Соғлом ҳаёт | 18:25 / 22.09.2025
301
3 дақиқада ўқилади

Гел ва кукун қолдиқлари – зарарли: идишларни яхши чаймаслик организмда касаллик келтириб чиқариши мумкин

Бугунги кунда деярли ҳар бир хонадонда идиш-товоқларни ювиш учун турли хил кимёвий воситалар – гел, кукун (порошок) ёки капсулалардан (идиш ювиш машиналарида) фойдаланилади. Улар ёғларни тез йўқотиши, идишларни ялтиратиб қўйиши билан қулай. Бироқ мазкур воситалар таркибидаги кимёвий моддалар соғлиқ учун хавфли бўлиб, идишлар яхши чайилмаганда моддалар сиртда сақланиб қолиши ва организмга тушиб, танани зарарлаши мумкин. Мутахассислар идиш-товоқларни кимёвий воситалар билан юваётганда диққатли бўлиш, уларнинг ўрнига табиий маҳсулотлардан фойдаланишни тавсия этади.

Гел ва кукунларнинг таркибида фосфат, сурфактант, хлор ва ифор улашувчи турли атир аралашмалари бўлади. Бу моддалар идиш юзасидаги ёғ ва кирни тезда кетказиш учун қўшилади. Аммо идиш-товоқ яхши чайилмаса, кимёвий моддаларнинг микроскопик қолдиқлари юзада қолиши мумкин. Натижада зарарли моддалар таом билан бирга ошқозонга тушиб, соғлиқ учун хавф туғдиради.

Сурфактантлар ёғни эритишда самарали, лекин улар тўлиқ ювилиб кетмаса, томоқ, ҳалқум, ичак ва ошқозондаги шиллиқ қаватни яллиғлаши, аллергия чақириши эҳтимолдан холи эмас.

Идиш ювиш воситалари таркибидаги фосфатлар сувни юмшатиш орқали ювиш сифатини яхшилайди, аммо организмга тушганда ичак микрофлорасини бузиши ва жигар-буйракларга юклама бериши мумкин.

Хлорли аралашмалар дезинфекция учун самарали бўлса-да, қолдиқ сифатида қолганда ошқозон-ичакни зарарлайди. Атир моддалар эса таом билан бирга ютилганда аллергик реакцияларни қўзғатиши мумкин.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, идишдаги қолдиқлар кўпинча кўзга кўринмайди. Айниқса, пластик ёки ёриқ идишларда улар тезроқ тўпланади. Шу сабабли кўпчилик идишни тоза деб ўйлаб, кимёвий моддалар қолган идишдан фойдаланади. Ушбу ҳолат узоқ муддатда жигар, буйрак, ошқозон ва иммун тизимини бузади. Бу жараёнда энг кўп зарар кўрадиган аъзолар – жигар ва буйрак. Улар токсинларни чиқаришга мажбур бўлиб, аста-секин чарчайди ва фаолияти сусаяди.

Бундан ташқари, кимёвий моддалар мунтазам равишда организмга тушса, ичак микрофлораси бузилиши, аллергия, гастрит ва ҳатто сурункали касалликларнинг ривожланиш хавфи ортади.

Болалар ва ҳомиладор аёллар учун бундай хавф икки баравар юқори. Гўдакларнинг иммунитети заиф бўлгани учун танаси кимёвий қолдиқларга сезгир бўлади. Ҳомиладор аёллар организмида эса бундай моддаларнинг тўпланиши эмбрион ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Мутахассислар идиш-товоқни фақат бир марта эмас, камида икки-уч марта чайиш кераклигини таъкидлайди. Иссиқ сув ёғ ва қолдиқни тезроқ кетказади. Агар имкон бўлса, идиш ювишда оддий хўжалик совуни, сода ёки хантал кукунидан фойдаланиш тавсия этилади. Бундай табиий воситалар организм учун хавфсизроқ ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin