Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ойдаги чанг Ерда сувнинг келиб чиқиши ҳақидаги версияни ўзгартирди
Ойнинг орқа томонидан «Чанъэ-6» автоматик станцияси орқали Ерга етказилган тупроқ намуналарида ниҳоятда кам учрайдиган модда излари — миллиардлаб йиллар олдин табиий йўлдошга қулаган метеорит фрагментлари аниқланди. Топилма сайёрадаги сувнинг келиб чиқиши ҳақидаги тасаввурларни ўзгартириши мумкин.
Фото: Shutterstock
2019 йилда «Чанъэ-4» хитой аппарати Ойнинг орқа томонига илк марта юмшоқ қўнишни амалга ошириб, кейинги миссиялар учун замин яратди — бор-йўғи беш йил ўтиб «Чанъэ-6» станцияси Ерга деярли икки килограмм Ой тупроғини етказди. Уни ўрганиш табиий йўлдошнинг икки томони ўртасида сезиларли фарқлар борлигини кўрсатди: орқа томон кўринадиган томонга нисбатан совуқроқ, Жанубий қутб — Эйткен деб аталадиган энг йирик ҳавза атрофида эса Ерга доим қараб турган томон мантиясига нисбатан сув анча кам экани маълум бўлди.
Ойнинг орқа томонидан олинган тупроқ намунасини ўрганар экан, Гуанчжоу геохимия институти (Хитой) олимлари И-Ган Сюй ва Ман Лин раҳбарлигидаги халқаро тадқиқот гуруҳи улар таркибида метеорит келиб чиқишига эга микроскопик бўлаклар бирикмасини аниқлади. Жами ҳолда олимлар минералогик ёки кимёвий жиҳатдан ўзгарган намуна ва бошланғич реголит бўлакларини 50 микрометрдан кичик ўлчамда саралаб олди.
PNAS журналида эълон қилинган илмий иш натижаларига кўра, чангнинг айрим доналари Қуёш тизимининг энг «тоза» ва энг қадимги жисмларидан бири саналган CI-хондритлардан келиб чиққан. Улар таркибида 20 фоизгача сув, шунингдек, органик бирикмалар мавжуд. Ерда бундай объектлар кам учрайди: жуда мўрт бўлгани учун атмосферада сақланиб қолиши қийин. Аммо ҳавосиз Ойда уларнинг фрагментлари миллиардлаб йиллар давомида сақланиб қолган бўлиши мумкин.
Намуналарнинг кимёвий таркибини электрон микроскопия орқали таҳлил қилиб, алоҳида чанг доналарида кислороднинг уч карра изотопларини ўлчаган тадқиқотчилар темир, марганец ва цинкка бой оливин кристалларини сақлаган еттита жуда майда бўлакни аниқлади — бу минерал вулқон жинслари, метеоритлар ва импакт эриғларида кўп учрайди. Кейин танланган фрагментларда темир, марганец ва цинк нисбатлари ўлчанди ва модданинг Ойдан ҳам, Ердан ҳам келиб чиқиши инкор этилди: бу кристаллардаги цинк миқдори Ой жинсларига нисбатан юзлаб марта юқори экани маълум бўлди.

Бундан ташқари, изотоп хусусиятлари ва кимёвий нисбатлар Ерга етказилган «Хаябуса-2» япон ва OSIRIS-REx америка миссиялари намуна олган Бенну ва Рюгу наздегина астероидлари материаллари билан тўлиқ мос келди.
Ой чанги намуналаридаги CI-хондрит фрагментлари айнан учувчан моддаларга бой шундай астероидлар сув ва органика етказиб беришда — фақат Ойга эмас, балки Ерга ҳам — ҳал қилувчи рол ўйнагани ҳақидаги гипотезани тасдиқлайди. Илмий иш муаллифлари таъкидлашича, тўрт миллиард йилдан ортиқ вақт аввал, кучли метеорит бомбардимони даврида, Қуёш тизимининг ички қисмига оқиб кирган углеродли жисмлар илгари ўйланганидан кўра кўпроқ бўлган бўлиши мумкин.
Кейинги тадқиқотлар ушбу фрагментлар ёрдамида сув ва органик моддалар Қуёш тизими жисмлари ўртасида қандай миграция қилганини кузатишга ва сайёрада ҳаёт пайдо бўлиши учун қулай шароитлар қай тарзда шаклланганини яхшироқ англашга ёрдам беради.
Мавзуга оид
18:30 / 30.11.2025
Орол денгизининг қуриган тубида илмий-тадқиқот станцияси иш бошлади
07:15 / 22.11.2025
Ердан ташқари океанлар: Қуёш тизимида сувнинг асосий захираси қаерда?
07:16 / 20.11.2025
Инсон фаолияти туфайли Ернинг айланиш ўқи 80 смга силжигани аниқланди
03:05 / 16.11.2025