«Улар Эрдўғанга „етар“ дейишди». Туркияда Имомўғли қўлга олиниши ортидан нималар бўлмоқда?
Якшанба куни ҳам Туркия бўйлаб ўн минглаб кишилар мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг асосий рақиби Акром Имомўғли коррупция ва террорчилик гуруҳларига ёрдам беришда айбланиб ҳибсга олингани туфайли норозилик намойишларига чиқди. Бу намойишлар Туркияда сўнгги ўн йил ичидаги энг кенг кўламлиси бўлмоқда. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, беш кун давом этган норозилик намойишлари давомида мамлакат бўйлаб мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган.

Фото: EPA
Имомўғлининг ҳибсга олиниши 2028 йилда бўлиб ўтадиган сайловларда мухолифатдаги Жумҳурият халқ партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатилишидан бир неча кун олдин амалга оширилди, сайловда Имомўғли Эрдўғанга жиддий рақобат кўрсатиши мумкин эди.
Душанба куни Имомўғли барибир ўз партиясидан президентликка номзод этиб тасдиқланди.
Аввалроқ у ўзига қўйилган айбловлар сиёсий сабабларга кўра эканини айтганди. «Мен ҳеч қачон бўйсунмайман», – деб ёзган у ҳибсга олинишидан олдин Х ижтимоий тармоғида.
Эрдўған намойишларни қоралаб, Жумҳурият халқ партиясини «тинчликни бузиш ва халқни бўлиш»га уринишда айблади. Туркия Ички ишлар вазирлиги намойишчилар норозилик билдириш ҳуқуқини «суиистеъмол қилаётгани»ни маълум қилди ва «кўчалардаги террор»га тоқат қилинмаслигини билдирди.

Дам олиш кунлари нималар бўлди?
Имомўғлининг ҳибсга олинишига жавобан якшанба куни кечқурун мамлакат бўйлаб кенг кўламли норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Одамлар якшанба куни қош қорайганда Истанбул мэрияси биноси олдида тўпланди. Улар махсус топшириқли отрядлар сафлари қаршисида Туркия байроқларини ҳилпиратиб, ўз шиорларини айтишарди.
Видеокадрларда полициячилар намойишчиларни сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ билан тарқатаётганини кўриш мумкин.
Акром Имомўғлининг турмуш ўртоғи Дилек Кая Имомўғли мэрия биноси яқинидаги кўп сонли оломонга мурожаат қилиб, намойишчиларга турмуш ўртоғи ҳар ким жабр кўриши мумкин бўлган «адолатсизлик» ва «ҳуқуқсизлик»ка дуч келганини айтди.
Имомўғлининг ҳибсга олинишига жавобан бошланган намойишлар 2013 йилда Истанбулда маҳаллий боғ бузилиши муносабати билан бошланган Гези норозилик намойишларидан бери энг йирик намойишларга айланди.

Франциянинг AFP ахборот агентлиги маълумотларига кўра, митинглар Туркиянинг 81 вилоятидан камида 55 тасида бўлиб ўтган, бу мамлакат ҳудудининг учдан икки қисмидан кўпроғини ташкил қилади.
«Ҳозир одамлар оммавий равишда чиқишмоқда, баъзан ҳукуматга қарши шиорлар билан, баъзан плакатларда Istifa („истеъфо“) сўзини, ҳатто „Эрдўған – Кет!“ туркумидаги сўзларни учратиш мумкин», – деди шарқшунос Руслан Сулаймонов BBC рус хизматига.
«Асосий шиорлар ҳукумат ўз қарори нотўғрилигини тан олиши кераклигига қаратилган. Агар талабаларнинг норозилик намойишлари ҳақида гапирадиган бўлсак, у ерда Имомўғлининг дипломини бекор қилиш қарори (сиёсатчи таҳсил олган Истанбул университети Имомўғли қоидабузарликлар туфайли илмий даражадан маҳрум этилганини эълон қилганди) ўз-ўзидан бекор қилиниши кераклиги ҳақида ёзилган плакатлар жуда кўп», – дея қўшимча қилди у.

Намойишчилар турли ёзувлар туширилган плакатларни кўтариб чиқишмоқда.
Уларда «Сарой сизники бўлса, кўчалар бизникидир!», «Ифторга қалампир гази едим, она», «Ғурурланма подшоҳим, сендан буюк Халқ бор», «Адолат ўлди», «Ҳақ берилмас, олинур, демократия кўчада қозонилур», «Мустафо Камол аскарларимиз», «Эркинлик ва мустақиллик менинг характерим», «Умр бир одам билан ўтадими?», «Қўрқма, халқ бизмиз», «Биз республикага шундай эришдик», «Ҳуқуқ бир кун ҳаммага керак бўлади», «Дипломимни қайтариб бер», «Юзимга ниқоб тақдим. Кўзларимга ҳимоя», «Зулмга қаршилик», «Газни камроқ отинглар, солиқ тўлаб етиштиролмаяпмиз», «Газ отмасанглар бўладими? Туш бўёғимиз оқиб кетяпти» каби сўзлар ёзилган.
Имомўғлини нимада айблашмоқда?
Истанбул мэри Акром Имомўғли расман якшанба куни «жиноий ташкилот тузиш ва уни бошқариш, пора олиш, товламачилик, шахсга доир маълумотлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ва тендер натижаларини сохталаштириш»да айбланиб ҳибсга олинди.
У судгача қамоққа олинган. AFP ва маҳаллий ОАВ уни Силиври шаҳридаги қамоқхонага олиб кетишгани ҳақида хабар берди.
Туркия Ички ишлар вазирлиги эса Имомўғли вақтинчалик чора сифатида лавозимидан четлатилгани ҳақида баёнот берди.
Собиқ мэр учун энг жиддий айблов – террорчилар билан алоқадорлик ҳақидагиси, дейди Руслан Сулаймонов.
«Бу Туркияда курдлар масаласини ҳал қилиш жараёни қайта бошлангани билан боғлиқ. Ҳукумат мухолифатни, Жумҳурият халқ партиясини бу жараёндан имкон қадар узоқлаштирмоқчи, уни маргиналлаштирмоқчи ва бу партия тинчликни истамайди, курдлар билан келишишни истамайди, курдлар орасидаги террорчи унсурлар билан ҳамкорлик қилади, деб айбламоқчи», – дейди Сулаймонов.
«Худди шундай айблов Имомўғлига ҳам қўйилган. Бу яна шунинг учун ҳам жиддийки, ҳукумат энди унинг ўрнига ҳукмрон партия вакилини тайинлаши мумкин», – дея қўшимча қилади эксперт.
Имомўғли ижтимоий тармоқлардаги хабарларида унинг ҳибсга олиниши сиёсий сабабларга кўра бўлганини айтиб, бутун мамлакат бўйлаб одамларни норозилик намойишларига қўшилишга чақирди.
У ўзининг ҳибсга олинишини «демократиямиздаги қора доғ» деб атади ва суд жараёнига риоя қилинмаганини таъкидлади.
Якшанба куни кечқурун Имомўғли адвокатлари орқали намойишчиларга салом йўллади.
«Мени жуда хурсанд қилган Силиври қамоқхонасидаги янгилик билан бўлишмоқчиман. ЖХПдаги илк президент сайловимизда рекорд даражадаги иштирок қайд этилди. 15 миллион фуқаромиз овоз берди. Бу мамлакатда ҳукумат зулмидан, вайрон бўлган иқтисоддан, лаёқатсизлик ва қонунсизликдан азият чеккан ўн миллионлаб кишилар сайлов қутилари олдига келди. Улар Эрдўғанга „етар“ дейишди», деб ёзилган унинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
ЖХП етакчиси Ўзгур Ўзел партия праймеризида унинг номзоди учун 14,85 миллиондан ортиқ одам овоз берганини маълум қилди ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанни муддатидан олдин сайловлар ўтказишга чақирди. Партия ичида президентликка номзодни танлашда Имомўғлига ҳеч ким рақиблик қилмаганди.

Қамоққа олинган сиёсатчи Эрдўғаннинг энг жиддий рақибларидан бири ҳисобланади. Адлия вазирлиги Туркия президентини ҳибсга олиш билан боғлаётганларни танқид қилиб, суд мустақиллигини талаб қилмоқда.
Якшанба куни Х ижтимоий тармоғининг ҳукумат билан халқаро алоқалар бўлими туркларнинг алоқа регуляторининг платформадаги 700 дан ортиқ аккаунтни, жумладан, турк сиёсатчилари ва журналистларининг аккаунтларини блоклаш бўйича «кўплаб суд буйруқлари»га эътироз билдирганини маълум қилди.
Таъкидланишича, бу қадам «нафақат ноқонуний, балки миллионлаб турк фойдаланувчиларининг ўз мамлакатида янгиликлар олиши ва сиёсий мунозаралар олиб боришига тўсқинлик қилади».
Бошқа ҳибслар ҳақида нималар маълум?
Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоянинг маълум қилишича, намойишлар бошланганидан буён беш кун ичида мамлакатда жами 1 133 киши қўлга олинган.
Душанба куни эрталаб Истанбул ва Измирда ўтказилган рейдлар чоғида полиция камида 10 нафар журналистни қўлга олган.
Матбуот ходимлари касаба уюшмаси DISK «зўравонлик ишлатган барча полициячиларга нисбатан зудлик билан суд жараёнини бошлаш»ни талаб қилди, деб хабар бермоқда BBC турк хизмати.
RTÜK радио ва телевидение эшиттиришларини мониторинг қилиш давлат агентлиги президенти Абубакр Шаҳин «қонунни бузишда давом этаётган теле ва радиоканаллар»га сўнгги огоҳлантириш бераётганини айтди, шунингдек, «жамоатчиликни кўчага чиқишга чорловчи» каналларга нисбатан лицензияни қайтариб олишгача бўлган санкциялар жорий этилишини қўшимча қилди.
22 мартга ўтар кечаси Туркиянинг TELE 1 янгиликлар телеканали бош муҳаррири Мердан Янардағ RTÜK’дан қўнғироқ бўлиб, жонли эфирни тўхтатиш, шунингдек, ёзма хабарнома юбориш сўралганини айтди.
Имомўғли президентликка номзодини қўя оладими?
Душанба куни Имомўғли Туркияда 2028 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида мухолифатдаги Жумҳурият халқ партиясидан номзод сифатида тасдиқланди.
Бироқ энди унинг сайловларда иштирок этиши сўроқ остида қолмоқда. Ўтган ҳафтада сиёсатчи таҳсил олган Истанбул университети Имомўғли қонунбузарликлар туфайли илмий даражадан маҳрум этилганини эълон қилди.
Туркия конституциясига кўра, бу лавозимни эгаллаш учун президентлар олий маълумотга эга бўлиши керак.

Имомўғлининг адвокатлари унинг дипломини қайтариб олиш тўғрисидаги қарор устидан Конституциявий суд ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шикоят қилишини айтди. Имомўғли президентликка номзод бўла оладими ёки йўқми, буни Олий сайлов кенгаши ҳал қилади.
Имомўғли ва унинг тарафдорларининг ҳибсга олиниши сўнгги ойларда бутун мамлакат бўйлаб мухолиф сиёсатчилар, журналистлар ва санъат соҳаси вакилларига қарши кенг кўламли қатағонлар ортидан рўй берди.
Мухолифатчилар ҳибсга олишлар сиёсий сабабларга кўра амалга оширилганини даъво қилмоқда, бироқ адлия вазирлиги ҳибсга олишлар ортида Эрдўған турибди деб ҳисобловчиларни танқид қилди ва суд тизими мустақил эканини иддао қилмоқда.
Эрдўған 22 йилдирки, раҳбарлик лавозимларини эгаллаб келмоқда, у ҳам бош вазир, ҳам президент сифатида Туркияни бошқарган. Агар конституцияни ўзгартирмаса, муддат чекловлари туфайли у 2028 йилги сайловларда ўз номзодини қўя олмайди.
Мавзуга оид

21:45 / 25.03.2025
«Сен барибир ютқазасан». Имомўғли қандай қилиб мухолифат етакчисига айланди?

15:43 / 25.03.2025
Туркияда Эрдўған эраси ва Имомўғли омили – сиёсатшунослар нигоҳида

09:34 / 25.03.2025
Туркиядаги намойишлар: 1100 дан ортиқ киши қўлга олинди

09:31 / 24.03.2025