Ўзбекистон | 19:51 / 24.09.2025
4072
3 дақиқада ўқилади

“Навоийазот” АЖнинг аммиак цехи фаолияти суд қарори билан вақтинча тўхтатилди

Бу Навоий шаҳри ва атрофидаги ҳудудлар ҳавосининг ифлосланиши билан боғлиқ. Ҳозирда ҳудуд атмосферасига салбий таъсир кўрсатувчи 22 та корхона ва цех фаолиятини тўхтатиш юзасидан иқтисодий судларга даъво аризалари киритилган.

Фото: Видеодан кадр

“Навоийазот” АЖ ва Кармана туманида жойлашган “Согда кимё завод” МЧЖга қарашли учта цех фаолияти суд қарори билан вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Навоий вилояти Экология бошқармаси ҳамда бошқа мутахассислар томонидан Навоий шаҳри ва Кармана тумани атрофидаги I ва II тоифали корхоналар, шунингдек, ҳудуддаги оҳак пишириш хумдонлари фаолияти ўрганилган. Назорат тадбирлари давомида 22 та корхона экологик талабларга зид тарзда фаолият олиб бораётгани аниқланган. Қарор асосида ушбу корхоналар фаолиятини тўхтатиш юзасидан тегишли чоралар кўрилган ва 25 нафар масъулларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал қилинган.

Бундан ташқари, атмосферага салбий таъсир кўрсатувчи 22 та корхона ёки цехлар фаолиятини тўхтатиш юзасидан иқтисодий судларга даъво аризалари киритилган. Мазкур даъво аризаларидан 20 таси Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилиб, 19 таси қаноатлантирилган.

Жумладан, суд қарори билан “Навоийазот” АЖнинг 23-цехи (аммиак) фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, Кармана туманида жойлашган “Согда кимё завод” МЧЖга қарашли учта цех фаолиятига ҳам Кармана туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига асосан вақтинча чек қўйилган.

Рейд тадбири давомида 92 та ноқонуний, яъни қўлбола усулда қурилган оҳак пишириш хумдонлари аниқланиб, тегишли ташкилотлар иштирокида тўлиқ буздирилган.

Эслатиб ўтамиз, 13, 19, 21 ва 22 июл кунлари Навоий шаҳрини ўткир ҳидли қалин тутун қоплаб, одамларда йўтал ва бошқа асоратларни келтириб чиқарган. “Навоийазот” бир неча бор баёнотлар бериб, бу тутунга заводнинг алоқаси йўқлигини маълум қилди. Заводда ўрнатилган камера тасвирларидан чангсимон тутун собиқ электрокимё заводи ўрнида қурилган корхоналардан чиқаётганини кўриш мумкин. Вилоят Экология бошқармаси аввалига ҳолат бўйича “Навоийазот”ни айблаётган эди, лекин компаниянинг қатъий раддияларидан кейин экология органи асл сабабчиларни қидиришга киришганди. Ҳолатни ўрганган Экология вазирлиги ҳудудда ҳавони ифлослантирган 20 дан ортиқ корхона фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинганини билдирганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид