Нима сабабдан блефаропластикага эҳтиёж туғилади?

Йиллар ўтиши билан кўз атрофидаги ҳудудда ўзгаришлар бошланади. Тери юпқалашади, эластиклигини йўқотади, мушаклар бўшашади, ёғ тўпланмалари жойидан силжийди. Натижада юқори қовоқлар пастга осилиб тушади, пастки қовоқ остида эса “сумкалар” ҳосил бўлади. Шу ҳолат инсонни чарчаган, ғамгин кўрсатади.

Мазкур жараённинг биринчи сабаби — табиий қариш. Қариш ҳаётий мувозанатнинг секин, лекин узлуксиз ўзгаришидир. Ҳар куни тери коллаген ишлаб чиқаришни бироз камайтиради, суяк ва мушак тизими эса секин-аста ўз шаклини ўзгартиради. Айниқса, кўз атрофидаги нозик тери мазкур жараёнга нисбатан сезгир бўлади. Бунинг таъсирида йиллар давомида юзда “осилган” қовоқлар, ажинлар ҳамда ёрқинликни сўндиришга мойил ифода пайдо бўлади. Шу боис, блефаропластика, яъни кўз қовоқларини ёшартириш амалиёти табиий кўринишни қайтариш усули сифатида қўлланади.

Иккинчи омил — генетик мойиллик. Баъзан кўз қовоғидаги муаммолар йиллар ўтиши ёки қарилик келиши билан боғлиқ бўлмайди. Айрим инсонларда ёшлигидан кўз остида ёғ тўпланиши, шишлар ёки қош остидаги терининг қовоқ устига осилиб туриши (hooded) каби ҳолат кузатилади. Бундай анатомик хусусиятлар наслдан наслга ўтади ва эстетик жиҳатдан кўзни торайтириб, юз ифодасини бироз “оғирлаштириб” кўрсатади. Шу каби вазиятларда блефаропластика ёш беморлар учун юз пропорциясини мувофиқлаштирувчи ечим ўрнида тавсия этилади.

Учинчи сабаб — функционал омиллар. Кўпчилик блефаропластикани фақат ташқи кўринишни сайқаллаш ва гўзаллашиш амалиёти деб билади, аммо айрим ҳолларда у тиббий заруратга айланади. Қовоқлардаги ортиқча тери ёки ёғ тўпланмалари кўзнинг юқори қисмини ёпиб, кўриш майдонини чеклайди. Оқибатида инсон тез чарчайди, бош оғриғи пайдо бўлади, ҳатто кўз атрофи мушаклари зўриқиб қолади. Бундай пайтда блефаропластика қулайлик ва соғлом кўриш учун мўлжалланган жарроҳлик амалиётига айланади.

Блефаропластика турлари ва фарқлари

Юқори қовоқ блефаропластикаси (upper blepharoplasty). Кўзнинг юқори қисмидаги ортиқча тери ва баьзида преапоневротик ёғ пуфакчаларини олиб ташлаш ёки тартибга солиш орқали амалга оширилади. Ушбу амалиётдан асосий мақсад қовоқ “осилишини” камайтириб, кўзни очиқроқ, ифодали кўрсатиш ва зарур ҳолларда кўриш майдонини кенгайтириш.

Пастки блефаропластика. Бу кўз остидаги “сумкалар”ни ва ортиқча терини бартараф этишга қаратилган жарроҳлик амалиётидир. Ушбу “сумкалар” аслида жойидан силжиган ёки ташқарига чиқиб қолган ёғ тўпланмалари ҳисобланади. Амалиётнинг асосий мақсади кўзости соҳасини силлиқроқ, ёшроқ кўрсатишдир. Мазкур жараёнда икки хил ёндашув қўлланади: