Ёмғирда ивиган ғазоликлар, музокарани чўзаётган Нетаняҳу ва жаҳонда тарқалаётган норовирус — кун дайжести
Янги йилнинг дастлабки кунлари давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроилнинг ҳужумлари сабабли уйларини тарк этишга мажбур бўлган Ғазо секторидаги фаластинликлар янги йилни кўз ёшлари ва ўз фарзандларини йўқотганини ёдга олиб кутиб олишди.
Исроилнинг 2023 йил 7 октябрда бошланган ҳужумларидан олдин 2,3 млн аҳоли истиқомат қилган Ғазо секторидаги қирғин 15 ойдан ортиқ давом этмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ҳужумлар натижасида фаластинликларнинг 10 нафаридан 9 нафари ўз уйларини тарк этиб, бошқа жойларга кўчган.
Исроилнинг ҳужумлари туфайли вайрон бўлган уйлар ўрнига ўз қўллари билан қурилган чодирларда яшашга мажбур бўлган фаластинликлар учун қиш янада оғир бўлмоқда. Совуқ ҳаво, озиқ-овқат ва сув танқислиги бу қийинчиликларни янада кучайтирмоқда. Айниқса, ёш болаларнинг танаси совуққа дош беролмаяпти.
Янги йил арафасида Ғазо секторининг совуқ ва ёмғирли осмонини фейерверклар эмас, Исроилнинг ҳаво ҳужумлари ёритди. Ёмғир туфайли чодирларнинг сувга тўлиши аҳволни янада ёмонлаштирди.
Ғазо секторида истиқомат қилиб келган ва мажбуран кўчирилган фаластинликлар, жумладан, айрим ота-оналар болаларининг совуқ ва сувга тўлган чодирларда ҳалок бўлганини ғамгинлик билан ёдга олди. Улар ёрдамга муҳтож бўлиб, омон қолишлари учун глобал ҳамжамиятдан ёрдам сўрашда давом этмоқда.
2023 йил 7 октябрдан бери қамал қилинган Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 45 минг 553 кишига етди. Ярадорлар сони эса 108 минг 379 кишини ташкил этмоқда.
Нетаняҳу музокараларни барбод қилди
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг позицияси ўзгариши сабаб яна мураккаблашди. Бу ҳақда The New Arab нашри мисрлик манбасига таяниб, хабар берди.
Манбанинг маълумотига кўра, Исроил томони кутилмаганда талаблар рўйхатини янгилаган, жумладан, асирлар алмашуви шартлари ва Ғазо секторидаги армияни чиқариш билан боғлиқ ўзгаришлар киритилган. Бу воситачиларни қийин аҳволга солиб, сўнгги ҳафталарда кузатилган илгарилашга қарамасдан музокараларни тўхтатиб қўйди.
ҲАМАС вакили The New Arab нашрига билдиришича, Исроил позициясининг ўзгариши аввалги келишувларни йўққа чиқаради. Нетаняҳунинг янги талаблари АҚШ президенти Доналд Трампнинг лавозимга киришишини кутиш учун вақт ютишга қаратилган ҳаракатга ўхшамоқда.
ҲАМАС раҳбарларидан яна бири ўлдирилди
Исроил мудофаа кучлари Хон Юнусда ҲАМАСнинг ички хавфсизлик аппарати раҳбари Ҳусам Шоҳвонни йўқ қилганини тасдиқлади. Исроил ҳарбийлари баёнотига кўра, Шоҳвон Исроил бўлинмаларига ҳужумлар пайтида вазиятни баҳолаш учун масъул бўлган.
Ҳужум разведка маълумотлари асосида амалга оширилган. Исроил ҳаво кучлари ҳудудни кузатиб, аниқ бошқариладиган ўқ-дорилардан фойдаланган ҳолда тинч аҳолига хавфни минималлаштиришга уринганини таъкидлаган.
Исроилнинг The Times of Israel нашрининг хабар беришича, Шоҳвон ҲАМАС полиция кучлари раҳбари ўринбосари бўлган. Норасмий маълумотларга кўра, ҳужум чоғида полиция бошлиғи Маҳмуд Салоҳ ва яна 9 киши, шу жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлган.
Ушбу воқеа Исроил-ҲАМАС ўртасидаги кескинликни янада кучайтириши кутилмоқда.
Исроил собиқ мудофаа вазири депутатликдан кетди
Исроил собиқ мудофаа вазири Йоав Галант харедим — ултраортодоксал яҳудийлар учун ҳарбий хизматдан озод этишни назарда тутувчи қонунга қарши норозилик сифатида Кнессет депутати лавозимидан истеъфога чиқишини эълон қилди.
KAN давлат телеканалига кўра, Галант депутатлик ваколатларини топширган бўлса-да, у ҳануз Бош вазир Бинямин Нетаняҳу бошчилигидаги «Ликуд» партияси аъзоси бўлиб қолмоқда.
Галант ўз қарорини шарҳлар экан, харедимни ҳарбий хизматдан озод қилишни кўзда тутувчи қонун ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва бу Исроил армияси ҳамда мамлакат хавфсизлиги эҳтиёжларига зид эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, собиқ вазир Бинямин Нетаняҳу билан баҳсли суд ислоҳоти ва харедимларни армияга чақириш масаласида қарама-қаршиликка эга бўлгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 5 ноябр куни Нетаняҳу Галантни «ўзаро ишонч йўқлиги»ни сабаб қилиб мудофаа вазири лавозимидан озод қилган эди.
Россияда мигрантлар зарарига янги қарор
Россияда полиция ходимларига ноқонуний мигрантлар яшайдиган уйларга тўсиқсиз кириш ҳуқуқи берилади.
5 мартдан Россияда ноқонуний мигрантларни депортация қилиш режими кучга киради. Бу доирада полиция ходимлари ноқонуний мигрантлар яшайдиган уйларга эркин кириш ҳуқуқига эга бўлади.
Янги қонунда полицияга мигрантлар яшайдиган уйларга тўсқинликсиз кириш билан бирга давлат ва хусусий ташкилотлардан зарур маълумотларни, шу жумладан, банк ва солиқ маълумотларини сўраб олиш; техника воситалари орқали мигрантларни кузатиш, мобил телефонлар ва геолокациялардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, депортация режимидаги шахслар реестрга киритилади. Уларнинг кўчмас мулк ва транспорт сотиб олишлари ҳамда эркин ҳаракатланишлари чекланади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 январдан Россияда визасиз бўлиш муддати 90 кунгача қисқартирилган. Илгари бу муддат 180 кунни ташкил қилар эди. Ушбу қонунлар Россияда миграция қоидаларини кучайтиришга қаратилган.
Черногориядаги отишма
1 январ куни Черногориянинг Цетине шаҳрида маҳаллий аҳоли вакили ўқотар қуролдан фойдаланган ҳолда 12 кишини ўлдирди. Ўқотар полиция томонидан қуршовга олинганидан сўнг ўз жонига қасд қилди.
Қурбонлар орасида икки бола ва ҳужум қилган шахснинг оила аъзолари бор. Жароҳат олган тўрт киши шифохонага ётқизилди, улардан уч нафарининг аҳволи оғир.
BBC серб хизмати хабар беришича, ҳужумчи Ацо Мартинович аввал кафеда спиртли ичимлик ичиб, сўнг уйидан қурол олиб чиққан. Унинг қуролига расмий рухсатнома берилган бўлган.
Черногория бош вазири Милойко Спаич ҳодиса муносабати билан уч кунлик мотам эълон қилди. У қуролга эгалик қилиш бўйича қонунларни қайта кўриб чиқиш ва зарурат бўлса, бутунлай тақиқлаш имкониятини муҳокама қилаётганини маълум қилди.
Черногорияда оммавий қотиллик ҳодисалари кам учрайди. Аммо 1990-йиллардан кейинги урушлардан сўнг Болқон мамлакатлари аҳолиси қўлида кўплаб қуроллар қолган.
Баҳолашларга кўра, Болқон аҳолиси полиция ва армияга нисбатан бир неча баравар кўпроқ қуролга эгалик қилади. 2018 йилги тадқиқотларга кўра, одам жон бошига қуроллар сони бўйича Сербия ва Черногория етакчи ўринларни эгаллаган.
Жаҳонда норовирус тарқалмоқда
2024 йил охирида АҚШ ва Япония норовирус — юқумли касалликнинг жиддий авж олишига дуч келди. Бу касаллик кўнгил айниши, ич кетиши ва ҳароратнинг бироз ошиши билан кечади.
АҚШда август ойидан бери 495 та юқиш ҳолати қайд этилган, бу ўтган йилги кўрсаткичлардан 33 фоизга кўп. Японияда эса вазият янада ёмон: 27 ноябрдан 3 декабргача бўлган ҳафтада 65 минг 600 дан ортиқ инсон касалланган, бу 1989 йилдан буён энг юқори кўрсаткичдир.
Японияда вирус қариялар уйларидаги тўрт кексанинг ҳаётига зомин бўлди, улардан уч нафари 90 ёшдан ошган эди. Мамлакатнинг 47 та префектурасидан 45 таси эпидемия хавфи ҳақида огоҳлантириш эълон қилди. Бош вазир Шигэру Ишиба инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича чоралар кўришни топширди.
Тиббиёт ходимлари бу вирусга қарши вакцина йўқлигини таъкидламоқда. Хавф гуруҳида болалар, кексалар ва иммунитети заиф одамлар бор. Симптомлар орадан 12-48 соат ўтиб бўй кўрсатади ва одатда бир-икки кун давом этади.
Шифокорларнинг асосий тавсияси — овқатланишдан ва ҳожатхонадан кейин қўлни яхшилаб ювишдир. Беморларнинг кўпчилиги уй шароитида даволангани сабабли ҳақиқий кўрсаткичлар расмий маълумотлардан юқори бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
13:23 / 30.12.2024
Йил сўнгидаги авиаҳалокатлар, Россияга шарт қўйган Илҳом Алиев ва Гуржистоннинг янги президенти инаугурацияси — кун дайжести
13:55 / 28.12.2024
Ғазодаги совуқ қурбонлари, Сувайш каналига рақобатчи қураётган Исроил ва Трампнинг оммавий депортация режаси — кун дайжести
14:01 / 27.12.2024
Ғазода ўлдирилган журналистлар, Озарбойжон самолёти ҳалокати сабаби ва Яманга ҳужум уюштирган Исроил — кун дайжести
13:10 / 26.12.2024