Жаҳон | 19:10 / 20.09.2025
8334
6 дақиқада ўқилади

Ҳизбуллоҳ Саудия Арабистонини Исроилга қарши бирлашган фронт яратишга чақирди

Ливандаги Ҳизбуллоҳ етакчиси Наим Қосим Саудия Арабистонини гуруҳ билан муносабатларда «янги саҳифа очишга» ва Исроилга қарши бирлашган фронт яратишга чақирди. Шунингдек, Ҳизбуллоҳ етакчиси қуроллардан воз кечмаслигини яна бир бор такрорлади.

Фото: WSJ

19 сентябрь куни Ливандаги Ҳизбуллоҳ гуруҳи Саудия Арабистонини ўзи билан муносабатларда «янги саҳифа очишга» чақирди. Гуруҳ ўтган низоларни ҳал қиладиган ҳамда келажак манфаатларини таъминлайдиган мулоқотни ёқлашини билдирди.

Ушбу мурожаатни гуруҳнинг амалдаги раҳбари Наим Қосим 2024 йилда 20 сентябрда Исроил томонидан Ҳизбуллоҳ собиқ ҳарбий қўмондони Иброҳим Ақил ва бошқа раҳбарлари ўлдирилганининг бир йиллигига бағишланган телемурожаатда айтиб ўтди. Наим Қосим Саудия Арабистони билан мулоқот учун учта тамойилни белгилади:

  • низолар ва хавотирларни ҳал қилиш;
  • Исроилни қаршилик эмас, балки душман сифатида тан олиш;
  • Исроилга қарши туришга эътибор қаратиш учун ўтган келишмовчиликларни ҳозирча музлатиб қўйиш.

У бутун минтақа «хавфли бурилиш нуқтасида» турганини огоҳлантириб, Исроилнинг Доҳада ҲАМАС раҳбариятига қарши уюштирган ҳужуми минтақавий контекстни ўзгартириб юборганини айтди.

«Юмшоқ уруш, санкциялар ва “Иброҳим келишувлари“ АҚШ ва Исроил кутган тезкор ва ҳал қилувчи ғалабани таъминлай олмади, шу сабаб улар учун геноцид ечимга айланди», дея Қосимнинг сўзларини келтирмоқда Al-Jazeera. Қосимнинг таъкидлашича, Исроилнинг мақсадлари Фаластиндан ташқари Ливан, Иордания, Миср, Сурия, Ироқ, Саудия Арабистони, Яман ва Эронни ҳам қамраб олади.

Наим Қосим / Фото: AlManar TV

Шунингдек, Наим Қосим Ҳизбуллоҳ қуроллари «фақат Исроилга қаратилгани, Саудия Арабистони ёки дунёнинг бошқа ҳеч бир томонига эмас»лигини урғулади. Унинг таъкидлашича, гуруҳга босим ўтказиш «Исроил учун соф ютуқ», Ҳизбуллоҳнинг йўқлиги эса бошқа араб давлатларини ҳам хавф остига қўяди.

Саудия билан муносабатларнинг ёмонлашуви

Reutersʼнинг ёзишича, бу мурожаат йиллар давомида Риёд ва Ливан ўртасидаги муносабатларни кескинлаштирган душманликдан кейин янгради.

Саудия Арабистони ва бошқа Форс кўрфази давлатлари 2016 йилда шиа Ҳизбуллоҳни террорчи ташкилот деб белгилаган эди. Саудия Арабистони бир пайтлар Ливанга миллиардлаб маблағ сарфлаб, Марказий банкка депозит қўйган ва 2006 йилги Ҳизбуллоҳ-Исроил урушидан кейин жанубни қайта қуришга ёрдам берган эди. Аммо вақт ўтиши билан гуруҳ Эрон ёрдами орқали Ливан ва минтақада янада кучайиб борди.

Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон

Муносабатлар 2021 йилда кескин ёмонлашди: Саудия Арабистони Ливан элчисини подшоҳликдан чиқариб юборди, ўз элчисини чақириб олди ва Ливан маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлади. Саудия давлат ОАВларида эълон қилинган баёнотда Ҳизбуллоҳ Ливан давлатининг қарор қабул қилиш жараёнларини назорат қилаётгани айтилган эди.

Ўша пайтда Ҳизбуллоҳнинг собиқ бош котиби Ҳасан Насруллоҳ эса Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонни «террорчи» деб атаган ва Саудия Арабистонининг Яман урушидаги ролини кескин танқид қилган эди.

Гуруҳга босимлар

Сўнгги ойлар ичида Риёд, Вашингтон ва Ҳизбуллоҳнинг Ливандаги рақиблари Ливан ҳукуматига босим ўтказиб, гуруҳни қуролсизлантиришга уринмоқда. Ҳизбуллоҳ эса ўтган йили Исроил билан бўлган урушда жиддий заифлашган эди.

Хусусан, АҚШнинг Туркиядаги элчиси ва Сурия бўйича вакили Том Баррак шу йил июнь ойида Ливандаги барча нодавлат қуролли тузилмаларни, жумладан Ҳизбуллоҳни ҳам, қуролсизлантириш эвазига Исроилнинг босиб олинган чегара нуқтасидан чиқиб кетиши ва қайта қуриш учун маблағларни ечиб беришни таклиф қилганди.

Том Баррак / Фото: Anadolu

Anadolu нашрининг ёзишича, август ойида Ливан ҳукумати барча қуролларни, жумладан Ҳизбуллоҳни ҳам, давлат назоратига ўтказиш режасини тасдиқлади. Ушбу режани 2025 йил охиригача амалга ошириш армияга топширилди. Ҳукумат 5 сентябрда армиянинг режасини маъқуллади, лекин унинг мазмунини сир сақламоқда.

Ҳизбуллоҳ эса қуролсизланишни қатъиян рад этиб, гуруҳ Исроил чиқиб кетмагунча, ҳужумларни тўхтатмагунча, маҳбусларни озод қилмагунча ва қайта қуриш бошланмагунча ўз қуролларини сақлаб қолишини айтиб келмоқда.

Хусусан, 19 сентябрдаги мурожаатида ҳам Наим Қосим Ҳизбуллоҳнинг «куч позициясидан» туриб мулоқот таклиф қилаётганини ва партия қуролларидан воз кечмаслигини яна бир бор такрорлади.

Фото: Reuters

Шунингдек, у Ливан ҳукумати ва парламентдаги бирликни таъминлаш, сайловларни ўз вақтида ўтказиш, ислоҳотларни тезлаштириш, коррупцияга қарши курашиш ва миллий хавфсизлик стратегияси устида келишишга даъват этди. Қосимнинг сўзларига кўра, Исроил ҳужумларига қарши курашиш масъулияти ҳукумат зиммасида бўлиб, Ҳизбуллоҳ эса Ливан армияси билан биргаликда ҳаракат қилишга тайёр.

Исроил-Ҳизбуллоҳ уруши

2023 йил октябрида Ғазодаги уруш фонида Исроил ва Ливандаги Ҳизбуллоҳ ўртасида чегара тўқнашувлари бошланган эди. Дастлаб артиллерия ва ракета зарбалари билан чекланган жанглар 2024 йил сентябрга келиб тўлиқ миқёсли урушга айланиб кетди.

2024 йил сентябрда Исроил кенг кўламли ҳужум бошлади, Ҳизбуллоҳнинг жанубий Ливандаги таянчларига зарба берди. Ҳизбуллоҳ ўз навбатида Исроил шимолидаги шаҳарларга юзлаб ракета ва дронлар учирди.

Фото: CNN

Урушда 4 мингдан ортиқ одам нобуд бўлди, қарийб 17 минг киши яраланди. Инфратузилма ва уй-жойлар жиддий зарар кўрди. Исроил зарбалари натижасида Ҳизбуллоҳ бош котиби Ҳасан Насруллоҳ ва бошқа юқори даражадаги қўмондонлар ўлдирилди.

2024 йил ноябрида ўқ отишни тўхтатиш келишуви тузилди. Сулҳга кўра, Исроил жанубий Ливандан чиқиб кетиши керак эди, аммо фақат қисман қўшинларини олиб чиқди ва айрим чегара постларида ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолмоқда.

Уруш Ҳизбуллоҳни заифлаштирди, аммо гуруҳ қуролсизланишдан бош тортди. Исроил эса ҳудудий назоратни тўлиқ амалга ошира олмади. Можаро минтақада кучлар мувозанатини ўзгартирди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид