“Путиннинг қаҳрига учраганлар” — 1990-йилларда Россиянинг энг бой одамлари бўлганларнинг тақдири қандай кечди?
1991 йилда СССР парчаланиб кетгач, кўп ўтмай Россияда пули миллиард долларга етган шахслар пайдо бўлади. 1990-йилларнинг охирига келиб уларнинг орасида Борис Березовский, Владимир Гусинский, Михаил Ходорковский ва Роман Абрамович алоҳида ажралиб туришарди. Хўш, россиялик бойларнинг кейинги тақдири қандай кечди?
Бундан бир неча кун олдин россиялик миллиардер Владимир Гусинский ўзини банкрот деб эълон қилгани ва қарз ҳисобидан яшаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
“Агентства” хабарига кўра, Гусинский энди ҳеч қандай бизнесга эга эмас ва 10 дан ортиқ кредиторлардан 7 млн доллардан ортиқ қарзи бор, унинг умумий қарзи активларидан ошиб кетган.
Бу шахс СССР парчаланиб кетгандан сўнг Елцин ҳокимияти даврида миллиардерга айланган ва Россияда энг бой кишилардан бири эди.
Шунингдек, Борис Березовский, Михаил Ходорковский ва Роман Абрамович ҳам ўша даврда бойиган. “Катта тўртлик” гуруҳига кирган бу бойлар бир бири билан ўзаро рақобат олиб борган. Хўш, уларнинг кейинги ҳаёти қандай кечган?
Борис Березовский
“Катта тўртлик”даги энг қудратли одам шубҳасиз Борис Березовский эди. 1946 йилда Москвада туғилган бу шахс 2013 йилда Англияда вафот этди. Хўш, нега бир пайтлар Россиянинг энг бой одамлари рўйхатида бўлган Березовский умрининг сўнгги қисмини қочқинликда ўтказди?

Березовский мактабни битиргач Москвадаги институтда таҳсил олади. Сўнг бир неча жойда, жумладан, СССР фанлар академияси қошидаги гидрометеорология илмий-тадқиқот марказида ишлайди.
1985 йилда СССР тепасига Михаил Горбачёв раҳбар бўлиб келгач иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказилиши эълон қилинди. Жумладан, дин эркинлиги, кейинроқ хусусий мулкка эга бўлишга рухсат берилди.
Ана шу пайтда Березовский шамолнинг қайси томонга эсаётганини пайқайди ва 1989 йилда автомобил савдоси билан шуғулланувчи “ЛогоВАЗ” компаниясига асос солади.
Березовский Россия президенти Борис Елцин билан яхши алоқаларга эга эди. У ана шундан фойдаланиб, СССР парчалангандан сўнг Россияда ўтказилган “хусусийлаштириш” жараёнларида актив қатнашади ва жуда кўплаб мулкларга эга бўлади.
Жумладан, “АвтоВАЗ”да ишлаб чиқарилаётган машиналар унинг компанияси орқали сотилар, бир сўз билан айтганда автозаводнинг норасмий хўжайини у эди.
1994 йилда Березовский Россия жамоатчилик телевидениеси (ОРТ)ни ташкил этади ва унинг эгасига айланади. Шунингдек, у 1995-1996 йилларда шериги Роман Абрамович билан бирга Россиядаги йирик нефт компанияси бўлган “Сибнефт” эгалигини қўлга киритади.

alamy.com
Березовский Елциндан сўнг унинг ўрнига келган Путинни 2000 йилда ўтказилган сайловда қизғин қўллаб-қувватлайди. Бироқ Путин Россия президентига айлангач Березовскийни кўп танқид қила бошлайди.
Бунга жавобан Березовский Путиннинг мухолифлари томонга ўтади ва уни авторитар режим барпо этаётганликда айблаб чиқади. Ўша йили Березовскийга бир нечта жиноят ишлари очилади. Шундан сўнг у хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлади.
Березовский 2013 йил 23 март куни Лондон яқинида жойлашган шаҳарчадаги уйида вафот этади. Ўшанда у 67 ёшда эди.
Березовский Англияда 13 йил яшайди кўп марта турли одамлар билан судлашади. Ҳатто бир пайтлар яқин ҳамкори бўлган Роман Абрамович билан ҳам. Россияда эса 1997 йилдан вафотигача унга нисбатан 11 та жиноят иши қўзғатилган.
Березовскийнинг ўлими ҳақида турли гаплар тарқалган. Британия полицияси у ўз жонига қасд қилган деб хулоса берган. Шунингдек, ФСБ унга суиқасд уюштиргани ҳақида гап-сўзлар чиққан.
Михаил Ходорковский

Михаил Ходорковскийнинг совет давридаги ҳаёти Березовскийнинг ҳаётига жуда ўхшаш. Битта фарқли томони Ходорковский анча ёш бўлган ва у ўзини комсомол ташкилоти сафида кўрсатган.
Ходорковский ҳам Горбачёв инъом этган эркинликдан фойдаланиб, 1989 йилда хусусий банк ташкил этади. 1995 йилда Россиядаги йирик нефт компанияси бўлган “ЮКОС” хўжайинига айланади.
Елцин пайтида “хусусийлаштириш” жараёнларида фаол қатнашган ва қисқа муддатда миллиардерга айланган Ходорковскийнинг бошида ҳам ҳокимият тепасига Путин келгач, қора булутлар айлана бошлайди.
Березовскийдан фарқли ўлароқ Ходорковский қочишга улгурмайди ва 2003 йилда қамоққа олинади. Ўша пайтда унинг бойлиги 15 млрд долларни ташкил этарди.
Ходорковский қарийб икки йил тергов қилинади. Уни фирибгарлик ва давлатга катта миқдорда зарар етказишда айблашади. 2005 йил май ойида Ходорковскийга 9 йилга қамалади.
2010 йил 30 декабрда суд Ходорковский ва унинг ҳамкори Платон Лебедевни бошқа айбловлар билан айбдор деб топади ва уларнинг ҳар иккисига 14 йил қамоқ жазоси белгиланади. 2011 йилда Ходорковский ва Лебедевга берилган ҳукм кассацион тарзда ўзгаришларсиз қолдирилади.

Ходорковский қамалгандан сўнг “ЮКОС”га тегишли барча мулклар ва пуллар “Роснефт” таркибидаги “Байкалфинансгрупп” корхонаси номига ўтказилади ва компания банкрот деб эълон қилинади.
Ходорковскийга ўқилган ҳукм Ғарб ОАВда шов-шувлар билан ёритилади. Уларда Ходорковскийнинг қамалиши сиёсий сабабларга боғланади. Шунингдек, миллиардернинг Путин билан алоқалари яхши бўлмагани бот-бот эсланади.
2005 йилда АҚШ Сенати Ходорковский иши бўйича резолюция қабул қилади. Сенаторлар Барак Обама, Жо Байден ва Жон Маккейн томонидан тайёрланган ҳужжатда “Ходорковский иши Россияда судларнинг мустақил эмаслиги ҳамда асосан Кремл манфаатлари учун хизмат қилишини англатиши ва бу демократик жамият қуришга уринаётган Россия учун хавфли ҳолат экани” таъкидланганди.
2013 йил 19 декабрда Владимир Путин йил якунларига бағишлаб ўтказган матбуот анжуманида Ходорковский яқин кунларда у афв этилиши ҳақида гапиради. Орадан бир кун ўтиб, 20 декабрда Ходорковскийни афв этиш ҳақидаги фармонни имзолайди.
Ўша куни тундаёқ Ходорковский Карелиядаги қамоқхонадан Санкт-Петербург аэропортига олиб келинади. У Германия собиқ ташқи ишлар вазири Ханс-Дитрих Геншер билан бирга Берлинга учиб кетади.

Ходорковский Германияга бориб олгач кўп ўтмай Россияга қарши Ҳаагадаги халқаро судга даъво аризаси киритади. 2014 йил 28 июлда Ҳаагадаги Халқаро арбитраж суди Россияга “ЮКОС” иши” бўйича етказилган моддий зарар учун Group Menatep Limited фойдасига 50 млрд, бошқа харажатлар учун эса 65 млн доллар тўлаб бериш мажбуриятини қўяди.
Россия халқаро суднинг ҳукмларини тан олмайди. Апелляция беради ва ютқазади. Бироқ Ходорковскийга бир цент ҳам тўлаб берилмайди. Ҳозир собиқ миллиардер Германияда яшамоқда ва у Путиннинг ашаддий танқидчиси ҳисобланади.
Владимир Гусинский
1952 йилда туғилган Гусинский ҳам ўз тадбиркорлик фаолиятини 1980-йилларнинг иккинчи ярмида бошлаган. У ўзининг илк хусусий корхонасини 1986 йилда ташкил этганди.
СССР парчаланиб кетган пайтда Гусинскийнинг бир нечта хусусий компанияси бўлиб, улар турли соҳаларга ихтисослашган эди. 1992 йилда у “Группа “Мост” ҳолдингини ташкил этади. Унда Гусинскийга тегишли жами 42 та катта ва кичик компаниялар йиғилганди.
Гусинский ҳам бошқа бойлар каби Елцин даврида жуда кўп корхоналарни қўлга киритади ва пулларини тез кўпайтиради.
Ўша пайтда “Группа “Мост” ҳолдинги таркибига кўплаб ишлаб чиқарувчи корхоналар билан бирга “НТВ”, “ТНТ”, телеканаллари, “Эхо-Москва” радиоси ва яна бир нечта газета ҳамда журналлар бўлган.
Унинг асосий рақобатчиси Борис Березовский эди. Ҳатто 1996 йилда Березовский Москва мэри Юрий Лужков билан тил бириктириб, Гусинскийга суиқасд уюштирмоқчи бўлгани ҳақида гап-сўзлар тарқалади.
1999 йилда Владимир Путин бош вазир, сўнг президент вазифасини бажарувчи бўлганида Гусинский билан унинг администрациси ўртасида келишмовчилик юзага келади.
2000 йил июн ойида Гусинский ҳибсга олинади. Уни фирибгарликда айблашади. Гусинский ҳибсдалигида ҳукуматдагилар унга “Медиа-Мост” ҳолдингини “Газпром-медиа”га сотиш таклифини беришади. Бунинг эвазига уни ҳибсдан озод қилинишини айтишади. Тадбиркор рози бўлади.

livejournal.com
Гусинскийни ҳеч қаерга кетмаслик шарти билан ҳибсдан озод қилишади. Кейинги тақдиридан хавотирга тушган тадбиркор яширинча йўллар билан Россияни тарк этади Испанияга кетади.
Шундан сўнг Россия Гусинскийни Интерпол орқали халқаро қидирувга беради. 2000 йил декабрда уни Испанияда ҳибсга олишади. Бироқ суд Гусинскийни озод қилиб юборади.
Гусинский қочганидан сўнг унинг Россиядаги активлари давлат ҳисобига ўтказилади. Жумладан, 2001 йилда “Медиа-Мост” ҳолдинги “Газпром-медиа” таркибига қўшилади. Кейинроқ бошқа активлари ҳам шундай қилинади. У айрим активларини бошқаларга сотишга муваффақ бўлади.
Бундан бир неча кун олдин Гусинский хорижда қарзга яшаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. "Агентства" маълумотларига кўра, Владимир Гусинский АҚШда хотини билан ажрашмоқда ва шу жараёнда унинг қарзлари активларидан ошиб кетгани маълум бўлган.

alamy.com
У умумий қарз миқдорини 7,287 миллион долларга баҳолаган ва кредиторлари орасида “Промбизнесбанк” собиқ эгаси, Коррупцияга қарши кураш халқаро жамғармаси собиқ ғазначиси Александр Железняк ва тадбиркор Леонид Невзлин, шунингдек, Максим Кац ва собиқ давлат арбоби Анатолий Чубайс бор. “Агар у кредиторлари олдидаги барча тан олинган қарзларни тўласа, пули қолмайди”, деб ёзган “Агентства” нашри.
Роман Абрамович
Бу тўртликда энг омадлиси Роман Абрамович ҳисобланади. Юқоридаги учликдан фарқли равишда у Путиннинг қаҳрига учрамади, қамалмади ва қочиб кетмади. Пуллари ва мулкларидан ҳам айрилмади.
Аксинча, Путиннинг қўл остида қолиш унга 2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб киргандан сўнг муаммолар келтирди. У ҳам Россиянинг бошқа бойлари сингари босқинчилик урушини молиялаштирувчи шахс сифатида Ғарб санкцияларига учради.

1966 йилда туғилган Роман Абрамович ҳам тадбиркорликни 1980 йиллар охирроқларида бошлаган. У асосий маблағни “Сибнефт” компанияси эгаси бўлгандан сўнг топган. Чунки Абрамович ҳақиқий нархи бир неча млрд бўлган бўлган компанияни Елцин даврида сув текинга олган.
Абрамович Путин ҳокимиятга келгандан сўнг бир муддат Чукотка губернатори бўлиб ишлади. У Россия фуқаролигидан воз кечмаган ҳолда 2018 йилда Исроил, 2021 йилда Португалия паспортини олган.
2022 йилда Россия Украинага бостириб киргач, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва яна бир қатор давлатлар уни “урушни молиялаштирувчи шахс” сифатида баҳолаб санкциялар эълон қилди.

“Форбс” журнали маълумотларига кўра 2024 йилда Абрамовичнинг жами бойлиги қарийб 10 млрд долларни ташкил этади.
Айтганча, 2022 йил май ойида Роман Абрамович “Челси” футбол жамоасини америкалик тадбиркорга 4,25 млрд фунт стерлинг эвазига сотиб юборади. Бунга унинг санкцияларга дуч келгани сабаб бўлганди.
Сўнгги маълумотларга кўра Ғарб санкцияларига дуч келган тадбиркор ҳозирда Туркияда яшамоқда.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
Қозоғистонда ҳашамат солиғи, Афғонистонда қиммат интернет ва Туркманистонда тақчил ёғ - Марказий Осиё ҳафта ичида
Жаҳон | 12:43 / 02.03.2025
Тошкентда таксида чақалоқ туғилди
Жамият | 23:33 / 01.03.2025
Тошкент вилоятида вазни 7 килодан зиёд қиз туғилди
Жамият | 22:30 / 01.03.2025
Тишлари тўкилган қонун, автомобил импортидаги музлаш ва Узундаги жиноят(лар) — ҳафта дайжести
Ўзбекистон | 20:59 / 01.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда фуқаро итлар ҳужумидан сўнг вафот этганини рад этди
Ўзбекистон | 12:53
-
АҚШдан яна 10 нафар Ўзбекистон фуқароси депортация қилинади
Ўзбекистон | 12:41
-
Ҳиндистон Тошкентда сунъий интеллект бўйича биринчи маълумот марказини қуради
Фан-техника | 12:40
-
Азиз Тошпўлатов ИИВнинг янги раҳбари бўлди
Ўзбекистон | 12:33
Мавзуга оид

17:23 / 01.03.2025
Уруш нега бошланганди: Путин НАТОдан қўрқяптими ёки СССРни тиклаш ҳаракатидами?

17:29 / 28.02.2025
Амир Темур ҳақида рисола ёзиб Совет тузуми тазйиқи остида қолган ўзбек олими – Иброҳим Мўминов

12:39 / 28.02.2025
Путин ФСБдан хорижда назоратни кучайтиришни талаб қилди

10:51 / 28.02.2025