Ўзбекистон | 10:18 / 03.11.2025
2605
2 дақиқада ўқилади

Қурилишдан туризмгача: турк бозорида ўзбекистонликлар учун иш таклифи кўпаймоқда

Ўзбекистон ТИВ делегацияси Туркияга ташриф доирасида бир қатор маҳаллий иш берувчилар ва хусусий бандлик агентликлари билан учрашув ўтказди. Суҳбатларда фуқароларнинг қонуний бандлигини таъминлаш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш ҳамда бўш иш ўринларига уюшган ҳолда танлаш ва жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Туркия томони қурилиш, ишлаб чиқариш, уй хизматлари, сервис ва туризм йўналишларида 2 000 дан ортиқ бўш ўрин мавжудлигини маълум қилди.

Учрашувларда хусусий бандлик агентликлари вакиллари иштирок этди. Томонлар ўртасида Туркияда ўзбекистонлик фуқароларнинг қонуний бандлигига оид талаб ва тартиблар, тажриба алмашуви, шунингдек ишга жалб этиш жараёнларини шаффоф ва тизимли йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.

Фото: "Дунё" АА

Делегация аъзолари меҳнат миграциясини тартибга солиш, хавфсиз ва тартибли меҳнат шароитларини яратиш ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Туркия томони эса бозордаги эҳтиёж ва мавжуд вакансиялар рўйхатини тақдим этди.

Айниқса, Анталия шаҳрида фаолият юритаётган Mos İnsan Kaynakları İşkur Özel İstihdam Bürosu вакиллари ҳудуддаги 10 дан ортиқ меҳмонхоналарга мавсумий ишлар учун 500–1000 нафар ўзбекистонлик фуқарони жалб этиш имконияти мавжудлигини қайд этди. Шу билан бирга қурилиш, ишлаб чиқариш, уй хизматлари ва сервис соҳаларида ҳам талаб ортгани маълум қилинди.

Музокаралар давомида ишга танлаш ва жойлаштириш жараёнида кузатилаётган айрим камчиликлар муҳокама қилинди. Улар бўйича қисқа муддатда бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди ҳамда маълумот алмашувини тезкорлаштириш, ҳужжатлаштириш жараёнларини соддалаштириш ва фуқаролар учун маслаҳат-ахборот ёрдамини кучайтиришга келишиб олинди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид