Кўпинча телефонларда кўрсатилаётган ҳаво ҳарорати расмий эълон қилинаётганига нисбатан фарқ қилади. Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган иқлимшунос, Эркин Абдулаҳатов эса телефондаги маълумотларда аниқлик юқори эмаслигини айтиб ўтди. «Водийликлар ҳаво ҳарорати 48-50 даража бўлганини жўнатишяпти. Ўша ҳудуддаги станцияга борсак, 41-42 даража чиқяпти. Демак, 6-7 даражалик фарқ», – дейди у.

Гидрометеорология хизмати агентлиги Тошкент обсерваторияси метеорологик станциясида 150 йил аввал илк кузатувлар олиб борилган. Бу ерда пойтахт бўйича асосий метеорологик параметрлар, ҳаво ва тупроқ ҳарорати, ҳаво босими ҳамда унинг намлиги ўлчанади. Ҳаво ҳароратини аниқлайдиган психрометрик бутка ер сатҳидан 2 метр баландликда ўрнатилган. Бутка ичида термометрлар жойлашган. Қуёшдан ҳимояланган, эшиги шимолга қаратилган. Ўлчовлар ҳар 3 соатда амалга оширилади ва data.meteo.uz ахборот тизимига жойлаштирилади.

4 июл куни соат 17:36 да ҳаво ҳарорати ўлчаб кўрилди. Ҳарорат 43 даражага чиқди. Гидрометеорология хизмати агентлиги бош мутахассиси Ҳожиакбар Одиловнинг айтишича, куннинг энг иссиқ вақти одатда соат 16:00-17:00 орасида кузатилади.

«Анъанавий усул билан ўлчаганда 4 та термометр туради. Биттаси оддий ҳаво ҳароратини ўлчайди, иккинчиси намлантирувчи. Бундан ҳаво намлигини ўлчашда фойдаланамиз.

Бундан ташқари, максимал ва минимал термометрлар ҳам бор. Бу ўша ҳаво ҳароратининг сутка давомида максимал ва минимал қийматларини қайд этиш учун хизмат қилади. Минималини ҳозир олиб қўйдик. Буни соат саккиздан (20:00) кейин қўямиз. Шунда тунги вақтда минимал ҳароратни қайд этамиз, унинг шкаласи 40 даражагача бўлади. Ҳозир ҳарорат 40 даражадан ошгани учун термометрга путур етиши мумкин», – дейди Одилов.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, бу 4 июл кунлари учун 150 йилда ҳеч қачон кузатилмаган энг иссиқ ҳарорат рекорди ҳисобланади.

«Мана шу метеорологик станцияда кузатилган маълумотлар асосида стандартлар ишлаб чиқилган. Масалан, ҳаво ҳарорати 10 даражадан юқори бўлса, дарахтлар гуллайди. 36,6 дан юқори бўлса, сиз тўғридан тўғри ҳаво ҳароратидан таъсирланишни бошлайсиз. Ҳозир биз бироз шамол эсаётгани ҳисобига ҳаво ҳароратини унчалик кучли ҳис қилмаяпмиз. Аслида ҳозир 43 даража. Бироз шамол эсаяпти, 1-2 метр/сония ва тер совиб, танамизга яхшироқ таъсир қиляпти.

Лекин ҳар доим ҳам бундай бўлмайди. Яъни шамол тезлиги эсмаган ҳолатда димиқиш юзага келади. Ҳозир 2 метр юқоридаги ҳаво ҳароратини ўлчаганимизда, 43,5 даража чиқяпти ва максимал ҳаво ҳарорати 12:00 ва 17:00 орасида 43,4 даража кузатилди. Бу мана шу кун учун рекорд деса ҳам бўлади, чунки Тошкентда кузатувлар тарихида энг юқори ҳарорат 1997 йилда 44,6 даража кузатилган ва фарқ атиги бир даражага яқин», – дейди Абдулаҳатов.