Жаҳон | 11:27 / 02.11.2025
13754
6 дақиқада ўқилади

“Буревестник” — ўтган асрнинг 50-60 йиллар ғояси, унинг нимаси ноёб? | “Геосиёсат”

Россия бирин-кетин “Супер қуроллар” синовини ўтказганини даъво қилди. Хўш, синовларнинг айни шу фонда ўтказилиши, Путиннинг мақсади ва бу ракетанинг реал ҳарбий салоҳияти аслида қандай?

Мавзулар муҳокамаси – Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Путин айтганидек, “Буревестник” дунёда ҳеч кимда йўқ ноёб маҳсулотми?

Анвар Йўлдошев: “ Буревестник ядро реактори билан жиҳозланган ракета, аслида ядро двигатели ёрдамида узоқ вақт (Россиянинг қуролли кучлари бош штаби бошлиғи, генерал Валерий Герасимовга кўра, ракета 21 октябр куни ўтказилган синовда 14 000 км масофага учган ва тахминан 15 соат ҳавода бўлган) давомида парвоз қила оладиган қурилма. Бундай ғоя 1960–70 йилларда ҳам АҚШ ва Совет Иттифоқида тадқиқ этилган эди. Масалан, АҚШ “Плутон” лойиҳасини бошқатдан кўриб чиққан, лекин хавфсизлик ва назорат масалалари сабабли тўхтатилган. Реакторли ракеталарни назорат қилиш қийин ва йўл давомида портлаш ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар хавфи бўлиши мумкин, айнан шу хавфсизлик муаммолари кўплаб давлатларни ушбу йўналишдан қайтарган. Сўнгги вақтларда эса бу мавзу яна долзарб бўлиб, 2018 йилда Россия президенти Владимир Путин Думадаги мурожаатида “Буревестник”, “Посейдон”, “Сармат” каби янги кучайтирилган тизимларни тезроқ ривожлантириш топшириғини берган. Ҳозирги пайтда шу турдаги лойиҳалар амалга оширилмоқда, лекин улар анъанавий Tomahawkʼдан фарқ қилади. Назорат ва кузатув жиҳатидан эса ер усти ҳаво мудофаа тизимлари бундай ракеталарни ушлаб қолишда чекланган бўлиши мумкин, айниқса узоқ ва баланд траекторияларда. Бунинг учун космик кузатув ва алоқа воситалари, жумладан, сунъий йўлдош тармоқлари (масалан, Илон Маскнинг тизимлари каби) муҳим рол ўйнаши мумкин.

Камолиддин Раббимов: Бу ерда икки асосий савол мавжуд: биринчиси “Буревестник” ракетасининг техник хусусиятлари, иккинчиси эса муҳимроқ масала — Владимир Путиннинг бу ракета орқали қандай мақсадни кўзлагани ва бу кимга сигнал экани. “Буревестник” бу қанотли, ядро реактори билан ишлайдиган ракета. Мутахассислар таъкидлаганидек, у темирдан ясалган бўлиб, “кўринмас” (stealth) технологиясига эга эмас. Ракетани кузатиш нисбатан осон, чунки у тахминан 1000 км/соат тезликда учади, яъни 14 минг километр масофани 15 соатда босиб ўтган. Унинг асосий ютуғи — ҳавода жуда узоқ вақт, деярли чексиз парвоз қила олиш қобилиятидадир. Бу лойиҳа илк бор Хрушчёв давридаёқ бошланган бўлса-да, Россия сўнгги йилларда уни қайта фаоллаштириб, бир неча маротаба синовдан ўтказишга уринмоқда. Сўнгги 20 йил ичида ўн мартадан ортиқ синов ўтказилган, аммо улардан атиги иккитаси тўлиқ муваффақиятли бўлгани айтилади. Демак, техник жиҳатдан бу тизим ҳали мукаммал ишламаяпти. Сўнгги синовларга оид маълумотлар ҳам зиддиятли. Россия бош штаби Путинга “Буревестник” синовдан муваффақиятли ўтказилди” деган ҳисобот берган. Бу ҳолатни дунё давлатларидан фақат Норвегия тасдиқлаган, яъни у Россиянинг шимолидаги оролдан номаълум ракета учирилганини қайд этган, бироқ айнан қайси ракета экани ҳақида аниқ маълумот бермаган. Путин синовдан сўнг “ракета ядро реактори билан учирилганини” таъкидлаган. Аммо орадан икки кун ўтиб, Доналд Трамп “АҚШ ҳам ядровий синовларни ўтказади” деган баёнот билан чиққач, Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков бу сўзларни рад этди. Унга кўра, “синовда ядровий каллак ишлатилмаган, ракета ичида ядро компоненти йўқ эди, бу фақат корпус синови бўлган”. Путин ва Песков баёнотлари икки хил оҳангда, яъни зиддиятли.

Шуҳрат Расул: 1960–70 йилларда АҚШ ва СССР қанотли ракеталар (у жумладан, “Буревестник”ка ўхшаш ғоялар) устида тадқиқот олиб борган. Ўша даврда бундай ракеталар тезлиги тахминан 875 км/соат атрофида бўлиб, товуш тўсиғидан (≈1235 км/соат) секинроқ эди. Шу сабабли улар ўша пайтдаги сверхзаковой (товушдан тез учувчи) самолётлар томонидан 2,5 баробар тезроқ ушланиб қолиши мумкин эди. Масалан, 1965 йилда СССР Су-19 самолётини қабул қилган, АҚШ эса “Сейбр” типидаги сверхзаковой самолётларга эга бўлган. Ҳар иккала томоннинг тезкор самолётлари ва мудофаа тизимлари бундай секин ракеталарни муваффақиятли йўқ қилиши мумкин эди, шу сабабли уларни қурол сифатида оммавий қўллаш мақсадга мувофиқ эмаслиги учун ишланмалардан воз кечилган. Яна бир муҳим жиҳат, бундай ракеталар учиб ўтган жойда из қолдиради (радиацион из қолдириши), бу эса уларни топиш ва кузатишни осонлаштиради. Бугунги кунда ҳам уларни космик кузатув ёки махсус радиацион мониторинг самолётлари орқали аниқлаш мумкин, шунингдек, ер усти радар тизимларида ҳам сезилади. Агар ракета паст баландликда учса, уни ҳатто катта калибрли пулемёт билан ҳам йўқ қилиш мумкин. Шу боисдан ҳам айрим экспертлар ҳозирги баёнотларни ёлғон ёки пропаганда сифатида кўришади. Бундай баёнотлар геосиёсий босим сифатида фойдаланишга уриниш. Сўнгги воқеалар фонида эса АҚШ томонидан ҳам ядровий синовларни муҳокама қилиш ҳақидаги баёнотлар эшитилди; буни Кремл расмийси Песков эса юмшатишга ҳаракат қилиб, синовлар ҳақидаги баъзи иддаоларни рад этди. Бошқа томондан, ҳақиқий ядровий синовлар жуда қиммат ва техник жиҳатдан талабчан жараён бўлиб, уларни ўтказиш ҳам катта ресурсларни талаб қилади; айниқса бугунги иқтисодий шароитларда бу ҳар доим ҳам Россия учун осон эмас.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид