Иқтисодиёт | 23:32 / 15.11.2025
5640
2 дақиқада ўқилади

Murad Buildings’нинг NRG қурилиш компаниясидаги улуши Қозоғистон компаниясига ўтади

Қозоғистонлик девелопер BI Group ва Murad Buildings NRG улушларини BI Group’га ўтказиш бўйича келишувга эришди. Битим суммаси ва шартлари ошкор этилмайди.

Фото: u-nrg.uz

Murad Buildings’нинг NRG қурилиш компаниясидаги улуши Қозоғистоннинг BI Group девелопер компаниясига ўтади. Бу ҳақда NRG матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, қозоғистонлик девелопер BI Group ва Murad Buildings “Great Silk Road Business Cooperation Forum” халқаро бизнес-форумида NRG улушларини BI Group’га ўтказиш бўйича келишувга эришди.

“NRG компанияси NRG-BI бренди остида ва BI Group маҳаллий бошқарув жамоаси билан ишлашни давом эттиради. Murad Buildings ўзининг ноёб лойиҳаларини ривожлантиришга эътибор қаратади”, дейилади хабарда.

Компания битим суммаси ва шартлари ошкор этилмаслигини билдирган.

“NRG мижозлари, ходимлари ва ҳамкорлари учун бу ўзгаришлар мажбуриятларнинг сақланиши ҳамда белгиланган йўналишнинг изчил давом этишини англатади. Хизмат кўрсатиш стандартлари такомиллаштирилади, амалдаги ва ишга туширилган лойиҳалар бўйича келишув шартлари ўзгармайди”, — дейилади компания хабарида.

“Беш йиллик ҳамкорлигимиз биз учун қимматли тажриба бўлди. Шу давр мобайнида NRG бир қатор муҳим ва бетакрор лойиҳаларни амалга оширди. Ишончим комилки, BI Group’даги ҳамкасбларимиз бошқаруви остида NRG бундан буён ҳам шундай тез ва сифатли қурилишни давом эттиради”, — дея изоҳ берган Murad Buildings асосчиси ва NRG ҳаммуассиси Мурод Назаров.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид