўл остидагилар, хусусан, вазирлардан сўрайди.

Натижада, ҳудудлар керакли рақамларни «қўшишни» бошлайди, аммо Кремл ушбу кўрсаткичларни «қаттиқ» текшириши, жумладан, маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирликлари маълумотларини кўтариши мумкин. Шу боис туғилишнинг ошишини асосан ёш оила ва оналарга пул берилмайдиган субъектлардан кутиш керак. «Ўзингиз ўйлаб кўринг, қайси бири осон: «Мен — онаман» ёзуви туширилган плакатлар танловини ўтказишми ёки ҳар бир онага бир неча минг рубл бериш?», — дея тушунтиради нашр суҳбатдоши.

Президент администрациясига яқин манбага кўра, агар ички сиёсий кун тартиби ҳақида гапириладиган бўлса, «президентни ташвишга соладиган асосий нарса» — бу туғилиш ва кўп болали оилалардир. Марказий Россия минтақаларидан бўлган бошқа бир манбанинг айтишича, туғилиш даражаси «кўпроқ янграйдиган мавзуга айланиши керак». «Кремл сизни жамоада эканингизни кўриши керак. Икки йил олдин ҳамма Z белгисини туширишни бошлаган эди, ҳозир имкон қадар она ва болалар ҳақида гапирмоқда. Шундай экан, ҳар қандай ташаббусга туғилиш мавзуси «ёпиштирилмоқда»: худдики, ҳамма бундан хурсанд» — дейди у.

Россия президенти Владимир Путин жорий йилнинг август ойида губернаторларнинг самарадорлигини «умумий туғилиш коэффициенти»ни ҳисобга олган ҳолда баҳоланишини талаб қилганди. Ўшанда у ҳукуматга «болали оилалар ҳаёти сифатини ва туғилишни оширишга қаратилган тадбирлар» бўйича миллий лойиҳани таҳлил қилишни топширган эди.

Путиннинг чақириқларига қарамай, Россияда туғилиш камайиб бормоқда. «Росстат» маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки олти ойида Россияда 599,6 минг чақалоқ дунёга келган — бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,6 мингга кам. Шундай қилиб, туғилиш даражаси 2023 йилга нисбатан қарийб 3 фоизга тушиб кетган — бу 1999 йилдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Мавзуга оид