Жамият | 19:49 / 19.10.2025
6138
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 9 ойда 27 мингдан ортиқ никоҳ бекор қилинди

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 472 932 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 365 164 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган, 56 804 таси бўйича талабларни қаноатлантириш рад қилинган, 45 682 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган.

Ўзбекистонда 2025 йилнинг ўтган 9 ойи давомида судларга никоҳдан ажратиш бўйича 52 мингдан ортиқ ариза берилган, 27 мингдан ортиқ никоҳ бекор қилинган. Бу ҳақда Олий суднинг шу даврда судлар томонидан кўриб чиқилган фуқаролик ишлари юзасидан берган ахборотида маълум қилинди.

Олий суд ахборотига кўра, ўтган 9 ой давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 8,2 трлн. сўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар)ни ундириш ҳақида 1 135 823 та суд буйруғи чиқарилди.

Шунингдек, 472 932 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 365 164 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган бўлса, 56 804 таси бўйича талабларни қаноатлантириш рад қилинган, 45 682 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, 5 282 таси бўйича ишни юритиш тугатилган.

Кўриб тамомланган фуқаролик ишларидан 151 519 таси битимлар, 52 507 таси никоҳдан ажратиш, 19 493 таси уй-жой муносабатлари, 14 595 таси алоҳида тоифадаги ишлар, 9 116 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш, 2 835 таси оталикни белгилаш билан боғлиқ ва бошқа тоифадаги ишлар ташкил қилади.

Никоҳдан ажратишга оид кўриб тамомланган ишларнинг 27 578 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 18 430 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган), 4 658 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 1 841 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

2 375 та ишга тиклашга доир кўриб тамомланган ишларнинг 1 053 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 911 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган, 361 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 50 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 9 672 та иш кўриб чиқилган.. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 720 та қарор бекор қилиниб, 587 та суд қарори ўзгартирилган. Кассация тартибида 6 357 та иш кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 243 та қарор бекор қилиниб, 541 та суд қарори ўзгартирилган. Тафтиш тартибида 4 267 та иш кўриб чиқилган. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 363 та қарор бекор қилиниб, 106 та суд қарори ўзгартирилган.

Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 257 та иш кўриб чиқилган. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 130 та қарор бекор қилиниб, 35 та суд қарори ўзгартирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид