Алиев самолёт ердан ўққа тутилиши оқибатида шикастлангани ва радиоэлектрон кураш воситалари орқали бошқариб бўлмайдиган ҳолатга келтирилганини айтиб, яна бир марта авиаҳалокат учун айбни Россия вакиллари зиммасига юклаган.
Озарбойжон раҳбари экипажнинг омон қолган вакиллари ва ҳалок бўлган аъзоларининг оилалари билан учрашувда авиаҳалокатни текшириш ишлари боришини шарҳлаган. Авиаҳалокатда бортдаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлганди. Қурбонлар орасида — самолётнинг икки учувчиси ҳам бор.
Бокудан Грознийга рейсни амалга оширган Embraer E190 аввалига икки бор Чеченистон пойтахтига қўнишга уринган, учинчи уриниш чоғида йўловчилар портлашни эслатувчи кучли овозни эшитишган. Шундан кейин бошқаруви қийинлашган самолёт Қозоғистоннинг Каспий денгизи соҳилидаги Оқтов шаҳрига етиб бориб, фавқулодда қўнишга уринганида ерга урилган ва қисмларга бўлиниб, ёниб кетган.
Ўша вақтда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари украинларнинг дронлари ҳужумларини қайтараётганди ва Грознийда барча ҳаво кемалари зудлик билан бошқа жойга кетишини кўзда тутувчи «Ковёр» режаси эълон қилинганди.
«25 декабр куни Боку-Грозний йўналишида парвоз қилаётган AZAL йўловчи самолёти Грозний шаҳри яқинида «ташқи таъсирлар» оқибатида бошқарувни йўқотиб, шикастланган ва амалда бошқариб бўлмайдиган ҳолга келган. Айнан учувчиларнинг профессионаллиги, қаҳрамонлиги ва фидойилиги туфайли самолёт Оқтов шаҳрига фавқулодда қўнишга муваффақ бўлди. Озарбойжон давлати учувчилар ва барча экипаж аъзоларининг ҳаракатларини юқори баҳолади ва тақдирлади... Агар учувчиларнинг профессионаллиги ва қаҳрамонлиги бўлмаганида, бу офатдан омон қолганлар бўлмас эди», — деган Илҳом Алиев.

Озарбойжон раҳбари сўзларига кўра, ҳозир авиаҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича Давлат комиссияси тузилиб, фаолият юритмоқда. Айни вақтда Озарбойжон прокуратураси жиноий иш қўзғатган.
«Прокуратуранинг ишчи гуруҳи Грозний ва Оқтов шаҳарларига жўнатилиб, тезкор ишлар олиб борилди. Табиийки, тергов якунлангач, биз Озарбойжон халқига тўлиқ маълумот берамиз.
Бироқ, бир жиҳатга яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман: Грозний шаҳрида «Ковёр» операцияси, яъни ҳаво ҳудудини ёпиш операцияси самолёт ердан ўққа тутилганидан кейин эълон қилинган. Бу яна бир бор бу ерда жиноят таркиби борлигини англатувчи жуда жиддий масалаларни кўрсатади. Одатда, мамлакат ҳаво ҳудудида хавф туғилганда, у дарҳол ёпилади. Бу барча мамлакатларда амал қилади ва турли номларга эга. Россияда бу операция «Ковёр» деб аталади. Агар Россия ҳаво ҳудудига таҳдид мавжуд бўлса, самолёт капитанига дарҳол хабар берилиши керак эди. Ҳаво ҳудуди зудлик билан ёпилиши ва самолёт орқага қайтиши керак эди.










