Ўзбекистон | 16:00 / 04.12.2025
639
4 дақиқада ўқилади
Реклама

PACT чиқиндидан фойда олиш бўйича Ўзбекистонда циркуляр иқтисодиётнинг янги моделини тарғиб қилмоқда

2025 йил 3 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган PACT ташаббусининг дастлабки босқичи бўйича ҳисобот учрашуви ўтказилди. Ушбу лойиҳа Global Environment & Technology Foundation (GETF) томонидан бошқарилади ва The Coca-Cola Foundation томонидан молиялаштирилади. Дастур мамлакатда пластик чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича илк марта комплекс — иқтисодий, ижтимоий ва экологик ёндашувни бирлаштирган моделни жорий этмоқда.

Фото: PACT

Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, халқаро ташкилотлар, экспертлар, маҳаллий стартаплар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Йиғилиш давомида Ўзбекистонда пластик чиқиндилар бўйича мавжуд вазият, инфратузилмадаги бўшлиқлар, лойиҳанинг амалдаги натижалари ва 2026 йил учун режалари батафсил кўриб чиқилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, мамлакатда истеъмол қилинаётган пластик миқдори йил сайин ортиб бормоқда, аммо чиқиндиларни ажратиш ва қайта ишлаш бўйича инфратузилма ҳали ҳам ривожланиш босқичида. Бир қатор ҳудудларда чиқиндилар аралаш ҳолда ташланади, махсус саралаш пунктлари етарли эмас, қайта ишлаш корхоналарига етиб борадиган PET миқдори эса мавжуд потенциалдан сезиларли даражада паст.

Тақдимотда қайд этилишича, аҳоли чиқиндини ажратиш муҳимлигини тушунса-да, қулай инфратузилма етишмаслиги сабабли бу жараён амалиётга тўлиқ татбиқ этилмаяпти. Натижада PET бутилкаларнинг катта қисми аралаш чиқинди оқими билан полигонларга юборилмоқда. Мутахассислар фикрича, саралаш маданиятини шакллантириш учун рағбатлантирувчи механизмларнинг етарли эмаслиги тизим ривожига асосий тўсиқ бўлиб турибди.

Шу боис Wasteless томонидан таклиф этилаётган инклюзив ва рақамли модел Ўзбекистон учун долзарб ечим сифатида баҳоланди. The Coca-Cola Foundation кўмагида Тошкентдаги саралаш пункти модернизация қилинди ва йиғилган материал озиқ-овқат учун яроқли PET сифатида қайта ишланиши йўлга қўйилди.

Платформага меҳмонхоналар, университетлар ва корхоналар уланиб, чиқиндиларни электрон рўйхатга олишни бошлади. Энг аҳамиятлиси, тизим норасмий йиғувчилар учун шаффоф тўлов механизмини яратиб, уларни расмий иқтисодий жараённинг бир қисмига айлантирмоқда.

Шунингдек, учрашувда The Coca-Cola Foundation’нинг Ўзбекистондаги кўп йиллик фаолияти ҳам тилга олинди. Компаниянинг глобал хайрия фонди барқарор ривожланиш ва экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бўлиб, Ўзбекистонда ўтган 15 йил давомида маҳаллий ва халқаро ННТлар билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳаларни амалга оширган. Бу давр мобайнида тахминан икки миллион долларлик грантлар ажратилиб, сув танқислиги мавжуд ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, аёллар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, COVID даврида гуманитар ёрдам кўрсатиш ва чиқиндиларни самарали қайта ишлаш каби йўналишлар қўллаб-қувватланган.

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодни ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Дилноза Камилованинг таъкидлашича, PACT ташаббуси айниқса шаҳар ҳудудларида чиқиндиларни тизимли ажратиш механизмини яратишда муҳим аҳамиятга эга.

“Бу лойиҳа нафақат экология, балки тупроқ сифати ва шаҳар инфратузилмасини тартибга солиш учун ҳам катта ёрдам беради. Ҳукумат ташаббусни қўллаб-қувватлайди ва бу йўналиш бўйича давлат ва хусусий секторда ҳамкорлик кенгайтирилади”.

Тошкентда ўтказилган учрашув шуни кўрсатдики, PACT ташаббуси пластикни фақат чиқинди сифатида эмас, балки иқтисод учун қимматли ресурс сифатида қайта талқин қилмоқда. Энг муҳими — бу модел жамият, бизнес ва давлат ҳамкорлигига асосланган бўлиб, инклюзив ва шаффоф қайта ишлаш тизимини яратишга хизмат қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров