Жаҳон | 08:50 / 27.03.2025
6905
3 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби Путинга босқинга қарши «қақшаткич жавоб» ваъда қилди

НАТОнинг бош котиби Марк Рютте Россия томонидан Польша ёки алянсга аъзо бошқа бирор давлатга қилинган ҳар қандай ҳужумга аниқ ва кескин жавоб берилишини маълум қилди.

Фото: TVN24

У Россияни агрессиядан тийилишга чақирди ва «агар кимдир хатога йўл қўйиб, Полшага ёки иттифоқдошларимиздан бирига қилинган ҳужум жазосиз қолишига ишонса, у НАТОнинг бутун салоҳиятига дуч келади. Жавобимиз ҳалокатли бўлади. Бу Владимир Путинга ва бизга ҳужум қилишга журъат қиладиган барча учун аниқ-тиниқ бўлиши керак», — дея Рюттенинг Варшавада Польша бош вазири Дональд Туск билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманидан иқтибос келтирмоқда Associated Press.

НАТО бош котиби шунингдек, АҚШнинг НАТО Уставининг 5-моддасида белгиланган жамоавий хавфсизлик кафолатларига содиқлигидан мутлақо ишончда эканини билдирди. «Ижозат берсангиз, аниғини айтай: ҳозир Европа ёки Шимолий Америка учун алоҳида ҳаракат қилиш вақти эмас. Замонавий глобал хавфсизлик таҳдидлари шунчалик жиддийки, уларни айри ҳолда ечиб бўлмайди», — дея таъкидлади у.

Рюттенинг таъкидлашича, июн ойида Нидерландияда бўлиб ўтадиган НАТО саммити трансатлантик иттифоқ тарихида янги босқични бошлаб беради. Унинг сўзларига кўра, алянс таҳдидларга қарши самарали кураш олиб бориш учун «кўпроқ кучли, адолатли ва ажалвор» бўлиши керак. Рютте саммитда мудофаа харажатлари бўйича янги, янада амбицияли мақсадлар белгилаш режалаштирилаётганини билдирди. Айни пайтда НАТОга аъзо 23 давлат ҳарбий бюджетларига ялпи ички маҳсулотнинг камида 2 фоизини ажратиш бўйича стандартга амал қилмоқда. Аммо Рюттега кўра, янги мақсад «анча юқори бўлиб, 3 фоиздан юқори бўлиши» мумкин.

Феврал ойида Дания ҳарбий разведкаси Европа келгуси беш йил ичида «кенг кўламли уруш»га дуч келиши мумкинлигини маълум қилган эди. Идоранинг баҳолашича, агар Россия НАТОни ҳарбий ёки сиёсий жиҳатдан заиф деб ҳисобласа, алянс давлатларига қарши куч ишлатишга қарор қилиши мумкин.

Бундан аввалроқ, январ ойида Европа Иттифоқининг дипломатик идораси раҳбари Кая Каллас ҳам шундай огоҳлантириш билан чиққан. Унга кўра, Россия 2028 йилга келиб ЕИ аъзоси бўлган мамлакатлардан бирига ҳужум қилиши мумкин. Каллас бу эҳтимолни ҳисобга олган ҳолда нафақат мудофаа соҳасига сармоя киритиш, балки хавф-хатарга тайёр туриш лозимлигини урғулаган. У Европа разведка хизматларининг маълумотларига таянади, унга кўра Кремл яқин 3–5 йил ичида ЕИнинг мудофаага тайёрлигини «синаб кўриши» мумкин.

Март ойи бошида Германия Федерал разведка хизмати (BND) раҳбари Бруно Каҳл ҳам шунга ўхшаш фикр билдирган эди. У Россиянинг Европа давлатларига ҳужум қилиш режалари назарий сценарийлигича қолаверишидан умид қилаётгани, аммо бундай сценарийни тўлиқ истисно қилиб бўлмаслигини айтган эди.

Мавзуга оид