Соғлом ҳаёт | 17:25 / 03.11.2025
1914
8 дақиқада ўқилади

Ботокс, филлер, мезотерапия, биоревитализация: кимга, қачон ва нима учун керак?

Бугунги кунда гўзаллик тушунчаси бутунлай ўзгаряпти. Энди мақсад юзни “қотириб қўйиш”, ортиқча ва баланд ёноқлар, “шиширилган” лаблар, сунъий шакллар яратиш ёки “Instagram филтри”га ўхшаш қиёфа ҳосил қилишдан иборат эмас: дунё тренди табиийлик, тери саломатлиги ва мимикани сақлашга йўналяпти. Бу борада Ўзбекистон косметология бозорида ҳам ботокс билан бир қаторда бошқа турдаги эстетик муолажалар қўлланяпти. Ушбу мақолада уларнинг тавсифи, организмга таъсири, қандай пайтда қўллаш кераклиги ва ўзаро фарқи таҳлил қилинади.

Косметологияда тобора табиийлик қадрлана бошлаяпти. Терини соғлом сақлаш, мимикани йўқотмаган ҳолда ёш кўриниш ва табиий чиройни асраб қолишга қаратилган процедуралар шакли ўзгаряпти. Шу жараёнда энг кенг қўлланаётган уч муолажа ботокс, филлер ва мезотерапиядир. Уларнинг ҳар бири ўзига хос таъсир механизми ва қўлланиш мақсадига эга бўлиб, тўғри танланганда юз чизгиларини табиий равишда жонлантиришга ҳисса қўшади.

Ботокс (ботулинум тохин)

Мимик ажинлар билан курашишда қўлланадиган энг машҳур муолажалардан бири. У мушакларга борадиган сигнални вақтинча тўхтатади, натижада улар ортиқча қисқармайди ва пешона ҳамда кўз атрофидаги ажинлар юмшайди, юз янада силлиқ кўринади. Мазкур процедура юз мушакларига “дам” бериб, чарчоқ таъсирини камайтиради. Тўғри доза, яъни меъёрдаги ботокс юзни “қотириб қўймайди”, аксинча, табиий мимикани сақлаган ҳолда юздаги кескин ўзгаришлар ва чарчоқни камайтиради. Одатда, 25 ёшдан бошлаб профилактик мақсадда қўлланади, негаки эрта бошланган косметологик ёндашув келажак йиллардаги чуқур ажинларнинг олдини олади.

Филлер

Тўқималарга ҳажм ва шакл берувчи, жел кўринишидаги модда бўлиб, гиалурон кислота асосида тайёрланади. Унинг вазифаси юз қисмини катталаштириш эмас, йўқолган ҳажмни тиклаш, юзнинг табиий контурини қайта шакллантириш ва симметрияни яхшилаш ҳисобланади. Филлер лаб, ёноқ, жағ чизиғи, бурун шаклини коррекциялаш ёки кўз ости чуқурлигини камайтиришда ишлатилади. Тўғри бажарилган филлер муолажаласи натижаси бошқаларга сезилмайди: одам шунчаки соғломроқ, тетикроқ кўринади. Мазкур процедура 21 ёшдан кейин зарурат бўлганда амалга оширилади.

Мезотерапия

Тери ўрта қатлами (мезодерма)га кичик дозаларда витамин, аминокислота, минераллар, гиалурон кислотаси ва бошқа фойдали моддаларни юбориш муолажаси. Оддий қилиб айтганда, мезотерапия тери учун “витамин уколи” ҳисобланади. Бу усул терининг рангини яхшилайди, сарғайишни камайтиради, майда ажинларни юмшатади, эластикликни оширади ва қон айланишини рағбатлантиради. Шунингдек, мезотерапия соч тўкилиши, бош териси муаммолари ва енгил пигментация ҳолатларида ҳам фойдалидир. Мутахассис тавсиясига кўра, бир нечта сеансда (3–6 марта) амалга оширилади ва натижа босқичма-босқич сезилади.

Биоревитализация

Терини чуқур намлаш ва регенерация қилишга қаратилган муолажа бўлиб, гиалурон кислотаси эритмаси орқали бажарилади. Унинг асосий вазифаси терини ичкаридан озиқлантириш, эластикликни ошириш, ялтиратиш ва майда ажинларни юмшатишдан иборат. Биоревитализация терининг табиий янгиланиш жараёнини рағбатлантиради ва юзга соғлом, тетик кўриниш беради.

Мезотерапия ҳам, биоревитализация ҳам 20–25 ёшдан бошлаб тавсия этилади. Сабаби, бу ёшдан терининг намлик даражаси ва эластиклиги аста-секин камаяди, шунинг учун профилактик ва тикловчи муолажалар айни муддао ҳисобланади.

Қўлланиши

Ҳолат

Муолажа

Техника

Мимика ажинлари

Ботокс

Мушакни бўшатиш

Юз ҳажми етишмаслиги

Филлер

Тўқимага ҳажм қўшиш

Тери сифати ёмонлашиши

Мезотерапия

Терини озиқлантириш ва витаминлар билан тўйинтириш

Тери қуриб, эластиклиги пасайиши ёки майда ажинлар пайдо бўлиши

Биоревитализация

Терини чуқур намлаш ва тиклаш

Таъсир муддати

Ботокс таъсири 6 ойгача давом этади, шундан сўнг мушак фаолияти аста-секин ўз ҳолига қайтади, ажинлар яна сезила бошлайди. Юздаги натижани сақлаш учун қайта муолажа талаб қилинади.

Филлернинг танада сақланиш муддати 6–18 ой (филлер турига боғлиқ) давом этади. Натижа вақт ўтиши билан пасаяди, юз контурини сақлаш мақсадида қайта муолажа зарур бўлади.

Мезотерапия таъсири 1–3 ой давомида сезилади, шу сабабли курсли даволаш ва даврий сеанслар олиш тавсия этилади.

Биоревитализация самараси 6–12 ойгача етади, ёшлик эффектини ушлаб туриш учун қайта муолажа керак бўлади.

Қисқа қилиб айтганда, ҳар бир процедура маьлум муддатгача таъсир кўрсатади, организм табиий жараёнларга эга бўлгани сабаб ёт моддани вақт ўтиши билан ҳайдаб чиқаради. Натижани сақлаш учун даврий сеанслар зарур. Ҳар бир муолажа малакали косметолог назорати остида, индивидуал эҳтиёжга қараб танланиши муҳим. Тўғри қўлланганида улар юзни сунъий ўзгартириш эмас, табиий гўзалликни сақлаш, терини соғломлаштириш ва қариш жараёнини секинлаштиришга хизмат қилади.

Ножўя ҳолатлар

Ботокс, филлер, мезотерапия ва биоревитализация процедуралари эстетик жиҳатдан самарали бўлишига қарамай, баъзи ножўя таъсирларни юзага келтириши мумкин. Бу каби ҳолатлар ҳар бир инсон организмининг индивидуал хусусиятлари, иньекция техникаси ва препарат сифати билан боғлиқ. Препаратлар асосан маҳаллий таъсир кўрсатади, шунинг учун ички органларга зарар хавфи минимал ҳисобланади.

Ботоксдан кейин бош оғриғи, кўз қовоқларининг тушиши ва аллергик реакциялар кузатилиши эҳтимоли мавжуд. Ушбу ножўя таъсирлар препаратнинг мушаклар ичига нотўғри жойлаштирилиши ёки организмнинг индивидуал реакцияси сабабли пайдо бўлади.

Филлерлардан фойдаланилганда шиш, қизариш, оғриқ, қон тўпланиши ва аллергик реакциялар кузатилиши мумкин. Баъзан препарат қон томирни сиқиб қўяди ёки тери некрозини ҳосил қилади. Мазкур ҳолатлар иньекция техникасидаги хатолик, препарат сифатининг пастлиги ёки беморнинг индивидуал организм реакцияси билан боғлиқ.

Мезотерапияда қизариш, шиш, кичик қон тўпланиши ва инфекция хавфи мавжуд. Ушбу акс таъсирлар микроинъекция жараёнида стериллик қоидаларига риоя қилинмаганлик, инъекция чуқурлиги ёки бемор иммун тизими жавоби натижасида пайдо бўлади.

Биоревитализациядан сўнг қизариш, шиш, аллергик реакциялар ва инфекция кузатилиши мумкин. Ҳомиладорлик, лактация ёки тери касалликлари мавжуд бўлса, хавф янада ошади. Бу ҳолатлар ҳам препаратнинг танага индивидуал таъсири, техник хатолик ёки стерил шароитларнинг етарли эмаслиги оқибатида келиб чиқади.

Эҳтиёт чоралар:

  • Процедуралар фақат малакали ва сертификатланган мутахассислар томонидан амалга оширилиши керак;
  • Аллергик тестлар ва соғлик тарихини текшириш муҳим;
  • Жараёндан олдин ва кейин терини тозалаш, дезинфекция қилиш зарур;
  • Муолажадан сўнг қуёш нуридан сақланиш, иссиқ ванналар ва жисмоний фаолликни чеклаш тавсия этилади;
  • Агар шиш, қизариш ёки оғриқ давом этса, шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Мутахассис танлаш бўйича маслаҳатлар

  • Малака ва сертификатлар: мутахассис дерматолог, косметолог ёки эстетик тиббиёт бўйича сертификатга эга бўлиши керак. Ботокс, филлер, мезотерапия ва биоревитализация бўйича махсус курслар ва амалий тажриба бор бўлиши ҳам муҳим.
  • Тажриба: процедурани қанча йилдан бери амалга ошираётгани, аввалги беморлар натижалари ва шарҳлари билан танишиш лозим.
  • Стериллик ва хавфсизлик шароити: клиникада тоза ва стерил муҳит таъминланган бўлиши, ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва препаратлар сифатли ва сертификатланган бўлиши зарур. Акс ҳолда бактериал, вирусли ёки замбуруғли инфекциялар юқиб қолиши мумкин.
  • Консултация ва маслаҳат: процедурадан олдин шахсий консултация ўтказилиши, беморнинг соғлик ҳолати, аллергиялар, сурункали касалликлар ва контраиндикациялар муҳокама қилиниши керак;
  • Жавобгарлик ва шаффофлик: мутахассис сизни процедура жараёни, хавфлари ва натижаси ҳақида тўлиқ хабардор қилиши, ножўя таъсирлар юзага келганда қандай чора кўрилиши ҳақида маълумот бериши лозим.

Диёрахон Набижонова

Мавзуга оид